Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қадимги даврларда ҳам рибо бўлганми?

586

Кенг тарқалган фикрларга рад сифатида шуни айтиш мумкинки, ислом қарзлар бўйича фоизлар бериш ва ундиришни қоралаётган биринчи ва ягона дин эмас. Судхўрликка нафақат яккахудолик жамиятларида, балки Антик даврдаги “кўпхудолик” жамиятларида ҳам салбий муносабатда бўлинган[1].

Судхўрликка қарши бўлганларнинг жаҳон тарихидаги энг машҳур намоёндаларидан бири Аристотель[2] эди, у судхўрлик тўғрисида ”тўла асосда нафрат қўзғайди... Чунки, пул белгиларининг асосий мақсадини буткул йўққа чиқаради, ахир пуллар савдода айирбошлашни амалга ошириш учун юзага келган эди, судхўрлик пулларни хусусий мулк предметига айлантирди ва фоиз ундириш эса уларни ўсишига олиб боради. Шундан келиб чиқиб, худди болалар ота-оналарига ўхшаганидек фоизлар ҳам пул белгиларидан келиб чиқувчи пул белгиларидир[3]. Меҳнатсиз даромад топишнинг ушбу тури афзаллиги бўйича табиатига қарама-қаршидир” дея фикр билдирган эди.

Лекин судхўрлик юнонлар томонидан кашф этилмаган. Шу билан бирга фоизли қарзлар кишиларнинг давлат сифатида бирлашишлари дастлабки йилларида иқтисодий муносабатларда ишлатилар эди деб айта олмаймиз. Мавжуд маълумотлар бўйича фикр юритиладиган бўлса, ссуда фоизи айрим қадимий жамиятларга маълум эмас эди. Фоизларни ундириш Шумер маданиятининг “муваффақият”и ҳисобланади. Бронза асри (Хетт қироллиги, Харапп ва Крито-Микен маданияти) аввалги даврлари маданияти ва бошқа давлатларда фоиз муносабатлари[4] амалда маълум эмас эди. Масалан, хеттларда фақат қалтис мажбуриятлар( ўлдириб қўйганлик ёки шикаст етказганлик учун товон тўлаш) кенг тарқалган бўлиб, фоиз тўлаш бўйича мажбуриятлар амалиётда йўқ эди. Шунингдек, қадимги Мисрда ҳам шу даврда фоиз муносабатлари борлигини тасдиқловчи ҳужжатли далиллар мавжуд эмас.

Кейинчалик фоизлар ундириш амалиёти финикияликлар орқали Рим ва Юнонистонда ўзлаштирилди, улар орқали эса Европанинг бошқа ҳалқларига ўтиб борди. Масалан, Римда молиялар, савдо ва солиқлар ундиришни сотиб олиш ҳуқуқи суворийлар табақаси қўлида эди. Салтанатнинг шарқий тарафларида баъзан бутун бир қиролликлар суворий-судхўрларга қарамликка тушиб қолар эдилар: Италияда ссуда фоизи миқдори қонун билан чекланган эди, лекин вилоятларда фоиз ставкаси чекланмаган ва 50%гача бориши мумкин эди. Агар қарздор ўз қарзини тўлай олмаса, уни қуллик кутар эди.

Салтанатда молиявий сектор ривожланишига қарамай, Рим иқтисодиёти ишлаб чиқариш асосларига эга эканликда давом этди.

Шуни қайд этиш лозимки, қадимда турли давлатлардаги фоиз ставкалари қандайдир иқтисодий кўрсаткичлардан эмас, балки умумқабул қилинган саноқ тизимига мувофиқ келувчи ҳисоб-китобларнинг ўнғайлигидан келиб чиқиб ўрнатилган. Масалан, Шумерда олтмишталик саноқ тизимидан фойдаланилган, шунга мувофиқ фоиз ставкаси ойига 1/60ни ташкил этган, Юнонистонда эса амалда ўнлик саноқ ишлатилган.

Шумердаги судхўрликнинг ривожланиши диний намояндалар – коҳинлар тарафидан рағбатлантириб турилган: ибодатхона судхўрлиги номи билан аталувчи ибодатхоналар томонидан амалга оширилган кредитлаш катта миқёсларни ташкил этган.

Фоиз муносабатлари амалга киритилган дастлабки кунлардан бошлаб кредитлар мақсадидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ва тижорат кредитларига бўлинган, кредитнинг кейинги тури аввалгисидан олдинроқ пайдо бўлган эди.

Кредитларни бериш шартларига кўра таснифлайдиган бўлсак, масалан, Ур династиясининг III даврида (эрамиздан аввалги 2112-1996 йиллар) кредитларнинг уч асосий шакли маълум бўлган: оддий, фоизсиз ва антихрез[5]. Бундан ташқари, кредитнинг у қадар кенг тарқалмаган, масалан, бодмерей( кемаларни гаровга олган ҳолда қарз бериш шартномаси) деб аталувчи каби бошқа кўплаб шакллари ҳам мавжуд эди.

Фоиз муносабатларининг энг кенг тарқалган шакли оддий кредитлар эди. Шартнома шартларида кредитни қайтариш муддатлари доим ҳам кўрсатилмаган. Қоидага кўра, династиянинг III давридаги оддий кредит шартномасида қуйидаги маълумотлар кўрсатиб ўтилган: кредит миқдори, кредитор ва қарздорнинг шахси, фоиз ставкаси ва гувоҳларнинг исмлари.

Фоизсиз кредитларда эса қоидага кўра муддат келишилган бўлади. Мана шундай фоизсиз кредитлар одатда қисқа муддатли( бир ой муддатга қадар) бўлган ва йирик оилавий хўжалик ёхуд ихтисослашган корхона доирасида берилган.

Қарз муддатида қайтарилмаган ҳолатда, қарздор тўлов миқдорини икки ҳисса ошириб тўлаш мажбуриятини бўйнига олиб, тўловни кейинга суриши мумкин эди. Бундай амалиёт Месопотамияда кенг тарқалган бўлиб, кейинчалик Яқин Шарқнинг бошқа жамоаларида ҳам ишлатила бошланди. Масалан, мусулмон фиқҳида маълум бўлган насия рибоси (қарз рибоси) авваллари, кредитор (қарз берувчи) томонидан кредитнинг қайтариш муддатини узайтириш ҳисобига қарздорнинг қарзнинг асосий миқдорига фоиз қўшиб тўлашидан ўзга нарса эмас эди. [6].

Антихрез кредитларида фоизнинг ўрнига, маълум бир шахс ёки бир гуруҳ шахслар томонидан шартнома талабларига боғлиқ равишда тақдим этиладиган жисмоний меҳнат иштирок этган. Бундай шаклдаги кредитларга қўл кучи етишмаган ҳолларда талаб ўта кучайиши сезилиб турган ва бундай вазиятлар Ур иқтисодиётида тез-тез содир бўлиб турган. Антихрез кредитлари икки шаклга бўлинган. Биринчи ҳолатда кредит предмети кумуш бўлиб, кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ўрнига қарздорнинг жисмоний меҳнати билан ҳисоб-китоб қилинган. Иккинчи ҳолатда эса кредит сифатида арпа берилган. Кредит тўлови сифатида қарздор батрак сингари қарз берувчига ишлаб берган. Шунга мувофиқ равишда ишлаб чиқариш эҳтиёжларига кредит кумушда, истеъмол эҳтиёжларига эса - буғдойда[7] берилган. Истеъмол кредитлари бўйича фоиз ставкалари тижорат кредитларига нисбатан юқорироқ ва хилма-хил бўлган.

Икки дарё оралиғидаги судхўрлар табақаси Вавилон подшоси Хаммурапи ҳукмдорлиги вақтида амалга кирди. Ҳокимиятга келган Хаммурапи тожир-судхўрлар(тамкарлар)нинг таъсирини чеклади ва уларни шу орқали давлат хизматчиларига айлантирди. Лекин Хаммурапининг ўғли Сансуилун даврида тожир-судхўрлар уюшмасининг вакили – вакил-тамкарлар – шаҳар ва вилоятларнинг бекор қилинган ҳокимлари ўрнига шаҳарлар бошқарувини ўз қўлларига олдилар. Бой судхўрлар бошқа ҳокимият таркибларидан ҳам жой ола бошладилар.

Судхўрлик Икки дарё оралиғидаги жамиятнинг қутбланишига сезиларли тарзда ёрдам берди. Давлат томонидан судхўрликнинг салбий оқибатлари билан курашишнинг ягона усули - бу қирол авфи эди, бунинг натижасида қарздорларнинг қарзларидан кечилар ва кредиторлар уларнинг озодликларини чеклай олмас эдилар. Мана шундай авф этишлар эрамиздан аввалги 2400 йилдан 1600 йилгача бўлган даврда Шумер, Вавилон ва Оссурияда кенг тарқалган эди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, афв этиш фақат қишлоқ хўжалиги кредитларига тадбиқ этилган ва предмети кумуш бўлган кредитларга жорий этилмаган.

Жамиятда судхўрликнинг салбий оқибатларини қисман бартараф этишнинг яна бир усули қарздорликка гирифтор бўлганлар учун муддат белгилаб қўйилганлиги эди. Кредиторга қарзи ила қарам бўлган ва жисмоний меҳнати билан уни узиши лозим бўлган қарздор Хаммурапи қонунига мувофиқ, уч йил муддат ўтгач қарздорликдан озод этилар эди.

Аммо юқорида кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар судхўрликни батамом тугатиш учун йўналтирилган бўлмай, балки алоҳида судхўрларнинг зўравонликларини чеклаш мақсадларини кўзлаган эди.

 

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин. Таржимон: Ботирхўжа Жўраев


[1] Бу ерда ва кейин, алоҳида таъкидланган ҳолатлардан ташқари, “судхўрлик” сўзи ўзининг дастлабки – ҳар қандай ссуда фоизини олиш ва бериш сифатидаги моҳиятида ишлатилади.

[2] Судхўрликни шунингдек, Платон, кичик Катон, Сенека ва бошқа қадимги тафаккур соҳиблари ҳам қоралаганлар.

[3] Фоиз ҳисобига асосий миқдорнинг ортишини ифодалаш учун ишлатилган сўз турли қадимий тилларда шунингдек, янги туғилган ҳайвон, насл, масалан, бузоқ ёки улоқчани англатган(шумер ва аккад тилларида mas, қадимги юнон тилида tokos, лотинчада foenus)

[4] Бу ерда ва бундан кейин фоиз муносабатлари деганда иштирокчилар томонидан қарз(кредит)ни фоиз асосида берилувчи ёки олинган қарз(кредит) бўйича фоиз тўланувчи муносабатлар тушунилади.

[5] Антихрез ( юнонча – қимматликларни айирбошлаш) – гаровнинг алоҳида шакли бўлиб, бунда гаровга олувчи гаровга қўйилган мулкдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек, қарздордан фоиз ўрнига унинг ҳосили ва даромадини олиши мумкин бўлган. Антихрез кредитларида қарз берувчи тақдим этган маблағ учун қоплама сифатида, шунингдек қарздорнинг мажбуриятини бажариш таъминоти сифатида қарздорнинг ўз меҳнати, унинг қуллари ёки уй ҳайвонлари(кейинчалик ер ва ундан чиққан ҳосил) иштирок этган. Қарздор меъёрдаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятини йўқотмаслиги учун меҳнат қуроллари ва асосий воситалар гаров предмети бўлиши мумкин эмас эди.

[6] Насия рибоси ҳақида кейинги бўлимларда батафсил маълумот берилади.

[7] Урада III сулола даврида арпа шаклидаги кредитлар бўйича фоиз ставкаси 33%ни ва кумушда берилган кредитлар бўйича фоиз ставкаси 20%ни ташкил этган. Эшнуни ва Хаммурапи қонунлари ҳам кўрсатилган ставкаларни қайд этганлар.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исломда фоизга нисбатан муносабат

739 19:05 03.11.2021

Судхўрлик: лўнда ва кенг қамровли таъриф

1278 20:05 21.10.2020

Қуръон ва Суннатда рибонинг тақиқланиши 

2261 20:30 07.08.2020

Уй учун кредит олиш мумкинми?

22205 10:00 24.02.2020

Судхўрликдан ҳам оғир гуноҳ

2306 18:40 03.02.2020
« Орқага