Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқ ва одатлари

749

(давоми, боши мана бу ерда)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ жамила ва одат шарифалари бутун оламга машҳурдир. Ҳаммадан ортиқ таъриф Қуръони каримнинг «Нун» сурасида айтилган. Ҳақ жалла ва ъало марҳамат қилади: “Ва иннака лаъало хулуқин азийм”. Яъни "Эй Муҳаммад, шубҳасиз, сиз албатта, ниҳоятда буюк бир хулқ соҳибидирсиз".

Ҳадис китобларидаги мазмунларнинг зиёда хислати шу муборак хулқу азиз таърифидир. Соллаллоҳу ало соҳибиҳи васаллам.

267. Хорижа ибн Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу дедилар: Бир жамоа Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволи шарифларидан бизларга баён беришини сўрадилар. Зайд дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволларидан сизларга нимани баён қилай? Мен Жанобга қўшни эдим. Қачон ваҳий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен бориб, ёзиб берар эдим. Жанобнинг одатлари биз саҳобалар қачон дунёдан гаплашсак, дунёдан сўзлар эдилар ва қачон охиратдан сўз очсак, охиратдан гапирар эдилар. Қачон таомдан гапирсак, таомдан сўз қилар эдилар. Мана шу баён қилган нарсаларим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволларидир. (Яъни хулқларининг олийлигидан асҳоблари билан ҳар қандай суҳбатда ҳамроҳ бўлар эдилар. Лекин Жаноб баёнлари ва ширкатлари тамоми бефойда нарсалардан пок бўлиб, қайси бобда сўзласалар, ҳамнишинлари учун фойда ва манфаатнинг ўзи бўлар эди).

И з о ҳ. Зайд розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бирлари эдилар. Бу зотдан бошқа яна саккиз саҳоба бу давлатга мушарраф эдилар. Усмон, Али, Убба, Муовия, Холид ибн Саъид, Ханзала, Ало Хазрамий, Абон ибн Саъид розияллоҳу анҳум ажмаъийн.

268. Амр ибн ал-Ос розияллоҳу дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одати шарифалари гоҳо мажлисларида бор зотларнинг ичида холис, соф дилни улфатлантирмоқ қасдида қавмнинг энг ёмонига юзларини қилиб хусусий сўзлашар эдилар. Ундан аввал одам ўзини хос ҳамсуҳбатлардан хаёл қилар эди. Чунончи, менга ҳам юзланиб, хусусий суратда сўзлар эдилар. Мен Жаноб ҳузурларида қавмнинг яхшиси мен бўлсам керак деб хаёл қилдим. Шу хаёл устида бир куни мен Жанобга савол қилдим. “Ё Расулуллоҳ, мен афзалманми ё Абу Бакрми?” Жаноб дедилар: “Абу Бакр афзал”. Кейин дедим: “Мен афзалманми, Умарми?” Жаноб дедилар: “Умар афзал”. Кейин мен дедим: “Мен афзалманми ё Усмонми?” Жаноб дедилар: “Усмон афзал”. Мен Жанобдан очиқ-равшан сўроқ қилган эдим, Жаноб тамоми сароҳат билан ҳақиқатни сўзладилар. Менинг хотирим учун мадорат учун мени афзал демадилар. Ростнинг ўзини сўзладилар. Кейин мен дедим: Мен бундай саволлар қилмоғим муносиб эмас эди. Кошки бу саволни қилмаган бўлсам. Арзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда рост муомала ва рост сўздан бошқа нарса йўқ эди. Дунёда бу сифатдан ҳам улуғ сифат бўла олурми?

269. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Жаноб бу узун муддатда менга бирор марта «уф» демадилар. (Яъни, ранжиган одам дейдиган сўзни қилмадилар ва мен бир нарсани қилиб қўйган бўлсам, «нима учун бундай қилдинг?» демадилар. Бир нарсани қилмай қўйган бўлсам, «Нима учун буни қилмадинг?» демадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тамоми инсонларнинг хуш хулқи эдилар. Ва пок жисмлари ҳам шундай эди. Мен Жанобнинг муборак кафтларидан юмшоқроқ бўлган ипак ё бирор мулойим нарсани ушламадим ва Жанобнинг муқаддас баданларидан томган тердан хушбўйроқ бўлган бирор мушк ё атирни ҳидламадим.

И з о ҳ. Бу ҳадис муборакда муболаға ёки ғалат ҳеч йўқдир. Ҳақиқат ўзи шудир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак терларини жам қилиб хушбўй ўрнида истеъмол этмиш саҳобаи киром ўрталарида машҳур бўлган. Бу борада ажиб бир ҳикоя ҳам бор. Бир кун Анас розияллоҳу анҳу мажлисда ўтириб, ниҳоятда хурсанд бўлиб туриб, дедилар: Мен ушбу қўлларим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларига мусофаҳа қилганман. Умримда мен Жаноб қўлларидан мулойим ипак парча ё холис ҳарирни ушламадим ва кўрмадим. Бу сўзни эшитиб, ўтирган шогирдлари савол қилдиларки, мен ҳам ушбу қўлларим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларига мусофаҳа қилган қўлга мусофаҳа қилишни орзу қиламан. Бахтиёр шогирднинг таманноси сабаб бўлиб, дунёда бу одат бу кунгача яъни, минг тўрт юз йилдан зиёда муддат жорий бўлиб келди ва муҳаддислар ўрталарида мусофаҳа ҳадиси номи билан машҳурдир. Шу ҳадисни ривоят этишга мусалсил мусофаҳа қилиниб келингандир.

(давоми бор)

“Шамойили Муҳаммадия” китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қурол савдоси: Россия қуролларига харидор камаймоқда

181 12:36 06.12.2021

Россияда қолиб кетган ҳамюртларимиз учун махсус поезд қатновлари амалга оширилади

76 12:08 06.12.2021

“Спутник” билан эмланганлар Саудия Арабистонига кира олади

205 11:30 06.12.2021

Хитой раҳбари динларни хитойлаштиришга чақирди

1317 10:03 06.12.2021

Исломофобия: Кипрдаги масжидга ҳужум уюштирилди

288 09:35 06.12.2021

Кобулда Германия элчихонаси қайта очилиши мумкин

163 09:10 06.12.2021
« Орқага