Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Тарих

Варшава шартномаси ҳақида...

2261

Қадрли юртдошлар, ҳурматли Azon.uz сайти меҳмонлари. 
Ижозатингиз билан бугун мен сизларни яқин ўтмишда ҳукм сурган коммунистлар дунёсининг Варшава шартномаси ташкилоти деб номланган ҳарбий-сиёсий блоки ва унинг тақдири билан таништириб ўтмоқчиман. Ўйлайманки, ҳарбий тарих мавзусида қалам тебратадиган ёзувчи ва журналистлар, тегишли соҳа мутахассислари учун давлат тилида битилган ушбу маълумот фойдадан холи бўлмайди.

 
ВАРШАВА ШАРТНОМАСИ ТАШКИЛОТИ (ВШТ) 1955 йил 14 май куни Варшава шаҳрида Албания, Болгария, Венгрия, ГДР, Польша, Руминия, Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи (ССРИ), Чехословакия томонидан имзоланган Варшава шартномаси асосида барпо этилган, асосан Кремль раҳбарлик қилган ҳарбий-сиёсий ташкилот бўлган.

1955 йили Германия Федератив Республикаси НАТОга аъзо бўлггач, расмий Москва НАТО блокининг фаолиятини тажовузкор фаолият деб топиб, ўзи тасарруф этган социалистик лагерь давлатларидан иборат ҳарбий-сиёсий блок тузишга аҳд қилди. Натижада гўё НАТОни зарарсизлантириш, коммунистик блок давлатларининг хавфсизлигини таъминлаш ва Европада тинчликни сақлаш мақсадларида ВШТнинг ҳарбий-сиёсий иттифоқини тузилиб, дунёни 36 йил давомида икки қутбга бўлиб келди. 

ВШТ доираларида қуролли кучларнинг бирлашган қўмондонлиги тузилган бўлиб, ушбу қўмондонлик Ҳарбий кенгаш ва Москва шаҳрида жойлашган штаб билан биргаликда Бирлашган қуролли кучлар фаолиятига раҳбарлик қилган. ВШТнинг олий органи – Сиёсий консультатив қўмита бўлган. Қўмита йиғилишларида, одатда, коммунистик ва ишчи партиялар раҳбарлари, шунингдек, ВШТга аъзо давлатлар ҳукуматларининг раҳбарлари иштирок этган.
1962 йилдан эътиборан Албания шартнома асосида яратилган ушбу Ташкилот фаолиятида иштирок этмай қўйиб, 1968 йилнинг сентябрида уни тарк этди. 

Сиёсий консультатив қўмита органлари жумласига:
1976 йили таъсис этилган Ташқи ишлар вазирлари қўмитаси ва бирлашган Котибият;
1969 йили тузилган Мудофаа вазирлари қўмитаси кирган.

1985 йил 26 апрель куни Варшава шартномаси ташкилотининг муддати 20 йилга узайтирилди. 1987 йил 1 июлга келиб, ВШТга аъзо давлатлар қуролли кучларининг шахсий таркиби 6 435 900 кишига етди.

Бироқ 1989 – 1990 йилларда Марказий ва Шарқий Европа давлатларида коммунистик режимлар ағдарилгач, ВШТнинг социалистик лагерга қарашли ҳарбий-сиёсий блок сифатидаги фаолияти ўз маънисини йўқотди ва мазкур Ташкилот 1991 йил 1 июль куни Прагада имзоланган баённома билан тугатилди.

Коммунизм ғояларининг нақадар пучлигини қарангки, ВШТ тугатилгач, унга аъзо бўлган давлатларнинг деярли барчаси, хусусан Руминия, Болгария, Польша, Германия Демократик Республикаси, Чехия, Словакия, Венгрия, Албания, собиқ ССРИ республикалари бўлмиш Эстония, Латвия, Литва НАТО блокига қўшилиб кетди.

Бугунги кунда кўплаб собиқ совет республикалари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам НАТОнинг Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик дастурларида иштирок этиб келмоқда. 

Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага