Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Пойтахти Францияга пойтахт бўлган Африкадаги давлат

1782

Конго Республикаси (Конго-Браззавиль) - Марказий Aфриканинг ғарбий соҳилида жойлашган давлат. Мамлакат ғарбда Габон, шимоли-ғарбда Камерун, шимоли-шарқда Марказий Aфрика Республикаси, жануби-шарқда Конго-Киншаса (КДР), жанубда Aнголанинг Кабинда эксклави ва жануби-ғарбда Aтлантика океани билан чегарадош. Француз тили Конго Республикасининг расмий тили ҳисобланади. Браззавиль - пойтахт ва энг катта шаҳар. Майдони 342 минг квадрат километрдан ортиқ бўлган Конго-Браззавилнинг тахминий аҳолиси 5,6 миллион киши. Марказий Aфрика франки - миллий пул бирлиги.

Даставвал мамлакат ҳудуди ҳозирги Конго-Киншаса билан бир бўлиб, бундан камида 3000 йил олдин Конго дарёси ҳавзасига борадиган савдо алоқаларини ўрнатган банту тилида сўзлашадиган қабилалар ҳукмрон қилган. Конго-Браззавиль илгари Франциянинг Экваториал Aфрика колонияси таркибига кирган. Конго Республикаси 1958 йил 28 ноябрда ташкил этилган ва 1960 йили Франциядан мустақилликка эришган. 1969 йилдан 1992 йилгача Конго Халқ Республикаси номи остида марксист-ленинист давлат бўлган. 1992 йилдан бери кўп партияли сайловлар ўтказилган бўлса-да, 1997 йили Конго фуқаролар урушида демократик йўл билан сайланган ҳукумат ағдарилган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1979 йили биринчи марта ҳокимиятга келган президент Денис Сассоу Нгессо деярли 40 йил ҳукмронлик қилган. Конго Республикаси Aфрика Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ла-Франкофония, Марказий Aфрика давлатлари Иқтисодий Ҳамжамияти ва Қўшилмаслик Ҳаракатининг аъзоси. Сиёсий ва иқтисодий беқарорликка қарамай, мамлакат Гвинея кўрфазидаги тўртинчи йирик нефть ишлаб чиқарувчига айланиб, аҳолиси КДРга нисбатан фаровон ҳаёт кечирган. Конго иқтисодиёти асосан нефть секторига боғлиқ бўлганлиги сабабли 2015 йилдан бери нефть нархи пасайганидан кейин иқтисодий ўсиш анча секинлашган.

Конго Республикаси 12 та вилоятга, вилоятлар эса коммуна ва туманларга бўлинган. Шимолий тропик ўрмонларнинг кенг майдонларида деярли ҳеч ким яшамайди, шунинг учун кам сонли аҳоли асосан мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида тўпланган. Шу боис, Конго-Браззавиль Aфрикадаги энг урбанизациялашган мамлакатлардан бири бўлиб, умумий аҳолининг 70% Браззавиль, Пойнт-Ноир каби бир қанча шаҳарларда истиқомат қилади. 62 та тан олинган миллий тиллар мавжуд. Бироқ, Конго халқи энг катта этник гуруҳ бўлиб, аҳолининг қарийб ярмини ташкил қилади.

Конго-Браззавиль ҳақидаги қизиқарли маълумотлар

  • Конго дарёси - дунёдаги энг чуқур дарёдир (220 м). Шунингдек, ушбу дарё сув оқими бўйича дунёдаги иккинчи энг йирик дарё ҳисобланади (сониясига 41.000 кубометр!). Дарё икки мамлакат - Конго Республикаси ва Конго Демократик Республикаси ўртасидан оқиб ўтади.
  • Браззавиль 2002 йилда дунёдаги “энг ёмон шаҳар” деб топилган.
  • Пойтахт Браззавиль Конго дарёсининг ўнг соҳилида бўлса, дарёнинг нариги томонида Конго Демократик Республикасининг пойтахти Киншаса жойлашган. Бу ер икки давлат пойтахтлари бир-бирига кўриниб турадиган дунёдаги ягона жой ҳисобланади.
  • Иккинчи Жаҳон уруши пайтида генерал Шарль де Голль Браззавилни “Озод Франциянинг пойтахти” деб эълон қилган.
  • Мамлакат шакар, какао, фанер, ёғоч ва нефтнинг асосий экспортчиси ҳисобланади.

Дин

Насронийлик - Конго Республикасидаги асосий дин. Турли манбаларда маълумотлар фарқ қилади. CIA World Factbook маълумотларига кўра, Конго Республикаси аҳолиси асосан католиклар (33,3%), протестантлар (19,9%) ва христианликнинг бошқа оқимлари вакилларидан (22,3%) иборат.

Ислом

Ислом XIX аср ўрталарида Шимолий Aфрикадан Конго Республикасига тарқалган. Исломга эргашувчилар аҳолининг 1,6% ни ташкил қилади. Бу асосан шаҳар марказларидаги чет эллик ишчиларни ташкил қилади. 2005 йили Браззавилда катта янги масжид қурилган. Шаҳар марказларидаги мусулмон ишчиларнинг аксарияти Ғарбий Aфрика, Ливан, Шимолий Aфрикадан келган муҳожирлардир. Ғарбий Aфрикалик муҳожирлар асосан Мали, Бенин, Того, Мавритания ва Сенегалдан келишган. Ливанликлар асосан сунний мусулмонлардир. Чадлик мусулмонлар ҳам кўп. Маҳаллий конголиклар орасида ҳам яқин йиллар давомида Исломни қабул қилганлар кўпайган. Улар ўз исломий уюшмаларини тузган бўлиб, ташкилот Браззавилнинг Оуэнзе маҳалласидаги Қирол Файсал масжидида жойлашган.

Браззавиль жоме масжиди

Браззавиль жоме масжиди Конго Республикаси пойтахтидаги чиройли, яшил ва оқ ранглар билан бўялган масжиддир. Браззавилнинг диққатга сазовор жойларидан бири бўлган ушбу масжид ўзининг меъморчилиги билан ҳамда шаҳардаги энг муҳим исломий жой сифатида ажралиб туради. Масжид тўртта ажойиб минора ва яшил марказий гумбаздан иборат.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Конгода Эбола вируси яна “бош кўтармоқда”

434 13:30 09.10.2021

ЖССТ ходимларининг жинсий зўравонлиги учун узр сўради

3565 10:25 29.09.2021

Конго: Эбола вирусига чалинган киши вафот этди

1609 11:30 11.04.2020

Миллионлаб боланинг борлиги тан олинмаяпти

1223 19:30 12.12.2019

Дунёда 113 миллиондан ортиқ киши очлик гирдобида 

1011 19:30 02.04.2019
« Орқага