Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги масжидда юз берган портлаш натижасида дастлабки маълумотларга кўра, 17 киши, жумладан, полициячилар ҳалок бўлган, 90 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳужумни пешин намози вақтида худкуш террорчи амалга оширган. Яраланганлардан ўн нафарининг аҳволи оғир.
Қайд этилишича, портлаш вақтида масжидда 150 га яқин одам бўлган. Расмийлар қурбонлар сони ошишини истисно қилмаяпти.
Яқин атрофдаги бинолар ва транспорт воситаларига зарар етган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларда портлаш тўлқини масжид биносининг бир қисмини бузганини кўриш мумкин.
Ҳозирча ҳеч қайси ташкилот ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.
Покистонда сўнгги пайтларда Покистон Толибони ҳужумлари сони ортган.
2022 йил 28 ноябрда ҳаракат вакиллари ўтган йилнинг 10 майида расмийлар билан тузилган сулҳ тугаганини эълон қилди.
Ҳаракат етакчилари жангариларга бутун мамлакат бўйлаб полиция ходимларига ҳужумлар уюштиришни буюрган. Покистон ТТПни террорчи ташкилот деб эълон қилди.
2022 йилда Покистонда содир этилган терактлар сони ўтган йилга нисбатан 15 фоизга ошган.