Путин Эрдоған билан Су-57 самолёти устида биргаликда ишлашни муҳокама қилди

09:35 29.08.2019 547

Россия президентининг эътироф этишича Туркия раҳбарига янги қурол-яроғ ва радио электрон урушлар тизимлари намойиш этилган.

Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан Россия авиа техникасини биргаликда ишлаб чиқаришни муҳокама қилди. Россия раҳбари бу ҳақда Эрдўған билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Биз Су-35 борасида ҳамкорлик тўғрисида ва ҳатто янги Су-57 самолёти устида биргаликда ишлаш эҳтимоли тўғрисида гаплашдик” деди Путин. “Бизда кўплаб имкониятлар бор, биз янги қурол-яроғ ва янги радио электрон уруш тизимларини намойиш қилдик.” “Менимча, кўплаб нарсалар бизнинг туркиялик шерикларимизни қизиқтирди. Нафақат сотиб олиш нуқтаи назаридан, балки биргаликда ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан ҳам”, дея қўшимча қилди у. “Айтганча, биз бунга тайёрмиз ва ҳозирда муайян соҳалар бўйича фаол муҳокама олиб борамиз.“

Путин Россия ҳарбий ва фуқаро авиацияси соҳасидаги истиқболли тараққиётдан ғурурланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, туркиялик меҳмонлар сешанба куни Жуковскийда очилган МАКС-2019 кўргазмасида, хусусан, Россиянинг янги МС-21 самолётини кўриш имкониятига эга бўлишган. “Тушунишимча, у Президент [Эрдоған]га ёқди. Унга [Эрдоғанга] вертолёт технологияси, жумладан тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган Ми-38 енгил вертолётлари ҳам жуда маъқул бўлди”, деди Россия раҳбари. Унинг эслатишича, Эрдоған Туркияда тез тиббий ёрдам авиация тизимини ривожлантириш бўйича бутун бир дастурни амалга оширишни режалаштирмоқда. “Бизнинг ҳам Россия учун шундай режаларимиз бор”, деб қўшиб қўйди Россия раҳбари.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!