Қачон «Водий питак»да аҳоли учун шароит яратилади?

12:20 11.07.2019 722

Яқинда онамни кузатиш учун Қўйлиқдаги “Наманган питак”га бордим. Бир машинани гаплашдик. Ҳайдовчи бизни машинаси турган ерга бошлади. Тўғриси, у ерни кўриб кўнглим беҳузур бўлди. Чунки, аввалги сафар келганимда ҳам атрофдаги ахлат ва чиқиндини кўриб шундай аҳволга тушгандим. Ўйланиб қолдим, водийга тоғ йўли очилганига 25 йилдан ошган бўлса ҳамки, аҳвол ўша-ўша. Бутун бошли 3 та вилоятга борадиганларнинг барчаси уйига қатнов учун ҳеч қандай шароит яратилмаган чиқиндихонадан қатнашга мажбур. Дарвоқе, Андижон ва Фарғона вилоятларга қатновчи автомобиллар тураржойи бирмунча яхшироқ. Жуда шароити зўр бўлмаса ҳам, ҳар қалай атрофи нисбатан озода, машина турадиган жой асфальт қилинган. Ҳар ҳолда ёзда тупроқ, қишда лой кечмайсиз. Атрофингизда кўнгил айнитадиган нарсалар йўқ.

“Наманган питак”ни эса таърифлашга тил ожиз. Савол туғилади: нега шу пайтгача на одамлар, на ҳайдовчилар бу масалада ҳеч кимга мурожаат қилмаган? Менимча, бу лоқайдлик оқибати бўлса керак. Ҳамма “келаман-у кетаман, менга нима”, деган бўлса керак. Лекин ўша келаман-у кетаман деган жойингизда ҳам ёзнинг жазирамасида куйиб, қишнинг серёғин, изғиринли кунларида совуқ қотиб туришимиз бор гап ку. Бир бурчакда атрофи эски латта билан ўралган жойга кўзим тушди. Нима экан, деб ҳайрон бўлиб турсам, ҳожатхона дейишди. Халққа янгидан-янги шароитлар яратилаётгани ҳақида ваъз айтаётган мутасаддилар пойтахтни учта вилоят билан боғлаб турадиган йўналишга ҳам бироз эьтибор берса бўлмасмикан?!

Олдинги сиёсат даврида айнан шу йўналишда йўлларда яхшигина пул сарфлаб постлар қуришди. Халқ пулига қурилган ўша постлар халқнинг қонини ичди. Чунки ҳар қадамда пост, тўхтатиб текширар, соатлаб тирбандликда туришлар, одамлар ўз юртида ҳам бемалол юролмаслиги жонга тегган эди. Худога шукр кейин бу муаммолар ҳам йўқ бўлди..

Лекин ҳеч ким ўша йўналишда қатнайдиган халққа шароит яратишни ўйламади. Агар ўйлаганда ўшанча пост қуришга пул топган чиновниклар битта шароити бор автобекат қуриб берарди бечора, гапиришни билмайдиган ювош халққа. Агар гапирсак гап кўп. Лекин кўп гапиришдан нима фойда. Мақсад битта, талаб битта — водий аҳолиси қатнайдиган Қўйлиқ бозори яқинида автобекат қуриш, тамом!

Икром УЛУҒБОЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!