Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мазкур Ишчи гуруҳ ишини ташкил этишдаги асосий йўналишларни белгилаб берди.
Аввало инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланиши лозимлиги таъкидланди.
Масалан, ўқув марказларидаги ўқитиш жараёни фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаса-да, лицензияланади.
Айни пайтда, айрим лицензия шартлари соҳада рақобатни ҳам чекламоқда.
Шу муносабат билан, Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига икки ой муддатда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини жорий қилиш вазифаси юклатилди.
Давлат раҳбари лицензия ва рухсатномалар бериш тартиби ва муддатларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Ундан ташқари, баъзи ҳолатларда тадбиркор лицензия олиш учун узоқ вақт давомида сарсон бўлиб, керакли ҳужжатларни тўплаб топширади, бироқ арзимаган сабаблар билан унинг аризаси қайтарилади.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев лицензиялаш жараёнларига замонавий технологияларни тўлиқ жорий қилиш зарурлигини қайд этди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига жорий йил 1 августга қадар лицензия бериш билан боғлиқ барча жараёнларни тўлиқ автоматлашган ягона электрон тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди.