Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Исломободнинг Исроил давлатини тан олиш эҳтимоли ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этди.
Бош вазир Имрон Хон Фаластин-Исроил можароси фаластинликларнинг манфаатларига мос равишда ўз ечимини топмагунча, Покистон Исроил давлатини тан олмайди, деб очиқ баёнот берди, дейилади вазирлик баёнотида.
Ташқи ишлар вазирлиги Покистон фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
"Адолатли ва узоқ муддатли тинчлик учун энг муҳими БМТ ва ИҲТ қарорларига мувофиқ икки давлатнинг келишувидир, бу 1967 йил белгиланган чегаралар доирасида пойтахти Шарқий Қуддусда мустақил Фаластин давлатини барпо этилишини ҳам ўз ичига олади", дейилади вазирлик хабарида.
13 ноябр куни Покистон Бош вазири Имрон Хон бир қатор давлатлар Исломободга Исроилни тан олиш учун босим ўтказаётганини айтди. Бироқ, унинг айтишича, Фаластин можароси ҳал қилинмас экан, Покистон "сионистик давлат”ни тан олиш масаласини кўриб чиқмайди .
Ушбу баёнотдан сўнг дунё оммавий ахборот воситалари Покистонга босим ўтказаётган мамлакат АҚШ эканлигини эълон қилган.