Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Портлаётган орзу-ҳаваслар

1123

Шундай. 

Нотўғри ўқимадингиз. 

Қўштирноқсиз ва тўғри маънода орзу-ҳаваслар портлатиляпти. 

Вилоятларни билмадиму, агар пойтахтда яшасангиз, бунга ўзингиз гувоҳ бўлаётгандирсиз. Хуфтон вақти кирганида тўйхоналарда базм тугаб, келин-куёвлар хонадонларга дўстлари (асосан куёвжўралар) иштирокида қайтиб келади. Бу манзарага кўпчилик гувоҳ бўлган. Ўша пайти пиротехника воситалари портлатилиши бошланади. Шаҳарларда кўп қаватли уйлар орасида овозлар янада ваҳимали эшитилади. Энг қийини хаста одамларга. Уйқу дори ичиб ёки амаллаб кўзи илинганида варанглаган овозлар... Шу орзу-ҳавасми? Кўпчиликнинг тинчини бузиш яхшими? 

Яна бир янги урф. Туғилган кун соҳиби тунда соат 12:00 да қутланар экан. Бу пайтда ёш болалар, кексалар, беморлар уйқуга кетган бўлади. Ўша онда пиротехника пақиллатиб қолишгани энг аянчлиси. 

Тўғри, ҳамма истаганича орзу-ҳавас билан тўй қилади. Зеро, тўйлар мавзуси кўтарилавериб, сийқа бўлиб кетди. Энди бу асъасанинг нима кераги бор? 

Яқинда кечки пайт оилавий суҳбатлашиб ўтирсак, кўчада пақиллаган овоз эшитилди. Болалардан нима эканини сўрасак, 10-синфда ўқийдиган қизим “Ҳозир одамлар фақат азада пақиллатишмаяпти, бошқа ҳамма орзу-ҳаваслар портлаяпти”, деди. Кулиб қўйдик. Лекин кулиш эмас, ачиниш керак. Кимнингдир фалон сўм пули ҳавога учиб кетди. Ўзи тўйларнинг асоси пулни ҳавога совуришдан иборат-ку. Буниси жуда ортиқча. 

Кимдир мушакбозликни яхши кўрса, томоша қилмоқчи бўлса, давлатимиз томонидан ташкиллаштирилаётган байрам дастурларидаги мушакбозликларни томоша қилгани яхши. Бунда хавфсизлик биринчи ўринда туради. Кейин мушаклар пиротехника воситалари сингари ноқонуний олиб кирилмайди. 

Янги йил арафасини шунинг учун ҳам ёмон кўраман. Худди уруш бўлаётганга ўхшайди. Ҳамма томон отишма-ю биз уйда биқиниб ётибмиз. Дераза очсак  кўчада порох ҳиди. 

Ўзи пиротехника қаердан кириб келяпти? Телевизорда занжирнинг энг қуйи қисми – пистачию дўкончидан олиб қўйилган пиротехникалар йўқ қилингани кўрсатилади. Аслида улар пистагича етиб келаётгандаги занжирнинг боши билан ким шуғулланади, билмайман. Наҳотки, чегараларимиздан хавфли нарсаларнинг олиб ўтилиши шунчалик осон бўлиб қолган бўлса? Бўлмаса бунчалар кўп пиротехника қаердан кириб келди? Ёки кечалари жаранглаётган қаттиқ товуш пиротехника эмасми? Нима бўлганда ҳам мана шу орзу-ҳавасни тўхтатиш чораларини кўрайлик. Агар портлайдиган, овози эшитиладиган нарсалар шунча оқиб кираётган бўлса, бошқа тақиқланган нарсалар нима бўлаётган экан? Улар овоз бермагани учун билмай қоляпмизми? Мана шу саволлар бизни кўп қийнайди. 

Бир-икки йил олдин бир журналист Термиз шаҳрига меҳмонга келган афғон йигити ҳақида мақола ёзган эди. Меҳмонлар билан ўтиришганида бирданига шамол туриб, дераза тарақлаб ёпилади. Афғон йигит столнинг тагига кириб кетибди. Ундан сабабини сўраса, отишма бошландими, деб қўрқиб кетганини айтган экан. Тақ этган товушдан юраги зада бўлганлар, таҳликада яшаётганлар бор. Тинч юртимизда эса биз орзу-ҳавасларимизни портлатиб ўйнаяпмиз. 

Ҳар бир амалимиздан, ҳаракатимиз, сўзимиздан сўраладиган кунга ёруғ юз билан етайлик. Бировларнинг оромини бузиб, ҳавасга портлатишнинг уволи ҳам, жавоби ҳам бордир. 

Манзура Шамс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинанинг Испаниядаги элчихонасидаги портлашдан кейин посилкалардан яна бир нечта бомба топилди

264 21:04 01.12.2022

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

772 20:00 01.12.2022

Павел Фелгенгауер: «Қозоқлар ва қирғизлар ҳеч қачон Ереван тарафида туриб Бокуга қарши жанг қилмайди»

665 19:00 01.12.2022

«Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олди» — Россия ТИВ вазири Лавров

571 18:10 01.12.2022

Россиянинг Украинадаги жиноятлари текшириш бўйича трибунал иш бошлайди 

263 17:28 01.12.2022

Пентагон Қатарга дронларга қарши илғор мудофа тизимини сотади

231 16:30 01.12.2022
« Орқага