Покистонда жинсий тажовуз жинояти бўйича гумон қилинаётганларни судлашни тезлаштириш мақсадида қонунчиликка ўзгартириш киритилди, дея хабар бермоқда “Евроньюс”.
Ўзгартириш доирасида жинсий тажовуз бўйича айбдор деб топилганлар кимёвий усулда ахталаниши мумкин.
Қонунчиликка ўзгартириш киритилишига бир аёлнинг машинасидан туширилиб, бошига қурол ўқталган ҳолда зўрланиши сабаб бўлди. Ҳукумат вакили Вақар Ҳусайннинг айтишича, ўзгартиришларни парламент тасдиқлади ва улар дарҳол кучга кирди.
Покистон бош вазири Имрон Хон жинсий тажовузлар бўйича оғир жазолар тайинланиши кераклигини айтган. Маълумотларга қараганда, Покистонда тажовузчиларнинг атиги 3 фоизи жазо олади.
Дорилар билан вақтинчалик ахталаш амалиёти Польша, Жанубий Корея, Чехия ва АҚШнинг айрим штатларида жорий этилган.