Пуллар қандай пайдо бўлган?

19:00 07.03.2018 561

Инсонлар бир-бири билан муомала қилиш жараёнида ўзаро олди-бердига муҳтож бўладилар. Ўзи ишлаб чиқарган товар ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотини  муносиб қиймат эвазига ўзгаларга алмаштиради. Бунда муносиб қиймат вазифасини пул ўтайди. Пул моддий ҳаёт учун муҳим нарсалардан ҳисобланади. Аслида, пул ҳам бошқа товарлар каби бир товар. Лекин у бошқа товарлардан фарқ қилувчи хусусиятларга эга. Унинг махсус товар сифатида хусусияти шундаки, у барча товарларнинг қийматини ўзида ифода этувчи, умумий эквивалент (ҳар жиҳатдан тенг бўлган, ҳар қандай нарса билан алмашина оладиган) ҳисобланади.

Умумий эквивалент (ҳар қандай нарса билан алмашина олувчи) ролини узоқ йиллар давомида олтин бажариб келган бўлса-да, лекин товар хўжалиги ва ундаги пул муомаласининг ривожланиши қоғоз пулларнинг юзага келишига олиб келди. Қоғоз пуллар деб ҳукумат томонидан бюджет камоматини қоплаш учун чиқарилган, металл пулларга алмаштирилмайдиган, лекин давлат томонидан маълум курси ўрнатилган пул белгиларига айтилади. 

Тўла олтин ва кумушдан бўлмаган тангалар муомалада пул сифатида ишлатилган бўлса-да, олтин ва кумушдан фарқли ўлароқ уларнинг номинал (белгиланган) миқдори реал миқдоридан фарқ қилган. Шундай бўлса ҳам бу тангалар маълум миқдордаги металлни ифодалаган. Қоғоз пуллар эса муомалага чиқарилган вақтда ва ундан кейин ҳам узоқ йиллар давомида маълум бир миқдордаги олтинни ўзида ифода этган. Аммо бирор давлатнинг пулида металлнинг зарраси ҳам бўлмаган, яни улар қиймат белгиси ҳисобланган, холос.

Пул қандай шаклда бўлишидан қатъи назар у пул бўлиб қолаверади. Пулнинг моҳиятини эса қўйидагича таърифлашимиз мумкин: Пул – бу махсус товар, умумий эквивалент бўлиб (ҳар қандай нарса билан алмашина олувчи), меҳнат харажатларини ўзида акс эттиради ва товар хўжалигидаги ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатларини ифодалайди.  Бу таъриф пулнинг барча хусусиятларини ўзида тўлиқ ифодалайди.

Булар пулнинг бошқа товарлардан ажралиб турувчи махсус товар эканлиги, у ягона товар бўлиб, қолган товарларнинг қийматини ўзида ифода қилиши (бошқа бирорта товар бу хусусиятга эга бўла олмайди), пулнинг эквивалент сифатида товарни ишлаб чиқаришга кетган меҳнат ва бошқа харажатларни ўзида ифода этииши, пулнинг ҳар бир иқтисодий тизимда, товар ишлаб чиқаришда кишилар ўртасида юзага келадиган иқтисодий муносабатларни ифода қилишини англатади.

Бозор иқтисоди ривожланиб бораётган бир шароитда пулнинг зарурлиги, унинг моҳиятини тадқиқ қилишдан кўра пулнинг иқтисодга, ишлаб чиқаришга, бандликка таъсирини илмий ўрганиш жамиятимиз учун катта аҳамиятга эга.

Пул ҳақида фикр юритилганда унинг тарихий жараёнларида вужудга келган турлари ҳақида гапириш ўринли бўлади, албатта. Пул ўзининг эволюцияси жараёнида металл (олтин, кумуш, мис), қоғоз пуллар шаклида ишлатилиб келинган. Пуллар қийматни ўзида ифодалашига қараб икки турга бўлинади:

- ҳақиқий пуллар;

- ҳақиқий пул издошлари, яъни қиймат белгилари.

Ҳақиқий пуллар номинал (белгиланган) қийматини ўзида ифодаловчи, реал қийматга эга бўлган металл пуллар бўлиб, улар ҳар хил шаклларда чиқарилган ва кейинчалик амалиётда қулай бўлган айлана шаклда чиқарилган (шу шаклда металл нисбатан камроқ емирилади). Тарихий маълумотларга кўра биринчи тангалар бундан 26 аср олдин Лидия ва Хитойда,  VII асрларда ҳозирги Марказий Осиё давлатларида, IХ-Х асрларда Киев русида зарб қилинган. XVIII асрнинг охири ва ХIХ асрнинг бошларида тангалар, асосан, олтиндан зарб қилинган.

Кейинчалик олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни қазиб чиқариш қийинлашуви, ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ва тўлов, муомала воситасига бўлган эҳтиёжнинг ошиши натижасида муомалага қиймат белгиларини (қоғоз пулларни) киритиш зарур бўлиб қолди. Олтин ва кумуш муомаладан четга чиқа бошлади.

Қоғоз пуллар ҳақиқий пулларнинг вакили бўлиб, пулнинг муомала функцияси (вазифаси) ривожланиши натижасида юзага келган. Қоғоз пуллар юзага келишининг қуйидаги босқичларини санаб ўтиш мумкин:

Биринчи босқич – тангаларнинг узоқ вақт муомалада бўлиши, қўлдан-қўлга ўтиш натижасида емирилиши;

Иккинчи босқич – тангадаги металл таркибининг бузулиши. Давлат томонидан онгли равишда давлат хазинасига тушумни ошириш мақсадида тангаларнинг металл (олтин, кумуш) миқдорининг камайтирилиши;

Бу босқичда танга таркибининг бузилишига олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо металларни қазиб чиқаришнинг қийинлиги, заҳираларининг камлиги ҳам асосий сабаблардан бири бўлган.

Учинчи босқич – давлат томонидан эмиссион(қимматли қоғоз чиқариш) даромад олиш мақсадида хазина билетларининг чиқарилиши.

Адабиётларда биринчи қоғоз пуллар ХII асрда Хитойда ишлаб чиқарилган деб кўрсатилади. Лекин баъзи тарихий маълумотларга қараганда 700 йилларда кумуш тангалар чиқарилгунга қадар Бухорода қоғоз материаллардан пул сифатида фойдаланилган. Қоғоз пуллар Америка ва Европада ХVII - ХVIII асрларда, Россияда 1769 йилда чиқарилган.

Қоғоз пулларни муомалага чиқаришда пул муомаласи қонуни талабларини эътиборга олиш керак. Лекин амалиётда ҳар доим ҳам шу талаблар эътиборга олинавермайди. Пул муомалага товар айланишинг эҳтиёжини қоплаш учунгина чиқарилиши керак. Бу пулнинг қадрини сақлаб қолишдаги энг асосий принциплардан (асосий қонун-қоида) биридир.

Манба: Mumina.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!