Таҳлил

Puma зулмга ҳомийлик қилмоқда

3515

Футбол томон илк қадамларимни қўйганимдан буён Фаластин аёллар миллий терма жамоасида ўйнашни орзу қилганман. Ниҳоят, шу орзуим амалга ошди – ҳозирда ушбу терма жамоа ҳимоячисиман. Аммо орзуимнинг рўёби нафақат машаққатли меҳнат, балки Исроилнинг зўравон ҳарбий бошқаруви ва ирқий камситиш тизимининг бошқа томонига дуч келиш ҳам демакдир.

Фаластинда спортчи бўлиш осон эмас. Бу ерда ўйин ҳар қандай сиёсат ёки можародан устун, деб айтиб бўлмайди. Биз Исроилнинг чекловлари ва тазйиқлари ичида яшаяпмиз. Исроилнинг ишғол ва апартеид тизими барча фаластинликларнинг, шу жумладан, спортчиларнинг ҳар қандай ҳаракат эркинлигини чеклайди. Биз мунтазам равишда Исроил кучларининг тазйиқи ва таҳқирлашларига дучор бўламиз. Ҳатто ўйин майдонларида ҳам буни унутишнинг асло иложи йўқ.

Машғулотлар ёки тадбирларга борганимизда, доимо ҳарбий пунктларда ҳақоратли терговлар билан юзма-юз бўлишга мажбурмиз. Бизнинг ўйинларимиз қуролли аскарлар томонидан тўхтатиб қўйилиши ҳам янгилик бўлмай қолган. Доимий равишда кенгайиб бораётган ноқонуний аҳоли пунктлари ва Исроил бомбардимонлари натижасида вайрон бўлган стадионларимиз ҳақида эса нима дейишниям билмайман…

Фаластинда спортчи сифатида мартаба орттириш доимий курашлар демакдир, чунки Исроил босқини ҳар қадамда бизнинг олдимизга тўсиқ қўяверади. Шу сабаб  дунё ҳамжамиятидан, айниқса, спорт муассасалари ва компанияларидан изтиробларимизни  англаб, бизни қўллаб-қувватлашларини кутамиз, спорт брендлари ва компанияларининг Исроил ишғолини оқлаш йўлидаги уринишларини қатъиян рад этамиз.

Ўтган йили спорт кийимларини ишлаб чиқарувчи Puma бренди Исроил футбол уюшмаси (ИФА) билан тўрт йиллик ҳомийлик битимини имзолади. Ҳолбуки, ИФАнинг Исроилнинг ноқонуний турар-жой компаниясига алоқадорлиги БМТ маслаҳатчилари, ўнлаб мансабдорлар, жамоат арбоблари ва фуқаролик жамияти ҳамда инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан бир неча бор тан олинган.

Puma «спорт бизни ўзгартириш ва янада кучлироқ қилишга қодир» дейди. Бу айни ҳақиқат. Спорт менинг ҳаётимни ва ҳар қандай ишғолга қарамай ўз орзуларини амалга оширишда давом этган кўплаб фаластинликларнинг ҳаётини ўзгартиргани рост. Аммо ҳар куни зулм остида курашадиган биз каби одамларга имконият бериш ўрнига Puma золимларни қўллаб-қувватлашни танлагани қизиқ.

Ҳозирги кунга қадар 200 дан ортиқ Фаластин жамоалари компанияни ўз ахлоқ кодексига риоя қилишга ва ИФА билан ҳомийлик битимини тугатишга чақиришди.

Puma шартномани қайта кўриб чиқиш бўйича такрорий сўровларига қандай жавоб берди, деб ўйлайсиз? «Умумжаҳон тенглик принципига содиқлик» даъвоси билан танқидни рад этишга қаратилган кулгили уринишдан бошқа ҳеч нарса қилгани йўқ. Puma Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Шу билан бирга, бу йилги Фаластин кубоги Исроилнинг Фаластин ҳаракатини чеклаши сабабли бекор қилинди. Аввалига Исроил Ғазо Лигасида ғолиб бўлган битта ўйинчининг босиб олинган Ғарбий соҳилга боришига рухсат беришдан бош тортган эди.

2018 йилда Исроилнинг Ғазодаги 12 йиллик қамалини тўхтатишга қаратилган тинч намойишларда қатнашганларга Исроил ҳарбийларининг ўт очиши натижасида 183 киши ҳаётдан кўз юмган ва 6 мингдан зиёд одам яраланган эди.  Булар орасида умидли спортчилар ҳам бўлган – снайпер ўқлари уларнинг бутун карьерасини барбод қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тергов комиссияси исроиллик ҳарбийлар намойишларда қатнашган фаластинликларни қасддан нишонга олиб ўлдирганини, бу эса уруш жиноятига сабаб бўлишини таъкидлаган.

Шунга қарамай Puma’нинг позицияси ўзгаргани йўқ. Шу сабабли бутун дунё бўйлаб минглаб одамлар Puma ИФА ҳомийлигидан воз кечмагунча компания маҳсулотларидан воз кечишларини эълон қилди.

Жорий йилнинг июнь ойида дунёнинг 20 мамлакатидаги инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Puma’нинг ИФА ҳомийлигига қарши чиқишди. Бугун улар дунё бўйлаб 50 дан ортиқ ҳаракатни ўзида мужассамлаштирилувчи иккинчи глобал ҳаракат кунига тайёргарлик кўрмоқда.

Puma спорт ва ҳалол ўйин принципларига риоя қилмаётгани туфайли жавобгарликка тортилишига эришиш барчамизнинг вазифамиздир.

Мен ҳаётимнинг энг муҳим қисми сифатида қийинчиликларни ва тўсиқларни енгиб ўтган ёш фаластинлик аёл сифатида Исроил зулмининг  орзуларимни амалга оширишимга тўсқинлик қилишига асло йўл қўймайман.

Эркинлик ва адолатни қадрлайдиганлар, мен билан айни сафдаги ҳар ким Puma’ни бизни шунча азоб-уқубатларга дучор қилганларга ҳомийлик қилишни тугатиб, ижтимоий ўзгаришларни амалга ошириш ҳақидаги ваъдасини бажаришга ундашига умидворман.

Айя Хаттоб

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исроил армияси Ғазодаги намойишни тарқатишга уринди, 5 киши яраланди

155 08:00 14.12.2019

Фаластинга гуманитар ёрдам бериш учун янги дастур бошланди

148 16:30 12.12.2019

“Ғарб ва баъзи араб давлатлари Исроилнинг қонунсизлигини қўллаб-қувватлаяпти”

1029 13:30 10.12.2019

Исроил босқини Фаластинга қарийб 48 млрд долларга тушди

356 13:30 03.12.2019

Бу йил ҳам юзлаб фаластинлик болалар ва ўсмирлар қўлга олинди

241 15:00 21.11.2019

Исроил АҚШдан миннатдор, БМТ афсусда, Фаластин иложсиз

710 10:00 21.11.2019
« Орқага