Илм

Пайғамбар ва аёл

1106

Агар “Аёлларни ҳақиқий озод қилувчи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир!” десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келганларида аёл кишининг бирор ҳақ ва ҳуқуқи йўқ эди. Бу мавзуда гаплашсак, суҳбатимиз жуда чўзилиб кетади. Бир маълумотга қулоқ солайлик: Макон насронийлик кенгаши олтинчи асрда: “Аёл киши руҳсиз жисмми ёки руҳга эга жисмми?” деган масалани тадқиқ қилиш учун мажлис ўтказади. Тадқиқот охирида аёл киши жаҳаннам азобидан қутқарадиган руҳдан холи, Масиҳ алайҳиссаломнинг онаси бундан мустасно деган хулосага келади!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса аёл киши инсонийликда эркак киши билан баробар эканини айтганлар ва “Аёллар эркакларнинг туғишганларидир!” деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида аёл киши солиҳ амал қилса, эркак кишилар каби охиратда азобдан нажот топишини баён қилган. Булар насронийлик кенгашининг хулосасига зид келади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 35 оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини яхши кўришлари, уни ҳимоя қилишлари ва ундан зулмни олиб ташлашлари ҳақида хабар бериб шундай деганлар: “Менга дунёингиздан аёллар ва хушбўйлик суюкли қилинди. Кўз қувончим эса намоздадир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни уришдан қайтариб: “Аллоҳнинг чўриларини урманглар!” – деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон қўллари билан аёл кишини урмаганлар. У зот: “Сизларнинг яхшиларингиз аёлига яхшилик қиладиганингиздир”, – деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар хато қилса ҳам уларни ёмон кўрмаслик ва бунга сабр қилишга буюрганлар. У зот: “Мўмин киши мўмина аёлини ёмон кўрмасин! Унинг бир хулқи ёқмаса, бошқа хулқи ёқади”, – деганлар. Мана шу тўғри йўл бўлиб, у фақат яхши тарафларни қидириш ва салбий томонларини билмасликка олишга чақиради. Чунки салбий тарафларни қидириш нафратланиш ва ёмон кўришга олиб боради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19 оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёли билан ёмон муомалада бўладиган киши мўминларнинг яхшиси эмаслигини хабар бериб: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оиласига жуда кўп аёллар эрларидан нолиб келди. Ана ўша эрлар сизларнинг яхшингиз эмас”, – деганлар. Яъни ана ўша аёлига ёмон муомалада бўладиган кишилар сизларнинг яхшингиз эмас.

Муслима аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонида ҳақорат қилинмаган, азият берилмаган, урилмаган, ёмон муносабатда бўлинмаган, тоқатидан ортиқ иш буюрилмаган, фикрини баён этиши ва хаёлида ўтаётган нарсаларни ошкор қилишдан маҳрум қилинмаган ҳолда ҳурмат ва иззатда ҳаёт кечирди.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хушмуомала, доим чеҳралари очиқ эдилар, аҳли аёллари билан ҳазил қилар, уларга лутф билан муомала қилар, нафақаларини кенг қилиб берар ва аёлларини кулдирардилар. У зот мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо билан мусобақа ҳам ўйнаб турганлар. Бу билан Оиша розияллоҳу анҳога муҳаббатлари қанчалик эканини кўрсатганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен билан югуришда мусобақа ўйнадилар. Мен у зотдан ўтиб кетдим. Ўша вақтда ҳали семирмаган эдим. Семирганимдан кейин ҳам мусобақа ўйнадик. Бу сафар у зот мендан ўтиб кетдилар ва: “Биру бир бўлди”, – дедилар”.

Баъзи вақтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча аёллари у зот тунайдиган уйда тўпланишиб, бирга кечки овқатни тановул қилишарди. Сўнг ҳар бирлари ўз уйларига тарқалиб кетарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари билан тунаганда бир эски кўйлакда ухлар, елкаларига ридоларини ташлаб олар ва киндикларининг остида изор бўлар эди.

Хуфтон намозини ўқиб бўлганларидан сўнг уйларига кириб, ухлашдан олдин аёллари билан озгина суҳбат қурар ва бу билан уларнинг кўнглини кўтарар эдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб сураси, 21 оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари билан қилган муомалалари қанчалар гўзал, уларга қанчалар лутф қиладилар, қанчалар ҳурмат қиладилар!

Бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, иккинчиси Оиша розияллоҳу анҳо бўлган эр ва хотин ўртасида бўлган романтик лаҳза ва гўзал сўзларга бир қаранг. Сиз бунда аёл киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрган муҳаббатининг чегарасини билиб оласиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога: “Мен сени қачон мендан ғазабланган ва қачон рози бўлган ҳолатингни биламан”, – дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг расули, буни қандай қилиб биласиз?” – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар рози бўлсанг, Муҳаммаднинг Парвардигорига қасам, деб гапирасан. Агар ғазабинг чиқса, Иброҳимнинг Парвардигорига қасам, дейсан”, – дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: “Қасамки, тўғри! Мени исмингизни тарк қилган бўламан, ўзингизни эмас”, – дедилар. Яъни сизнинг муҳаббатингиз қалбимда мустаҳкам, у ўзгармайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Хадича розияллоҳу анҳога бўлган вафодорликлари унинг вафотидан кейин ҳам бардавом бўлди. Агар бирор ҳадя келтирилса: “Уни фалончи аёлга олиб боринглар, у Хадичанинг дугонаси эди!” – дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар билан маслаҳатлашар ва катта-катта масалаларда уларнинг фикрларини олар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи бўлиб имон келтирган, ҳам моддий, ҳам маънавий томондан кўмак берган аёл киши, яъни аёллари Хадича розияллоҳу анҳо бўлганини ёдимиздан чиқармайлик.

Ҳудайбия сулҳида сулҳ бандлари ёзиб бўлингач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Туринглар, қурбонлигингизни сўйинглар ва сочларингизни олдиринглар!” – дедилар. Саҳобалардан бирор киши турмади. У зот бу сўзни уч бор такрорладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сулҳнинг бандларида қон тўкмаслик ва тинчликка эришиш йўлида баъзи нарсаларга кўз юмганларига қаттиқ маҳзун бўлганидан бирор саҳоба буйруқни бажаришга турмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, саҳобаларнинг қилган ишини гапириб бердилар. Умму Салама доно аёл эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Аллоҳнинг пайғамбари! Ўзингиз биринчи бўлиб чиқинг, ҳеч кимга ҳеч нарса демай туяларингизни сўйинг ва сартарошингизни чақириб, сочингизни олинг!” – деб маслаҳат берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу солиҳа аёлнинг маслаҳатини олиб, ташқарига чиқдилар ва ҳеч кимга ҳеч нарса демай туяларини сўйдилар, сартарошни чақириб, сочларини олдирдилар. Буни кўрган саҳобалар барчалари туриб, туяларини сўйди ва баъзиси баъзисининг сочини олишга киришиб кетди. Ғам-ғуссанинг кучлилигидан бир бирларига жароҳат етказишларига озгина қолди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам енгил табиатли инсон эдилар. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам енгил табиатли инсон эдилар. Оиша бир нарсани хоҳласа, унга қўшилар эдилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Ҳабашлар масжидда ҳар хил ўйинларни кўрсатар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларнинг ўйинини кўришни хоҳлайсанми?” – дедилар. Мен ҳа дедим. Кейин иягимни елкаларига, юзимни яноқларига қўйиб томоша қила бошладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бўлдингми?” – дедилар. Мен ё Расулуллоҳ, шошилманг, дедим. Бир оздан сўнг яна: “Бўлдингми?” – дедилар. Мен ё Расулуллоҳ, шошилманг, дедим. Мен уларнинг ўйинларини кўргим келаётгани йўқ, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг менга бу даражада эътибор беришлари У зотнинг бошқа аёлларига етиб боришини хоҳлар эдим”.

Аёл кишининг ўрни жоҳилият даврида қандай бўлгани, Ислом келгандан сўнг қандай бўлганига бир назар солайлик! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳга қасамки, биз жоҳилият даврида аёлларни одам сафида кўрмас эдик. Аллоҳ таоло улар ҳақида Ўз оятларини нозил қилди ва уларга берилиши керак бўлган нарсаларни тақсимлаб берди. Кунларнинг бирида бир юмуш юзасидан фикр юритиб ўтирган эдим аёлим: “Бу ишда фалон, фалон йўлни тутсангиз, яхши бўларди”, – деб қолди. Мен унга сенинг нима ишинг бор, мен қилмоқчи бўлган ишга нимага аралашяпсан, дедим. У: “Эй Хаттобнинг ўғли, қизиқсиз-а! Маслаҳат берилишини хоҳламайсиз. Қизингиз бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маслаҳат беради. Бунинг таъсирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кун бўйи жаҳиллари чиқиб юради!” – деди”.

Умар розияллоҳу анҳу бу гапларни эшитиши билан ридосини олди-да, тўғри қизи Ҳафса розияллоҳу анҳонинг олдига бориб: “Эй қизим, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маслаҳат берасанми? Бунинг натижасида У зот кун бўйи жаҳллари чиқиб юрадими?” – деди. Ҳафса розияллоҳу анҳо: “Ҳа, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маслаҳат берамиз”, – деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишининг жинсий ҳожатига ҳам эътибор берганлар. Шунинг учун эркакларни аёлнинг мана шу ҳожатини қондиришга буюрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирингиз аёлига яқинлик қилишида садақа бор”, – дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг расули, биримиз шаҳватини қондирса ҳам савоб бўладими?” – деб сўрадилар. У зот: “Эътибор беринг! Агар ўша шаҳватини ҳаром жойда қондирганда гуноҳ бўлар эдими? Шунингдек, уни ҳалол жойда қондирса, албатта, савоб бўлади”, – дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эр-хотин бир-бирининг тўшакдаги сирларини тарқатишдан қаттиқ огоҳлантирганлар. У зот: “Аёлига яқинлик қилган, у ҳам эрига яқинлик қилгандан сўнг аёлининг сирини бошқаларга тарқатган эркак қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида инсонларнинг энг ёмони бўлади”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларни эҳтиром қилганларига яна бир далил шуки, у зот эркакларни хотинлари ҳақида ёмон гумонга бориш ва уларнинг хатоларини қидиришдан қайтарганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эр аёлининг олдига тунда хиёнат устида ушлаш ёки унинг хатосини топиш мақсадида кириб боришдан қайтарганлар”.

Аёл кишини бундан ортиқ яна қандай эҳтиром қилиш мумкин? Уйида бир неча кун бўлмаган кишини аёли олдига келганини билдирмасдан туриб, тунда кириб боришдан қайтармоқдалар. Боз устига эр хотини орқасидан айғоқчилик қилаётган ва у ҳақда ёмон гумонда бўлса.

Ислом динида нафақа қилиш эрга фарз бўлсад-а, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хотинларига қўлидан келганича кўпроқ нафақа қилишга қизиқтирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эр аёлига қилган нафақасига ажр олишини айтганлар. Бу башоратни эшитган эр нафақани хурсанд ва очиқ қалб билан беради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен Аллоҳ таолонинг розилиги учун нафақа берсанг, бу ишинга савоб оласан. Ҳатто аёлингнинг оғзига солган таомингга ҳам ажр оласан”, – деб марҳамат қилганлар. Яна У зот: “Энг афзал динор бу эр оиласига инфоқ қилган динордир”, – деганлар. Яна У зот: “Киши аёлини сув билан суғорса ҳам, бу қилган ишига савоб олади”, – деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишига у ким бўлишидан қатъи назар, меҳрибон ва раҳмли эдилар. Биз юқорида бева аёл У зотнинг қўлларидан тутиб, ўзининг хоҳлаган юмишини бажаришга олиб кетиши ҳақида айтиб ўтдик. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳрибончиликлари ҳақида шундай дейди: “Бир аёлнинг ақли ноқис эди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Аллоҳнинг расули, мени сизда ишим бор”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй фалончининг онаси, хоҳлаган кўчангни айт ва ўша ерда тур. Мен ҳам ўша ерга бораман”, – дедилар. У зот ўша ерда у билан гаплашиб, унинг ишини битиргунча бирга бўлдилар”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини, у хоҳ қиз бўлсин, хоҳ сингил бўлсин, эҳтиром қилганлар. У зот: “Кимнинг уч қизи ёки уч синглиси ёки икки қизи ёки икки синглиси бўлса ва уларга гўзал муносабатда бўлиб, уларга муомала қилишда Аллоҳ таолодан қўрқса, у жаннатийдир”, – деб марҳамат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини турмуш ўртоқ бўлгани учун эҳтиром қилганлар. У зот: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинг! Зеро, сизлар уларга Аллоҳнинг калимаси ила эришдингиз ва фаржларини ҳалол қилиб олдингиз”, – деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини она бўлгани учун эҳтиром қилганлар. Бир киши у зотнинг ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, инсонлар ичида биринчи бўлиб кимга яхшилик қилишим керак?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онангга!” – деб жавоб бердилар. У киши: “Кейин-чи?” – деди. У зот: “Онангга!” – дедилар. У киши: “Кейин-чи?” – деди. У зот: “Онангга!” – дедилар. “Кейин-чи?” – деди. У зот: “Отангга!” – дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай аёлни эҳтиром қилганлар. У зот: “Аёлларга яхши муомалада бўлинг!” – деб марҳамат қилганлар.

Шулардан кейин ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нимани хоҳлайдилар? Нима учун У зотга қарши тиш қайрайдилар?

У зот аёл кишига ҳурмат ва эҳтиром бермадиларми?! Аёл кишини жинс савдогарлари ва номус даллолларининг чангалидан сақламадиларми?!

У зот аёл кишини ҳимоя қилиб, хиёнаткор кўзлар тегмаслиги ва ифлос қўллар етмаслиги учун муҳофаза қилинадиган дур, беркитиб сақланадиган жавҳар қилиб қўймадиларми?!

Улар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини уйига қамаб қўйди!” – деб айбладилар. Ёлғон гапирибдилар. Аёл кишининг уйидан чиқиб, масжидга боришга, бозорга бориб, бирор нарса сотиш ёки олишга ҳуқуқи бор. Қолаверса, аёл кишига урушда қатнашиш фарз қилинмаган бўлса-да, юртга ғаним бостириб келганда ярадоларни даволаш, жароҳатларига малҳам қўйиш ишларида қатнашса бўлади. Аёл кишининг уруш ва жангда қатнашиши бу ҳаж ва умрадир.

Улар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишига ҳуқуқ бермаган, унинг дардига қулоқ солмаган ва бирор ишда ундан маслаҳат сўрамаган!” – деб айбладилар. Бу гап ҳам ёлғон! Юқорида бу гапларнинг барчаси уйдирма эканига далолат қиладиган маълумотларни келтириб ўтдик. Уларни қайтаришнинг ҳожати йўқ.

Улар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор чекловсиз кўпхотинликка рухсат берган”, – деб айбладилар. Бу гап ҳам ёлғон! У зот: “Кимнинг икки аёли бўлса ва бирига кўпроқ мойил бўлса, қиёмат куни бир тарафи эгик ҳолда тирилади”, – деганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)” (Нисо сураси, 3 оят), яъни биттага уйланинг.

Улар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни уришга рухсат берган”, – деб айбладилар. Бу гап ҳам ёлғон! У зот: “Аллоҳнинг чўриларини урманглар!” – деганлар. Лекин шундай вазиятлар ҳам бўладики, ўша вазиятларда Ислом дини эрга хотинини мисвок, қалам ва шунга ўхшаш нарсалар билан уришга рухсат беради. Бундан жасадга озор бериш эмас, кўнглига дакки бериш назарда тутилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бирор марта аёл кишини урмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотининига азият берадиган кишилар мўминларнинг яхшиси эмаслигини айтганлар. Лекин Ислом дини инсон дуч келадиган барча вазиятларга ўз ҳукмини олиб келган. Улар орасида мана шу нодир ҳолат ҳам мавжуд.

Келинг, маданият ва цивилизация эгаси бўлган ғарбликлар ҳаётида аёлнинг ўрни қандайлигига бир назар ташлайлик! Американинг 1987 йилги статистика маълумотлари шуни айтадики, мамлакатдаги 79 фоиз эркак аёлларни, хусусан, хотинини урар экан.

F.P.T. тайёрлаган бошқа бир статистика маълумотида Америкада ҳар 18 сонияда бир эркак хотинини уриши айтилган.

Ирландияда ўлдирилган аёлларнинг ярмини эри ёки дўсти ўлдирар экан.

Финландияда ҳар бешта аёлнинг бири эри ёки дўсти томонидан зулм кўрар экан. Булар қаёқда-ю, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотлари ва аёлларга бўлган муносабатлари қаёқда!

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

НАСА тасдиқлади: Ой иккига бўлинган

30071 18:00 20.09.2019

Раҳмат пайғамбари (2-қисм)

584 23:00 07.09.2019

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушкул вазиятларда матонат ила туришлари

960 23:00 31.08.2019

Раҳбарлик қобилиятининг соҳиби

678 23:00 30.08.2019

Сиёсат билимдони

656 23:55 29.08.2019
« Орқага