Пул ҳам йиғилмайди, форма ҳам кийилмайди

22:00 16.11.2018 3221

Биз Канадага кўчиб келганимизда каттам Исмоил 7га тўлиш арафасида эди. У ҳали мактабга чиқмаган, аммо Тошкентда тайёрлов курсларига борарди ҳар шанба куни. Шу сабабли, келишимиз билан Калгарида уни мактабга бериш ҳаракатига тушдик.

Биз янги иммигрант бўлганимиз учун, мактабга чиқишдан аввал, болани қайси синфга олишни аниқлаш учун имтихон қилишди. Бу ерда 1-синф 6 ёшдан бошланади, Исмоил 7 ёш эди, шунинг учун уни 1 ёки 2-синфга олиш кераклигини аниқлаймиз дейишди.

Исмоил инглиз тилида 3-4та сўздан ташқари ҳеч нарсани билмасди, аммо математикаси яхши эди. Ишқилиб, имтихон натижасига кўра уни 2-синфга олишди. Исмоил билан гаплашган ўқитувчининг сўзларига кўра, инглиз тилида тушунтиролмаса ҳам, жавобларга ёзиб-чизиб, имо-ишора билан тушунтирибди.

Қизиқ воқеа, ҳалигача кулиб эслаймиз. Логикани текшириш учун унга бир варақ қоғоз беришган. Қоғозда иккита сурат бўлган, иккаловидаям табиат акс этган. Аммо бир суратда мушук ҳам бўлган, иккинчисида эса йўқ. Шунда Исмоил суратлар тагига yes cat, no cat деб ёзиб қўйган экан.

Шундай қилиб, каттам 2016 йил сентябрь ойида 2-синфга чиқди, оддий давлат мактабига. Тилни билмагани учун бир ҳафтада бир неча марта қўшимча инглиз тилини ҳам ўргатишди. Бир йил деганда тилни жуда яхши ўзлаштирди. 1,5 ярим йилдан кейин ўқитувчиси билан гаплашганимда, у «ўғлингнинг луғат бойлиги маҳаллий канадалик болаларникидан кўпроқ» деб роса хурсанд қилди.

Калгаридаги мактабларда ўқиш 8:30дан 15:20гача давом этади. Ўртада тушлик қилишади. Унинг учун ойиси ҳар куни тушлик бериб юборади. Биз мактабга яқин турамиз, шунинг учун мактаб автобусларидан фойдаланмаймиз.
Бу ерда мактаблар бепул. Китоб-дафтар, дарслик, қалам-ручка сотиб олмайсиз бир дона ҳам. Ҳаммаси мактаб томонидан тақдим этилади. Уйга биттаям китоб ё дафтар кўтариб келмайди. Ҳамма дарс мактабда бўлади. Ҳар семестр тугашида мактабда кўргазма бўлади. Ҳар бир ўқувчи ота-онасига семестр давомида нималар ўрганганини кўрсатиб беради. Кейин дафтарларини уйга олиб келади, янги семестрдан янги дафтар тутишади.

Мактаб автобуслари ҳам бепул. Агар сиз мактабга яқин турсангиз (яъни, сизга автобусдан фойдаланиш «не положено»), аммо барибир фойдаланмоқчи бўлсангиз, у ҳолда йилига 230 АҚШ доллари тўлайсиз.

Яна бир ҳаражат бор. Болалар мактабда ўзлари тушлик қилишади дедим юқорида. Тушлик пайтида уларга катталар қараб туришади. Бунга йилига 200 АҚШ доллари тўлаш керак. Тўлаш мажбурий эмас. Хоҳласангиз, болангизни тушликда уйга опкетиб, қорнини тўйғазиб, қайтиб опкеб кўйишингиз мумкин, танаффус 40 дақиқа.

Болалар йилига 3-4 марта экскурсияларга боришади. Масалан, зоопаркка, фермага (ҳайвон ва ўсимликларни ўрганиш учун), музей ва кўргазмаларга. Улар ҳам пуллик, ҳар бири таҳминан 10 доллар.

Танаффус пайтлари болалар кўчага чиқиши шарт. Ҳарорат –20дан паст бўлмаса кўчага чиқишади, –19 даражада ҳам! Шунинг учун болаларни қалин кийинтириш керак. Деярли барча мактабларда ўйингоҳлари бор, ўйнашади мазза қилиб.

Форма йўқ! Ҳеч қанақа. Ёзда шортикда бориш ҳам мумкин. Ўқитувчилар учун дресс-код бор: калта кийиш, майкада келиш мумкин эмас. Аммо форма йўқ. Хоҳласа юбка, хоҳласа шим, хоҳлаган рангини кияверади.

Уй ишилар ҳам йўқ. Исмоил 4-синфда, ҳали бирор марта уй иши беришмади. Фақат ўқитувчи тавсияси бор — кўп китоб ўқишсин, дейди.

Пул ҳам йиғилмайди ҳеч қачон, бир тийин ҳам. Баъзида акциялар бўлади. Масалан, китоб дўкони келади мактабга. Китоб сотиб олсангиз, мактабга ҳам улуш беришади. Ёки кўнгилли сифатида мактабга ёрдам берсангиз, мактаб пули тежалади. Мактаблар бу пулларни кейин мустақил ишлатиши мумкин.

Фарҳод Файзуллаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!