Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Қуръонни тинглашни яхши кўрганлари

08:00 08.04.2019 432

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Аллоҳнинг расули менга: “Қуръондан тиловат қил” дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, сизга нозил қилинган Каломни сизга ўқиб бераманми, дедим. Шунда Расулуллоҳ: “Ҳа, мен Қуръонни бошқалардан эшитишни яхши кўраман”,  дедилар. Мен “Нисо сурасидан ўқий бошладим. Ушбу оятга: ”Ҳар бир умматдан ўз Пайғамбарини гувоҳ сифатида келтирганимизда ва сизни уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, уларнинг ҳоли не кечар экан” келганимда, Расулуллоҳнинг кўзларидан дув-дув кўз ёшлар оқди”.

Фузалоту Зуфарий ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар, ҳатто соқоллари номланди.  Сўнгра У Зот дедилар: “Эй Раббим, мен ўз умматимга-ку гувоҳ ўтаман, аммо ўзим кўрмаган кишиларга қандай қилиб гувоҳлик бераман?”. Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша йиғлатган оят ҳақида бундай дейди: “Аллоҳ таоло қиёмат кунининг қўрқинчи, у кундаги ишларнинг шиддатли экани ҳақида хабар бериб, ҳар бир умматдан гувоҳ қилиб Пайғамбаримиз алайҳимуссалом келтирилгач, у кундаги ишлар қандай бўлар экан? Ер, яъни маҳшаргоҳ Парвардигорнинг нури ила ёришиб, китоб, яъни номаи аъмол келтирилади. Пайғамбарлар ва гувоҳ фаришталар келтирилади ва уларга зулм қилинмай одил ҳукм қилинади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад!) Сиз (ўша кунда) фаришталар Арш атрофини ўраб олиб, Парвардигорларига ҳамд билан тасбеҳ айтаётганларини кўрасиз. (Зеро) уларнинг (пайғамбарлар ва умматларининг) ўрталарида ҳаққоний ҳукм қилинди ва “Ҳамд (барча) оламларнинг Парвардигори Аллоҳгадир!” дейилди” («Зумар» сураси, 75-оят).

Аҳмад Шокир айтади:  Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиз дунёга ва дунёдаги нарсалар учун йиғламанг, лекин шуни яхши билингки, Нуҳ алайҳисаломнинг умрича яшаб, Ҳорунга ато қилинган мол-дунёча бойликка эгалик қилсангиз ҳам ўлаётган чоғингизда солиҳ амалларингиз, эргашган суннатларингизгина сизга нажот беради, тарозида оғир келиб қиёматда сизни саодатли қилади” деганлар.

Манбалар асосида тайёрланди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!