Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Президентнинг Саудия Арабистонига ташрифидаги келишувлар амалга татбиқ қилинмоқда

873

Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 17-18 августдаги Саудия Арабистонига ташрифи вақтида энергетика, кимё, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва молия соҳасида эришилган келишувлар амалга татбиқ этилмоқда.

Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан видеоконференсалоқа орқали учрашув ўтказди. Йиғилишда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойида Саудия Арабистони Подшоҳлигига ташрифи чоғида имзоланган инвестициявий битимларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ва уни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бу ҳақида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар беради.

Музокараларда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Томонлар кўп қиррали икки томонлама муносабатлар кун тартибини кўриб чиқиб, мавжуд ижобий динамика икки давлат раҳбарияти ўртасидаги ишончли муносабатларга асосланганлигини таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.

Энергетика соҳасида сармоявий ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ҳозирда АCWА Power компанияси умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ ва қуввати 4,1 ГВт дан ортиқ бўлган 5 та лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳаларни жорий этишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантиришни ўз ичига олган 10 миллиард долларлик янги инвестиция дастурини ишлаб чиқишни маромига етказиш бўйича келишувга эришилди.

1 миллиард 310 миллион долларлик МТП технологияси асосида метанолдан пропилен ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутган ҳолда кимё тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишларнинг бориши кўриб чиқилди. Жорий йилнинг декабрь ойида лойиҳанинг техник ва технологик параметрларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш мақсадида Саудия Арабистони компаниялари делегациясининг ташриф буюриши режалаштирилди.

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ишлар ҳам худди шундай конструктив руҳда муҳокама қилинди. Томонлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 5 та шифохонани реконструкция қилиш, Ал-Ҳабиб тиббиёт академиясини ташкил этиш ва фармацевтика ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш ҳақида фикр алмашдилар. Саудия томони барча тайёргарлик жараёнларини амалга ошириш ва лойиҳа ҳужжатларини шакллантиришни тезлаштириш мақсадида мутахассислар гуруҳини юборишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Иқлим шароити ва тупроқ сифатини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди. Таҳлил натижаларига кўра, Навоий ва Тошкент вилоятларида 1,8 минг гектардан ортиқ майдонда “Al Rajhi International” ва  “Ajlan & Bros” компаниялари мутахассислари томонидан илғор тажриба ва технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлар бошлаб юборилади.

Томонлар Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси билан Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ўртасида қўшма инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш тўғрисида Битим тузиш, шунингдек, Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси кўмагида Ўзбекистонда Индексга асосланган акциядорлик жамғармасини ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган барча лойиҳаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқлигини билдирдилар.

Эслатиб ўтамиз, ушбу келишувларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 17-18 августдаги Саудия Арабистонига ташрифи вақтида эришилганди. Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон делегацияси вакиллари Мадина шаҳрида Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам масжидлари зиёрати ва умра ибодатини ҳам амалга оширган эдилар.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намозда икки ёки учта зам сура ўқиса бўладими?

269 10:21 07.02.2023

«Зилзила Эрдоған маъмурияти учун жиддий имтиҳон» – Камолиддин Раббимов

260 10:05 07.02.2023

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

474 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1099 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1716 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1342 19:36 06.02.2023
« Орқага