Таҳлил

Президент селектори: Ш.Ғаниев, Ж.Артикходжаев ва «kun.uz» масаласи ёпилди(ми?)

3118

Кеча ижтимоий тармоқларда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги селектор бўлиб ўтгани, унда Президент очиқлик, амалдорлар масъулияти масаласига алоҳида эътибор қаратгани ҳақида хабарлар тарқади.

Мамлакатимиз раҳбаридан келтирилган иқтибосларга қараганда, охирги кунларда интернетни ларзага солган Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевнинг фермер иш юритувчисига қилган муомаласи, яъни унинг соқоли борлиги учун мажлисдан ҳайдаб, унга тегишли лойиҳани дастурдан ўчириб, камига қайсидир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарига қарата “Ўртоқ полковник, буни сартарошга олиб бориб, соч соқолини қиртишлаб ташланг” дегани, Тошкент шаҳар ҳокимининг “kun.uz” сайти журналистларига таҳдиди ҳақида умумий муносабат билдирилган.

Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Kun.uz ва Ортиқходжаевнинг «сулҳи» самимий эдими?

Бош прoкуратура ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнот берди

“...Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқаляпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда.

Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда...”

Юқоридаги фикрлар мамлакатимиз раҳбарининг қўлида ёзилган нутқдан келтирилгани кўриниб турибди. Аммо бугун тарқалган видеода Президент бу масалага очиқроқ тўхталиб ўтган. Энг эътиборга молик жиҳати, журналистлар билан, халқ билан яхши муомала қилмаган ҳар қандай раҳбардан воз кечиши ҳақида ҳам алоҳида огоҳлантирган. Албатта, бу гаплар ҳокимларнинг хурмача қилиқларидан ғазабланган фуқаролар кўнглига таскин бера олдими-йўқми, дейилса, бизнингча жавоб ижобий бўлмайди.

Энг қизиғи, тажрибали журналистлар, масалан, Фарғона вилояти ҳокимининг соқолли тадбиркорни таҳқирлаши, омма олдида изза қилишини оқлашга уриниб, ўзи халқнинг ҳақли маломат ва эътирозларига дучор бўлган таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов ҳам Артиқходжаевнинг ўз касби ва ҳамкасбларни ҳақорат ва таҳдид қилганига ОАВ орқали муносабат билдирмади. Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари сифатида Ш.Ғаниевни оқлашга, унинг кирдикорларини хаспўшлашга мажбурми? Агар шундай бўлса, Тошкент шаҳри ҳокими қайсидир маънода ҳақ бўлиб чиқади. Ўша “оқлов” видеосида фермер ва унинг иш юритувчисини соқолли кишилар экани ойдинлашади ва қайсидир маънода ҳокимнинг таҳқирли сўзларини исботлайди. Яъни М.Обидов ўзи истар истамас ўз раҳбарини фош қилиб қўяди. Камига фермерга “Озодлик” радиосига қарата риторик саволлар айтишни ўргатиб қўйгани ҳам ортиқчалик қилибди. Қаҳҳорона таъбир билан айтганда, бу “гажак ёпишмади”.

Юртимиздаги хорижий дипломатик корпус вакилларининг-да хавотирларига сабаб бўлган “таҳдид ва ҳақоратли аудио” Артиқходжаевга тегишли экани ойдинлашди, ҳатто унинг “kun.uz” билан “келишиб олгани” ҳақида хабар эълон қилинди. Шу билан қозон ёпилганга ўхшади, аммо...

Аммо Бош прокуратура ва АОКА бу ишни ўз назоратига олгани ҳақидаги расмий баёнотлари ҳали кун тартибидан тушгани йўқ.

Қолаверса, Ш.Ғаниевга уч ой синов муддати берган Олий Мажлис Сенати раҳбарияти ҳам Фарғона вилояти ҳокимининг навбатдаги машмашасига ҳам “миқ” этгани йўқ.

Тўғри, ҳамма Президентдан муносабат ва кескин чора кутаётганди. Юмшоқроқ ва умумий бўлса-да, муносабат билдирилди, эҳтимол жиддийроқ чорага ҳам ҳозирлик кўрилаётгандир. Лекин бу Сенат, Бош прокуратура ва АОКА каби идораларнинг зиммасидаги вазифани соқит қилмайди-ку?! Нега улар Ғаниев ва Артиқходжаевнинг “иш”ларига етарли баҳо бермаяпти?

Раҳбарлар халққа ҳисобот бериши керак, деган Президентнинг топшириғи қаёққа кетди?!

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Kun.uz  тўлиқ аудио ва стенаграммани қўйди: Артиқходжаев нима деганди ўзи?

934 14:18 19.11.2019

Kun.uz ва Ортиқходжаевнинг «сулҳи» самимий эдими?

1917 14:00 19.11.2019
« Орқага