Пайғамбарга муҳаббат

19:00 31.01.2019 724

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом умматига муҳаббат мактабининг ноёб сабоқларини ўргатиб кетдилар. У зот Аллоҳ ва Унинг Расулини қандай севишни, мўмин-мусулмонлар бир-бирларига қанчалар муҳаббатли бўлишларини ўз ҳаётлари, ибратлари, насиҳатлари билан кўрсатиб кетдилар.  Биз, мусулмонлар Оламлар сарвари, Коинот фахри, пайғамбарларнинг охиргиси, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган набий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча инсонлардан, ота-онамизу фарзандларимиздан ҳам, ҳатто ўзимиздан ҳам яхши кўришга буюрилганмиз. Аллоҳнинг Расулини яхши кўриш имонимиз белгисидир, у зотни яхши кўришимиз Аллоҳ таолони севишимиздир. Биз Расули акрамни ҳаммадан ҳам яхши кўрамиз. Чунки буни Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган: “Пайғамбар мўминлар учун ўзларидан ҳам ҳақлироқдир” (“Аҳзоб” сураси, 6-оят).

Уламолар муҳаббат уч хил бўлади, дейишади: 1) “таъзим ва улуғлаш муҳаббати”. Масалан, фарзанднинг ота-онага ёки устозига бўлган муҳаббати каби; 2) “меҳр-шафқат муҳаббати”, бу инсоннинг аҳлига, фарзандларига бўлган муҳаббати каби; 3) “истеъбоб ва фазилат саналган муҳаббат”. Бу инсонларнинг бошқа одамларга нисбатан муҳаббати.

Лекин Аллоҳнинг Расулига бўлган муҳаббат юқоридаги уч турдагисидан ҳам устун, олий бўлиш керак. Зотан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: “Банда наздида мен унинг аҳли-оиласидан, ота-онасидан, одамларнинг барчасидан севикли бўлмагунимча, у комил мўмин бўла олмайди", деганлар (Муслим ривояти). Ушбу ҳадисни ўқиган баъзи инсонларда “Ота-онам менинг дунёга келишимга сабабчи бўлса, мен учун энг яхши одам бўлса, фарзандларим мени кўзимнинг оқ-қораси бўлса, нима учун мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улардан кўпроқ яхши кўришим керак” деган савол туғилиб қолиши мумкин. Бунга  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умар розияллоҳу анҳу ўрталарида бўлган воқеа яхши жавоб бўла олади.

Зуҳра ибн Маъбаднинг бобосидан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Шунда Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳамма одамдан ҳам севимлисиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, дедилар. Ҳазрати Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлсиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана энди тўғри бўлди, эй Умар”, дедилар (Аҳмад ривояти).

Бу ҳадисни бироз шарҳлашга тўғри келади. Уламоларнинг айтишларича, “муҳаббат икки хил бўлади. Биринчиси: табиий муҳаббат; масалан, бир одамнинг ўзини ўзи яхши кўриши табиий муҳаббатдир, чунки бунга ўзи хоҳласа-хоҳламаса фикр юритиши шарт эмас. Ўзини севган киши ўз соғлиги ва манфаатини ҳаммадан юқори кўради. Аммо иккинчи муҳаббат тури – ақлий ёки иқтисобий муҳаббат бўлиб, инсон ақл юритганидан кейингина англаб ета оладиган муҳаббатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳудан мана шу ақлий муҳаббатни сўраган ва талаб қилган эдилар. Шориҳларнинг ёзишларича, Умар розияллоҳу анҳу ҳам “ўз нафсимдан кўра  яхши кўрмайман” деганидан кейин ўзига ўзи савол берди,  нафсига хитоб қилиб айтдики: “Эй Умар, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга учрашиб, Аллоҳга ва у зотга иймон келтиришдан олдин қандай Умар эдинг, залолат ботқоғида юрган эмасмидинг? Агар шу ҳолатда дунёдан ўтиб, Роббинг ҳузурига борсанг, аҳволинг нима кечар эди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганингдан кейин нималарга эришдинг? Икки дунё нажотини топмадингми? Шундай бўлгач, наҳотки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзингдан кўра кўпроқ яхши кўрмасанг? Наҳотки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сен учун ўзингдан кўра маҳбуброқ бўлмасалар?”. Ҳазрати Умар бу саволларни ўзига бергач, ақлан тафаккур қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларидан ҳам кўпроқ яхши кўришга лойиқ зот ва у зотга муҳаббати юксак мақомда бўлишини мулоҳаза қилди-да, “Ана энди ўзимдан ҳам кўпроқ сизни яхши кўраман” деди”.

Дунёдан бизларнинг барчамиз – ота-онамиз ҳам, бола-чақамиз ҳам, ўзимиз ва атрофимиздаги мингла одамлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин туфайли нажот топамиз. Шунинг учун бу зот шундай муҳаббатга сазовор зот бўладилар. Уламолар айтишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўйилган муҳаббатнинг самараси нима?” деб сўралса, “У зотга қўйилган муҳаббатнинг самараси, у зотга эргашишдир”, деб жавоб берилади. Агар муҳаббат бўлмаса, Пайғамбарга эргашиб бўлмайди. Бир киши бошқа бир инсонни яхши кўрадиган бўлсагина, унга эргашишни бошлайди. Ўша севган одами яхши кўрган нарсаларни ўзи ҳам яхши кўради ва у ёмон кўрган нарсаларни ёмон кўради. Анас розияллоҳу анҳу олдинлари ўз табиатига кўра қовоқни суймас эди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрганлари учун Анас қовоқ еган ва уни яхши кўрган”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиз энг юқори мақомда бўлиши кераклигини англаб етдик. Лекин у зотга бўлган муҳаббатимизнинг мақоми, даражаси ва қийматини қайси ўлчовлар билан аниқлаб, билиб оламиз? Аллоҳнинг Расулига бўлган севгимиз, эҳтиромимиз у зотнинг суннатларига, буюрганларига, қайтарганларига, хулқларига, йўлларига амал қилиш, ҳар ишда у зотга эргашиш билан муқояса қилинади. Агар биз суннатга қанча кўп амал қилсак, унут бўлаёзганларини тирилтирсак, Набий алайҳиссаломни шунчалар суйган бўламиз, аксинчада у зотга муҳаббатимиз оддий лоф уриш бўлиб қолади. Агар суннатни тарк қилган бўлсак, демак, у зотга бўлган муҳаббатимиз чин-ҳақиқий эмас.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг саййиди бўлганлар. У зотни яхши кўришимиз учун у зотни яхши таниб олишимиз керак. Инсон яхши танимаган одамига комил муҳаббат қўя олмайди. Шундай илмий-маърифий суҳбатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаётларини, умматга насиҳатларини, у зотни Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомларини, мусулмонларга меҳр-шафқатларини ўрганишимиз натижасида у зотни яхши кўриб қоламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келтирилган шафоат ҳадисида шундай зикр қилинади: Халойиқ маҳшар майдонида тўпланиб, жуда қийин аҳволга тушиб қолганида Аллоҳ таоло билан ўзлари ўртасида бир шафоатчини қидириб қолишади. Одам алайҳиссаломга, Нуҳ алайҳиссаломга, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳимуссаломларга бориб, Аллоҳ таоло билан одамлар орасида туриб шафоат қилишларини сўрашади. Шунда пайғамбарларнинг ҳаммалари бош тортаишади. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишади. Ҳадис давомида у зотнинг ўзлари шундай дейдилар: “Мен Роббимнинг Арши тагига бориб, саждага йиқиламан ва Аллоҳ таолога шунчалик дуолар ва ҳамду санолар айтаманки, Аллоҳ уни Ўзи менга очиб, илҳом қилади. Ундан кейин ҳам, ундан олдин ҳам бундай гўзал ҳамду саноларни айтмаганман. Шунда Роббим: “Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг, нима сўрамоқчисиз – сўранг, шафоат сўрамоқчимисиз – сўранг. Мен шафоатга изн бердим” деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматим, умматим, умматим” деган нидони қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Муҳаммад, жаннатни ўнг эшигидан ўз умматларингизни ҳисоб-китобсиз киритинг. Қолган эшикларидан эса, бошқа умматларга шерик бўлиб киришади”, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, жаннатнинг бир табақаси билан иккинчи табақаси ораси Макка билан Ҳажар ёки Макка билан Бусро оралиғича бўлади”, деганлар”. Ота боласидан қочадиган, ака-ука ҳам, эр-хотин ҳам бир-биридан қочадиган кунда, бошқа пайғамбарлар “нафсим” деган кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “умматим” дейдилар.

Наҳотки шундай зотдан муҳаббатимизни дариғ тутсак?! Нечун бизлар у зотни севмайликки, Аллоҳ таолонинг Ўзи  у кишини “Ҳабибим” дея шарафлаган бўлса, оламларга раҳмат қилиб юборган бўлса! Аллоҳнинг Ўзи “Сен бўлмаганингда бу коинотни яратмаган бўлар эдим” деган бўлса! Ҳатто Жаброил алайҳиссаломдай улуғ фаришта Сидратул Мунтаҳога етганда: “Мен сўнгги чегарадаман, сиз давом этаверинг!” деган бўлса!

Бизлар нечун охирзамон Пайғамбарини севмайликки, у киши таваллуд топган пайтда Аллоҳ таоло инсониятни ширк ва куфр замони тугаганидан муждалаб, у киши туфайли Румнинг “Сур чалингунча боқий туради” дея шарафланган мустаҳкам қасрларини ер билан яксон қилди, оташпарастларнинг неча йиллардан бери ёниб турган “мангу” оловларини бир лаҳзада ўчириб қўйди, Форснинг машҳур саройларини йиқди, ҳисобсиз бут ва санамларни парчалади.

Нечун у зотни севмайликки, Муҳаммад алайҳиссалом инсониятни залолат зулматидан ҳидоят нурларига олиб чиқдилар, инсонларга Аллоҳни, Исломни ва имонни танитдилар, ҳидоят йўлига йўлладилар, набавий ахлоқ нималигини ўргатдилар, дунё ва охират саодатига эришиш илмидан таълим бердилар.

Бу севгини бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, у зотнинг содиқ саҳобалари,  издошлари ўргатиб кетишган. Саҳобаларнинг ўз раҳбарларига муҳаббатлари шу даражада эдики, улар Набий алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзларини ҳеч бир тараддудсиз, ишонч билан қабул қилишди. Ислом шавкати йўлидаги ғазотларда у зотни ва у киши олиб келган динни шерларча ҳимоя қилишди. Улар учун бу йўлга мол-дунёларини, жонлари ва қонларини, энг яқинларини тикиш ҳеч нарса эмасди. Улар ҳатто Расулуллоҳдан тушган бир дона мўйни, таҳорат қилган сувлари томчиларини, туфлаган тупукларини талашиб, бир-бирлари билан уришиб кетай дейишарди. Уларнинг авлодлари эса мана ўн беш асрдирки, Аллоҳнинг Расули йўлларини маҳкам тутиб,  суннатларига содиқ бўлиб келишяпти.

Бу севгининг кўринишларига тарих кўп гувоҳ бўлган. У зотнинг вафотларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо саҳрода кетаётиб, бир жойга етганда туясидан тушар ва энгашиб ўтар экан. Бунинг сабабини сўраганларга “Шу ерда бир дарахт бор эди, Ҳазрати Расулуллоҳ унинг тагидан худди шундай энгашиб ўтардилар”, деб жавоб берган. Имом Моликдай зот ҳам дунё ишларида Набийга тақлид қилишда машҳур эди: Мадинаи мунавварада бирор марта уловга миниб юрмади, Равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирди. Усмонли султонлардан бири таҳорати йўқ пайтда Муҳаммад исмли ходимини исми билан чақирмай, “Ҳой ходим” деб чорларди. Улуғ сўфий шоир Аҳмад Яссавий “Пайғамбар ёшидан кейин менинг бу тупроқ устида юришим ҳаромдир”, дея охирзамон Набийига садоқатини изҳор этиб, одамлардан узилди. Увайс Қараний эса Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир тишлари сингани хабарини эшитиб, тишларини ўзидан бегона қилди ва Аллоҳнинг Расулига садоқат завқидан масрур бўлди. Уҳуд жангида бир аёлнинг эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Уччовининг шаҳид бўлганини эшитган аёл “Менга Расулуллоҳни кўрсатинглар, у зотни бир кўрай”, деди. У зотни кўрганидан кейин “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган мусибатлар ҳеч нарсадир”, деди. 

Муҳаббат шундайин нозик бир нарсаки, бировни куч ёки сийлов ёрдамида севдириб бўлмас! Охирзамон пайғамбарини фақат мусулмонларгина эмас, инсофли ғайримуслимлар ҳам эҳтиром қилишганига тарих гувоҳ. Бир-икки мисол: олмонларнинг холис ниятли улуғ шоири Гёте шундай деган экан: «Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдимки, дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан». Яна бир ғарб олими Шеболнинг мана бундай сўзлари бор: “Ҳазрати Муҳаммаднинг одам боласи бўлгани инсоният учун катта фахрдир. Чунки у зот уммий (савод чиқармаган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз – оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг масъуд, энг бахтиёр насллар бўламиз”.

Аллоҳнинг Расулига эргашиш Аллоҳ таолонинг Ўзига итоат этишдир. Шунинг учун бизнинг йўлимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиш йўли бўлиши лозим. Имон тақозоси – Аллоҳ таолога ва Унинг элчисига итоатдир. Улуғ тасаввуф шайхларидан Жунайд Бағдодий шундай деган: “Аллоҳнинг лутфисиз ҳеч ким Унга етиша олмайди. Аллоҳга етишишнинг йўли эса, Унинг Расули ҳазрати Муҳаммадга тобеъ бўлишдир”. Яна бир аҳли дониш Аҳмад Ҳаворий: “Пайғамбар  алайҳиссаломнинг суннатига номувофиқ ҳар бир ҳаракат ботилдир”, дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг бир кўриниши Пайғамбаримиз исмларини тилга олганимиз ҳамоно салавот айтиб улуғлашдир. Чунки Пайғамбарга алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг Ўзи олдин салавот ўқиди, сўнгра фаришталарига буюрди, ундан кейин мўминларга у кишига салавот йўллашни амр этди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ибодатдир. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуда кўп ҳадиси шарифлари бор: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким менга саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта саловот айтади», деганлар (Муслим ривояти); Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни менга энг яқин бўладиган кишилар менга кўп салавот айтадиганлардир», дедилар (Термизий ривояти).

Аммо ҳозирги умматнинг муҳаббат ҳақидаги тушунчалари ҳам ахлоқлари каби айниб, бузилиб кетди. Уларнинг муҳаббати шаҳвоний тан эҳтиросига, шайтоний ҳис-туйғуларга қул бўлиб қолган. Ҳолбуки банданинг муҳаббати, энг аввало Аллоҳга, сўнг Унинг севимли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга қаратилган бўлиши зарур. Ҳолбуки, одамлар аллақаёқдаги ювуқсиз бир таннознинг ишқида ёнадиган, қанчалаб бузуқларнинг қучоғида “сайр қилган” бир сатангнинг “висоли”да ўртанадиган, Аллоҳ ато қилган бола-чақасига ёки ўзи қурган муҳташам иморатию қимматбаҳо машинасига муҳаббат қўядиган бўлиб кетган.

Бугунги кунда қалбларимизни бизлар кўйида тинмай елиб-югураётган мол-дунёга, ғафлат ва фитналарга сабаб бўлаётган хотин ва бола-чақага, кун сайин нураб бораётган ушбу дунёнинг арзимас матоҳларига, шунга ўхшаш бошқа нарсаларга муҳаббат эгаллаб олгани сабабли биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кам эслаб, бошқа нарсаларга муҳаббат қўйиш билан ўралашиб, банд бўлиб қолганмиз. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бизнинг орамизни боғлаб турувчи нарса ана шу муҳаббатдир.

Муҳаббат асли нимадир? Муҳаббат кўздан оқадиган қайноқ кўз ёшлардир. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун умримизда неча марта йиғлаганмиз? У зот шаънига салавот айтаётиб, кўзларидан дув ёшини оқизган бир ҳабаш йигитдай йиғлай олганмизми?

Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлган ўкинч ва соғинчдир. Биз бир кунда неча марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинамиз.

Муҳаббат бу қалбдаги изтиробдир, аммо биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тилимизда ёд этаётганимизда қалбимиз изтиробга тушадими-йўқми? У зотнинг ҳадисларини ўқиб, дилларимизда уларга амал қилиш туйғуси ғимирлаб қўядими? Дин душманлари томонидан у зотга туҳмат ва бўҳтон тошлари отилганида қалбларимиз нафрат ва аламли ҳисларга тўлиб-тошадими?

Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйсак, у зотга эргашамиз. У зотга эргашишимиз эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ноил бўлишмиздир. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида Ўз Пайғамбарига хитобан айтади: “Айтинг: «Агар Аллоҳни севсангиз, унда менга эргашинг, Аллоҳ сизни севади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир» (31-оят).

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйсак, ва у зотга эргашсак, шундан кейингина энг олий мақом ва энг олий мақсад бўлмиш Роббимизнинг муҳаббатига етиб борамиз. Роббимизнинг муҳаббатига етиб борганимиздан кейин эса ҳолатимиз нима бўлишини ҳамма яхши билади. Аллоҳ таоло бирор бандасини яхши кўрса, уни яхши кўрганини эълон қилади, натижада уни осмон аҳли ҳам, ер аҳли ҳам яхши кўради. Мўминнинг асосий мақсади ҳам Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришиш бўлса, унга эришиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши таниши, муҳаббат қўйиши ва у зотга эргашиши керак, Ана шундан кейингина у Роббисининг муҳаббатига етиб боради. Аллоҳ таоло ҳаммамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатли уммат бўлишимизни насиб этсин!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!