Покистон бош вазири уйғурлар муаммосидан хабари йўқлигини айтди

09:30 30.03.2019 2487

Покистон бош вазири Имрон Хон Financial Times газетасига берган интервьюсида Хитойда уйғурларнинг ҳуқуқлари бузилаётганидан бехабарлигини айтди. 

Газета мухбири “Туркия уйғурларга нисбатан қўлланаётган сиёсатни шармандалик деб атади. Сиз ҳам дунёдаги мусулмонларни ҳимоялаш учун чиқишлар қиласиз”, деди ва Имрон Хондан уйғурлар ҳақидаги фикрини сўради. Бироқ Покистон бош вазири Хитойда уйғурларнинг ҳуқуқлари камситилаётгани ҳақида маълумоти йўқлигини, бу ҳақда эшитмаганини билдирди. 

Имрон Хоннинг бу жавоби ижтимоий тармоқларда танқидга учради. 

Маълумотларга қараганда, янги Ипак йўли деб ҳам аталувчи “Бир камар – бир йўл” лойиҳаси доирасида “қарз тузоғига туширилган” давлатлардан бири Покистон ҳисобланади. Хитой бошлаган ушбу лойиҳа туфайли Покистон ва бошқа Осиё давлатлари тўлаш қийин бўлган қарзларни олган. “Бир камар – бир йўл” доирасида Покистонда икки юздан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда ва уларнинг аксарини Хитой молиялаштирган. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!