Марокаш чегараси орқали Испания ҳудудига ўтиб, Европага бошпана олмоқчи бўлган минглаб қочқинлар Испания ва Марокаш полицияси томонидан отилган ўқлардан тан жароҳати олди, камида 37 нафар инсон ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда ensonhaber.com сайти.
Шимолий Африкадаги Испания ҳудуди саналадиган Мелилла автоном провинцияси инсониятга қарши жиноятга гувоҳ бўлди.
Марокаш билан 20 километрлик чегарага эга бўлган Мелилла шаҳри яқинига Испаниядан бошпана сўрамоқчи бўлган минглаб муҳожирлар тўпланди. Марокаш ва Испания полицияси эса 2000 нафардан ортиқ қочқинларга қарата ўт очди.
Полиция томонидан отилган ўқ сабабли 37 нафардан зиёд муҳожирнинг ҳаётдан кўз юмгани аниқланган бўлса, юзлаб кишилар оғир тан жароҳати олди.
Минтақадан олинган суратларда чегара чизиғида полиция отган ўқдан жароҳат олган одамларнинг устма-уст ётганини кўриш мумкин.
Бир гуруҳ муҳожирлар мана шундай аҳволда чегарани кесиб ўтишга муваффақ бўлишса-да, кўпчилиги чегара полицияси томонидан зўравонликка дучор бўлишда давом этмоқда.