Арманистон бош вазири Никол Пашинян 2021 йилда навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказилишига тайёрлигини маълум қилди.
“Парламентдаги ва парламентдан ташқаридаги манфаатдор кучларни 2021 йилда навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказишни муҳокама этишга таклиф қиламан”, – дея ёзди у Фейсбукдаги саҳифасида.
Шунингдек, Пашинян “халқнинг қарорига кўра” бош вазир лавозимидан кетиши мумкинлигини ҳам маълум айтди. Ўзининг таъкидлашича, у бош вазир курсисига ёпишиб олмаган. “Фақатгина халқнинг қарори билан бош вазир лавозимини бўшатишим мумкин. Халқ яна ишонч билдирадиган бўлса, бу мураккаб вазиятда Арманистонни бошқаришга ҳам тайёрман. Бу саволларга жавоб олишнинг ягона йўли бор – навбатдан ташқари парламент сайловини ўтказиш”, – деди Пашинян.
Жорий йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасида Тоғли Қорабоғ бўйича келишув имзолангач, Арманистонда Никол Пашинянга қарши норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишчилар Тоғли Қорабоғдаги мағлубият учун бош вазирни айблаяпти.