Таҳлил

PISA, “буржуйка”да иситилаётган мактаблар ва умид

801

Кеча интернетда янгиликларни кўздан кечираётиб бир маълумотга кўзим тушди: Эстония ўқувчилар билими сифатини баҳоловчи нуфузли PISA рейтингида Европада биринчи ўринни эгаллабди. Ундан сал олдин эса университетдаги курсдошларимдан бирининг 1995 йилда, 10-синф ўқувчилиги пайтида қарийб икки ой пахта тергани ҳақидаги хотирасини ўқигандим. Ҳа, бу ўша Эстония – совет даврида бизга иттифоқдош бўлган, биз билан деярли бир вақтда мустақилликка эришган давлат. Биз болаларимизни далага, ўқитувчиларимизни нуқул “ҳашарлар”га ҳайдаган ва обрўсини бир тийинга тушириб қўйган пайтда эстонлар ўз болалари билан бошқача шуғулланибди, ўқитувчиларига бошқача муомала қилибди. 

Билмаганлар учун айтиб ўтай: PISA тестлари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан, ташкилотга аъзо давлатлар ва у билан ҳамкорлик қилувчи мамлакатларда 15 ёшли ўқувчилар ўртасида ўтказилади. Ўқувчиларнинг билими ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича синалади. Тест ҳар уч йилда бир марта ўтказилади. Уч йил аввалги рейтингда ҳам Эстония Европа давлатлари ўртасида биринчи ўринни қўлга киритган экан.

 Балки Эстониядек кичкинагина, аҳолиси 1,5 миллионга ҳам етмайдиган давлат назарингизга кирмас. Лекин у электрон бошқарув бўйича дунёда энг илғорлардан биттаси ҳисобланади. Ҳар ҳолда бундай натижага ўқувчиларига далада картошка тердириб эришмаган. Таълим тизимини ривожлантирмай туриб тараққиётга эришган бирорта давлатни биласизми? Шахсан мен билмайман. Билганим шуки, яқин-яқингача таълим тизимимиз абгор аҳволда эканини тан олмас эдик. Муаммо борлигини тан олмасак, уни қандай ҳал қиламиз?..

 Жорий йилнинг апрелида юртимизда халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ўша концепциянинг изоҳида айтилишича, мамлакатимиздаги 9 691 умумтаълим мактабининг 28 фоизида қўшимча жиҳозлашга эҳтиёж мавжуд, мактабларда ишлатилаётган жиҳозларнинг 50 фоизи маънан ва жисмонан эскирганлиги учун алмаштирилиши керак, 3 000 дан ортиқ мактабларда ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун ошхоналар ва буфетлар ташкил этиш лозим. Бундан ташқари, электр, кўмир, совуқ ва иссиқ сув, газ таъминоти ва канализация билан боғлиқ инфратузилма муаммоларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан етарли эътибор қаратилмаяпти, айниқса узоқ аҳоли пунктлари ва қишлоқ жойлардаги 1 726 умумтаълим мактаби қўлбола (буржуй) печлар ёрдамида иситилмоқда. 2 907 та умумтаълим мактаби қурилиш-таъмирлаш ишларига муҳтож.

Мана сизга расмий рақамлар! Ахир, биз XXI асрда яшаяпмиз! Мактабларимизни эса ҳали ҳам қўлбола печка билан иситяпмиз. Газимиз ўттиз йилда ҳам шу мактабларга етиб келмаганини қаранг (биламан, шаҳардаги уйларда йўқ газ қишлоқдаги мактабга қандай етиб борсин деган гап ўтяпти ичингиздан).  

Ҳаётда менга энг кўп алам қиладиган нарсалардан бири – бой берилган вақт. Чунки уни ортга қайтариб бўлмайди. Биз шундоқ ҳам жуда кўп вақтни ва имкониятни қўлдан чиқардик. Бунинг касрига эса болаларимиз қоляпти. 

Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб PISA рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш вазифаси белгиланган. Ана шу режа амалга ошишига жуда-жуда ишонгим келади.

Ўша кичкинагина, собиқ иттифоқдошимиз бўлмиш Эстония аллақачон бу рейтингнинг юқори ўринларини забт этиб бўлган. Биз эса 2030 йилда рейтингда биринчи ўттиз мамлакатдан бири бўлишни режалаштирганмиз.

Нима ҳам дердим, шунисига ҳам шукр, бу ҳам бир умид-да. 

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаҳоннинг 165 мамлакатида мактаблар ва олийгоҳлар ёпилди

244 14:30 27.03.2020

Миср: мактаблар шифохоналарга айлантирилмоқда

649 12:00 26.03.2020

Индонезияда мактаб имтиҳонлари бекор қилинди

230 19:00 24.03.2020

Коронавирус таҳдиди: Туркияда ҳам ўқувчилар ва талабалар таътилга чиқади

523 10:20 13.03.2020

Россия мактабларида ҳалол таомлар бўлади

374 16:40 12.03.2020

Мактаблар ёпилиши ҳақидаги хабарлар ёлғон!

697 11:39 06.03.2020
« Орқага