Қаҳва финжони

12:00 11.02.2019 1063

Кекса аёл қадимий буюмлар дўконидан харид қилган финжонни меҳмонхонасидаги идиш жавонига жойлаштирди. Финжон шу қадар чиройли, нақшлари гўзал, тасвирлари ёрқинки, гўё оддий қўл иши эмас, нақ санъат асарининг ўзгинаси эди. Аммо бу чиройли буюмни унчалик қимматга харид қилмаганди. Аёл финжондан мафтун нигоҳларини узолмади.

Шу он кутилмаганда финжон тилга кирди: 
— Менга маҳлиё бўлиб термулаяпсан-а? Лекин мен бундай чиройли эмасдим, аслида. Бошимдан ўтганлар, кўрган-кечирганларим мени шу аҳволга келтирди. 

Аёл ҳайратдан тош қотди:
Қаршисидаги қаҳва финжони гапираётганди! 

Зўрға ўзига келиб: 
— Қанақасига, яъни? Тушунмадим!..- деди аёл. 

— Мен бир пайтлари оддий лой эдим. Бир ҳунарманд келди. Мени қўлига олди. Эзғилади, тепди, қорди. Азобларга чидолмай: “Бўлди! Илтимос, тўхтат!” деган пайтларим бўлди. Уста кулимсираб: “Йўқ, бироз бор ҳали” деди. Кейин мени тахта устига қўйди.

Уерда ҳам айландим, айланавердим.  Бошим айланиб кетди. Яна ҳайқирдим: “Илтимос, мени бу ердан қутқар! Энди айланишни истамайман!” Уста эса яна табассум қилди: “Вақти келмади!” Шундай деб мени оловга қўйди. Хумдоннинг оғзини ёпиб, оташни кучайтирди. Хумдон туйнугидан кўриб турардим уни. Олов тафтига чидаёлмадим. Мени ёқиб ўлдирмоқчи деб ўйладим. Хумдон деворларини ура бошладим. “Уста! Илтимос, бу ердан чиқар мени!” деб бақиришга тушдим. Туйнукдан кўзим тушганида уста яна кулимсираб ўтирган эди: “Вақти бор!..”

Бирор соат хумдонда қолиб кетдим. Сўнг уста мени ташқарига чиқарди. Хотиржам нафас ола бошладим. Уста мени иш столи устига қўйдию, бўёқ ва мўйқалам олиб келди. Мўйқаламни сиртимда оҳиста юргиза бошлади. Қитиғим келиб ғашландим. “Бўлди, уста, қитиғим келяпти!” дедим. Уста яна ўша жавобни берди: “Ҳали эмас!” Сўнг мени оҳиста тутиб яна хумдонга яқинлашди. “Йўқ, мени яна хумдонга тиқма!” деб бақирдим. Қўрқувдан ўлаёздим. Хумдонни очиб мени ичкарига отди ва қопқоқни ёпиб, оташни аввалгидан икки ҳисса ортирди. Туйнукдан қараб устага ёлвордим. Аммо ундан фақат ўша табассум ва жавобни олдим. Фақат бу гал устанинг ёноғида бир томчи кўз ёши думлаганини кўрдим. Охирги сонияларимни яшаётганимни ўйлаётганимда, хумдон туйнуги очилди ва устанинг узун бармоқлари мени ташқарига тортди. Чуқур нафас олдим. Ўзим кутган хотиржамликка эришгандим. Уста мени энг баланд пештахтага қўйди ва сўради:

— Энди худди истаганимдай бўлдинг. Ўзингни кўришни истайсанми? Тасдиқ ишорасини бердим. Кўзгу келтирди. Кўзларимга ишонмасдим.

Ойнага қайта-қайта қарадим ва “Бу мен эмасман-ку! Мен бир парча лой эдим...” “Бу айнан сенсан,- деди уста.- Сен изтироб ва машаққат деб билганларинг таъсирида шундай гўзал финжон ҳолига келдинг! Агар лой парчаси бўлганингда сени обдон ишламасам қуриб кетардинг. Дастгоҳда айлантирмасам, уваланиб тупроқ бўлардинг. Қайноқ хумдонга тиқмасам, пишмасдинг. Бўямасам, ҳаётингда ранг бўлмасди! Лекин сенга ҳақиқий куч ва қувватни иккинчи марта хумдонга кирганинг берди. Энди сенда мен орзу қилган ҳамма нарса бор” деди. Шу онда лой парчасидан қаҳва финжонига айланган — менинг тилимдан учаётган сўзлар ўзимни ҳам ҳайратга солди: “Устам! Сенга ишонмаганим учун мени кечир! Менга зарар етказасан деб ўйлагандим. Мени мендан ортиқ яхши кўриб, яхшилик қилмоқчилигингни, қадримни, нархимни оширмоқчилигингни билмадим! Калта ўйлагандим, аммо ўзимни муҳташам санъат аасари шаклида кўриб сенга таъзим этаман! Мен қайғу ва машаққат деб билганларимни менга раво кўрганинг учун миннатдорман! Миннатдорман!”

Аёлнинг кўзларидан шашқатор ёш оқар шу билан бир пайтда қаҳ-қаҳ отиб куларди...

Қиссадан ҳисса: Ҳунарманд уста идишни, Аллоҳ таоло инсонни машаққатларда тоблаб мукаммал шаклга келтиради.

“Стресс ва иймон” китобидан 
Умида АЗИЗ таржимаси

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!