Таҳлил

Постлар ҳақида "пост"

1264

Октябр бошида Андижондан қайтгач ёзган эканман, яна айрим фикларни қўшаман деган ўйда қолиб кетган экан. Постлар ҳақидаги постларни ўқиб, эсимга тушиб кетди... Менимча, жуда кеч қолинмаган бўлса керак. 

Юртимизда сўнгги йилларда рўй берган ижобий ўзгаришларнинг энг кўзга кўринганларидан бири ‒ постлар камайгани бўлди. Тўғриси, олдин шу постлардан ўтишда аҳволимизга, халқнинг ҳолига ачинар эдим, ҳайфим келарди. Бу постларга давлатнинг қанчадан‑қанча пули кетганидан ташқари, бу ерларда аҳолининг қанчалар мол‑мулки ва соғлиги йўқотилганини ҳисобига етиб бўлмаса керак. 

Ҳозир XXI аср. Бутун дунё бундай эскилик сарқитларидан воз кечиб, советча тизимларни йўқотиб, мамалкатларни бирлаштириб ётибди. Билмадим, бундай постлар яна қаерда бор, шу уруш бўлаётган ўша бир‑иккита жойдагина топилса керак. Ҳозир тартиб ва назорат ўрнатишнинг замонавий имкониятлари қалашиб кетган. 

Масъулларимиз ҳар икки гапида намуна қилиб тилга оладиган Европа халқлари ўзаро иттифоқ тузиб, ўртадаги чегараларни олиб ташлаб, ердаги оддий чизиқдан бошқа “тўсиқ” қолдирмади. Ана шундай бир замонда бир мамлакатнинг иккита вилояти, ундан ҳам ўтиб, шаҳар билан туман ўртасига пост қўйиб, чегара қуриш қанчалар кулгили ва аянчли эканини англаш оқил исонга қийин бўлмаса керак. 

Ўзи кафтдек келадиган мамлакатда яшаймиз. Шуни ҳам парчалаб, бўлакларга ажратиш нимаси, тушунмайсан. Агар чиндан бирорта жиддий хавф бўлса, атроф чегарани мустаҳкам қилиш керак, шаҳарлар ўртасини эмас!Ахир, бизда уруш бўлаётгани йўқ‑ку?!

Эътибор берилса, бу бўлинмалар одамларнинг руҳиятига жуда салбий таъсир кўрсатади ва уларнинг фикрлашларини ҳам бузади. Бу ҳақиқатни халқнинг оддий суҳбатларидан пайқаса бўлади. Бир шаҳардаги одам бошқа бир шаҳардаги ватандошига айтяпти: «Сенларда постдагилар чатоқ, бизникилар яхши, пулингни олади, қўйиб юборади. Сенларда ҳам пулингни оларкан, ҳам асабингни бузар экан». Яна бири келаётган меҳмонга сўзлаяпти: «Постдан эсон‑омон ўтиб олсанглар, буёғда бошқа қийинчилик йўқ». Бу каби гапларни эшитиб, сўзлашаётганлар бошқа‑бошқа мамлакатларнинг аҳолиси бўлса керак, деб ўйлайсиз.

Куни кеча Водийга  бориб келдим. Алҳамдулиллоҳ, йўлларда ортиқча асаббузарлик ҳолатлари йўқ. Биргина Қамчиқ довонига чиқишдаги постда одам бор, унда ҳам асосан камералар ишлаяпти. Мана, бўлар экан‑ку замонга мос иш қилинса!

Тўғриси, бировнинг шубҳа билан қараши мен учун энг катта ҳақорат туюлади. Фараз қилинг, сиз бутун умр оилам, уй‑жойим, деб меҳнат қилиб юрсангиз‑да, оилангиздагилар сиз ҳақингизда хонадонга нисбатан бирор зарар кўзлаяптимикин, деган гумонда бўлса... Ўзини билган инсонга бундан ортиқ таҳқир бўлмаса керак? 

Мен аввалари ҳам шу постларни олиб ташласа, ҳеч қандай нохушлик бўлмайди, булар бекорчи чиқим, асаббузарлик, балки кимлар учундир тирикчилик, десам, айримлар «Йўқ, шу постлар бор, тинчмиз», дегандек сўз қотарди. Мана, Аллоҳга шукр, ўша айтган сўзларимнинг тасдиқини бугун ҳамма кўриб турибди.

Устозим Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ ёдимга тушади. Ҳазрат билан юрт бўйлаб сафарларда бўлганимизда у кишининг ватандаги ҳар бир катта‑кичик ишларга алоҳида эътибор қаратганларини кузатганман. Ўша пайтларда водийга машинада бориб, келганларида жуда кўп мулоҳазалар қилар эканлар. Бир гал Тошкентга етиб келганда: «Алҳамдулиллоҳ, постлар биттага камайибди», дегандилар. Шаҳарда ҳам қурилиши тўхтаб қолган иншоотларда иш юриб қолганини кўрсалар, «Хайрият, манави бино ҳам ишга тушадиган бўлибди», деб хурсанд бўлардилар. У киши агар кейинги йиллардаги ижобий ўзгаришларни кўрсалар, шак‑шубҳасиз, жуда ҳам қувониб кетардилар. 

Постлардан ўтар эканмиз, машинадаги ҳамроҳларнинг ҳар бири қайси постда қандай саргузаштларга гувоҳ бўлгани, қандай ҳуқуқлари топталгани ҳақида яқин ўтмиш ҳодисаларини хотирлади. Мен ҳам ўз бошимдан ўтказганларимдан, гувоҳи бўлганим аҳмоқгарчиликлардан сўзлаётиб, Германия хусусида бир киши айтган гаплар бехос хотирга келди. Унинг айтишича, СССР даврида ГДР ва ГФР ўртасида советча чегара бўлган экан. Одамлар бу чегарадан ўтишда минг хил қийинчиликларга дуч келишар экан. Иттифоқ тарқаб, иккала ҳудуд бирлашгач, чегарадаги қўриқчилик олиб ташланибди‑ю унинг айрим бинолари, асоратлари сақланиб қолибди. Шунда халқ ҳукуматдан «Чегара йўқолиб, жуда яхши енгиллик бўлди‑ку, бироқ, шу жойдан ўтаётганда ўтмишдаги қийинчиликлар ёдга тушиб, қалбимиз озорланяпти. Шунинг учун олдинги ҳолатни эслатадиган ҳеч нарса қолдирмаслигингизни сўраймиз», деган талабни қилган экан. Шунда ҳукумат чегара жойлашган ерни бутунлай текислаб, тамоман бошқа қиёфага киритиб, машиналарнинг у ердан катта тезликда ўтишини белгилаб берган экан. Аҳоли эскилик сарқитидан қутилиб, жуда ҳам мамнун бўлган экан. 

Менга яна бошқа бир фикр келди. Бу постлар шу аҳволда сақланса, эртага битта ақлли чиқиб, бир баҳона билан яна олдинги тўсиқларни тиклаб қўйса, Президентимизнинг сўзлари қаерда қолади‑ю, аҳолининг кайфияти қай ҳолга тушаркин, деган ўй хаёлимни банд қилди. Шунинг учун бу постларни бира тўла бузиб юборилса, уларнинг қайта тикланиши анча олислармиди... Яна билмадим...

*****

Мен шу постларни ҳеч ёқлай олмайман. Бунчалар замондан орқада қолиш, ҳамма нарсани орқага тортиш кимга керак, тушунмайсан. Эскича фикрлайдиган, эскича ишлайдиган, янгиликни суймайдиган, фаровонликни истамайдиган одамлар шунчалар кўпмикин ё? Ёки вилоятдагилар газ‑свет йўқлигига Пойтахтга ёпирилиб келиб олишади, деб қўрқишармикин? Бу иш ростдан ҳам тинчликнинг ғамида бўлса, нега бундай пости йўқ бошқа барча давлатлар тинч‑осуда, осмони мусаффо? Балки уларнинг тажрибаларидан ўрганиш керакдир? Ахир, ҳозир назорат ва текширувнинг минг хил усули бор‑ку!

Мана, уч йил ўтди, алҳамдулиллоҳ, ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ ва бўлмайди ҳам, иншааллоҳ. Чунки бизнинг халқимиздек ройиш, мурувватли, ишчан, асл одамлар ҳозир дунёда жуда ҳам камайиб кетган. Бу халқнинг қадрига етиш керак, уни ардоқлаш керак, ундан шумланиш керак эмас, унга хайрхоҳ бўлиш керак. 

Бу постларни тиклашга қанақадир байрамларни ёки бошқа ноаниқ омилларни сабаб қилиб кўрсатиш унчали тўғри эмас, ўхшамаган баҳона, майнавозчилик, деб ўйлайман. Байрамбозлик, мажлисвозликлар ўрнига ишбозлик, илмбозлик, раиятбозлик қилинса бўлмасмикин, дегинг келади...

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага