Таҳлил

«Президентдан ташаббус чиқмагунча ишламайдиган парламентга кунимиз қолмасин»

1030

Сайлов яқин. Партиялар ҳаракатга тушиб қолган. “Бизга овоз беринг, биз билан бирга бўлинг, бир бирмиз” деган чақириқлар ҳаммаёқни босиб кетди. Ҳаммаси 5 йил бурунги тарихни эслатади. Сайловга яқин старт олинади, сайлов ўтади…

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтган чақириқда сайланган депутатларга ачинаман, чунки улар бундай ўзгаришлар бўлиши кутмаганди. Ёки кимдир кутганмиди? Доимгидек сайланамиз, қўл кўтарамиз, кўкрак нишони тақиб юрамиз, мандат тугайди, кейингисига рухсат берса ўтамиз, бўлмаса ўз йўлимиздан кетаверамиз, деган ўй билан юрган депутатларга ҳақиқий депутат бўлиб ишлаш имконияти тақдим этилди. Нечтадир, ҳа, ҳа, айнан нечтадир депутат бундан унумли фойдаланди. Улар томонидан кўрсатилаётган ташаббуслар нафақат ҳамкасб-депутатларни, уларни сайлаган, лекин ҳеч нарса кутмаган биз сайловчиларни ҳам шошириб қўйди. Аммо улар камчилик. Ўз ваколатларини қисқартиришга доир қонун лойиҳасини маъқуллаган депутатлардан илиётган кўнгил қолди. Ҳамма умид янги чақириқдан.

Янги чақириқ эски одатлар билан бошланди. “Бизга овоз беринг!” Жуда марта айтяпмиз, биз деганда кимни назарда тутаётганингизни билайлик. Партия номи билан партия эмас, ўзининг кучли аъзолари, депутатликка қўяётган муносиб номзодлари билан партия, ахир. Дастурларингизни бирлаштирса битта партиянинг дастури чиқадиган даражада ихтилофсиз, кимни номзодликка тақдим этишингиз, номзодларни қандай саралаб олаётганингиз махфий бўлгани ҳолда қандай қилиб сизга ишониш мумкин?

Уч йил давомида одамлар ҳам ўзгарди. Энди уларни баландпарвоз гаплар билан ўзингизга жалб қилолмайсиз. Халқ, сайловчилар амалий қадамларни кутяпти. Яна «бизга овоз беринг, шунда кўрасиз» деманг, биз яна 5 йил йўқотмоқчи эмасмиз. Беринг, аниқ таклифларга асосланган дастурингизни тақдим қилинг, қайси қонун лойиҳаларини қабул қилмоқчисиз, айтинг.

Ижтимоий тармоқлар кучини сезган партия мутасаддилари асосий урғуни пиарга қаратиб қўйишди. Концертлар, очиқ ҳаводаги учрашувлар, блогерлар билан суҳбатлар ва ҳ.з. Бу гўёки катта тўйга ўхшайди, тўй эгалари бор-будини базму жамшидга тикади, лекин ёш келин-куёв эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсалар эътибордан четда қолади: уларнинг тайёрлиги, илм олиши, ахлоқи, никоҳ сирларидан воқифлиги, талоқ масалалари, уй-жойи, маиший рўзғор буюмлари, борингки уларнинг кейинги ҳаёти ота-оналар учун биринчи даражали масала эмас. Тўйга кўпроқ одам келса, кўпроқ одам тўй ҳақида эшитса, фалончи ўғлини уйлабди, деган шов-шувлар бўлса бўлди. Ёшларнинг келажагини тақдир ҳукмига ҳавола қилишади, агар бу эътиқодий жиҳатдан бўлса, нур устига аъло нур, аммо ҳамма харажатни бир кунлик тадбирга қаратиб, қолган ҳаётни тақдир экан, деб ўтириш биз мумсулмонларга ярашмайдиган иш.

Партиялар худди шу йўлдан боришяпти. Тадбирларга кетаётган маблағни жорий ҳолатни таҳлил қилишга, шу асосда тегишли амалий дастурлар ишлаб чиқишга, муносиб номзодларни топишга, уларни депутатлик сир-асрорларидан воқиф қилишга сарфлашса мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, реклама учун пул ажратилган, дейишади, бу худди совет давридаги каби, ажратилган пул фақат ва фақат ўша ажратилган йўналишга ишлатилиши керак, бўлмаса олиб қўйилади. Ўзи шу тушунчани бекор қилиш керак, “ўзлаштирилди”. Бу нима дегани? Нима қилиб бўлса ҳам шу пулни ишлатиш керак деганими? Ишни бажарилганига, унинг натижасига эътибор қаратган яхшироқ, унга қанча маблағ кетгани муҳим бўлмаслиги керак, албатта белгиланганидан кўп кетиши яхшилаб асосланиши керак.

Партиялардан аниқ дасурларни кутяпмиз. Такрор бўлса ҳам айтамиз. Қандай қонунлар қабул қилмоқчисиз? Жорий ҳолатни ўргандингизми? Биз ҳеч бир партиянинг Ўзбекистон ривожланишининг бугунги ҳолати, истиқболлар ҳақида бирорта таҳлилий-статистик мақола эълон қилганини кўрмадик.

Партиялар ҳаракатда, фақат бу ҳаракатни тўғри йўналишга, фойдали тарафга буриш керак. Акси бўлса яна беш йил кутамиз, Президентдан ташаббус чиқмагунча ишламайдиган парламентга кунимиз қолади.

Ғайратхўжа Сайдалиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сайлов -2019: эртанги парламент халққа қандай наф келтиради?

482 14:40 16.11.2019

Номзодингиз соқов эмасми?! (Сиёсий партиялар раҳбарларига очиқ хат)

985 11:00 14.11.2019

Сиёсий партияларга сайловларда қатнашишига ижозат берилди: ҳар бир номзодга ўн миллион сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилади

216 15:20 15.10.2019

«Номзодликка номзодлар рўйхатини кўрамизми?»

1110 09:18 04.10.2019

«Сизлар машҳур эмассиз, шунинг учун сабр қилинг»

7622 16:05 28.09.2019
« Орқага