(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Фазилат қизи билан суҳбатлашиб ўтирарди. Бир пайт Нур у кутмаган гапларни айтиб қолди:
– Онажон, кеча Малик амакимни кўрдим. Бирга дўконга бордик, нималар олиб берганини билсангиз эди. Сизга кўрсатдим, лекин қарамадингиз.
– У билан гаплашдингларми?
– Ҳа.
– Нималар ҳақида?
– Вой-бў, кў-ўп нарсалар ҳақида. Онажон... сизга бир нарса айтаман, лекин жаҳлингиз чиқмасин, майлими?
– Айт, азизам. Жаҳл қилишга ҳолим йўқ.
– Ойи, шу... Малик амаки отам бўлса-чи? Менга отамдан кўра кўпроқ қўнғироқ қилади, кўпроқ яхши кўради. Унга турмушга чиқинг...
Фазилат қотиб қолди.
– Бошқа бундай сўзларни гапирма, йўқса, сендан қаттиқ хафа бўламан!
Бу орада телефон жиринглади, Нур тез бориб, гўшакни олди:
– Ало, ассалому алайкум!
Телефондаги овозни дарров таниди:
– Отажон, сизмисиз?.. Сиздан хафаман! Нега бошқаларнинг отасига ўхшамайсиз?
Алининг овози титраганча деди:
– Ишларим кўп эди, болам. Мендан хафа бўлма, хўпми? Энди ишим тугади, бундан кейин сенга тез-тез қўнғироқ қиламан.
– Ҳозир онамга айтиб тургандим. Агар қўнғироқ қилмаганингизда бошқа ота топмоқчи эдим. Мана, қўнғироқ қилдингиз, энди ўзингиздан бошқаси керак эмас.
– Бу нима деганинг? Онанг нима деди?
– Онамнинг ҳам мендан жаҳли чиқди.
– У қаерда?
– Ким қаерда, ота?
– Онанг. Яна касалми?
– Онам доим касал.
Фазилат уларнинг суҳбатини эшитди.
– Отангга айт, мен ҳақимда сўрамасин, сен билан гаплашсин. Унинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Кафтини гўшакка қўйган Нур севинч билан онасига хушхабар берди:
– Жаҳлингиз чиқмасин, онажон. Отам бундан кейин қайтадан яна отам бўлар экан.
Бу гапларни эшитиб турган Алининг ғазаби тошарди.
Нур гўшакни қўйгач, югуриб келиб онасини қучиб олди. Қувончини яширмади:
– Менинг арслон отам. У икковимизни ҳам севар экан. Энди бошқа ота керакмас!
Қизи ухлагач, Фазилат яна саккизинчи қават деразасига термулди. Шеър ёзгиси келди. Ўтириб, қўлига қалам олди:
“Қандайсан, қалбим?
Тилинг борган сари ўзгариб кетаётгандек,
На мен билан, на бошқа биров билан гаплашмайсан.
Менга сени кўтариб юриш жуда қийин, ишонгин,
Кундан-кунга оғирлашиб кетяпсан...”
* * *
Газета ўқиб ўтирган Фазилат Ҳабибага қўнғироқ қилишни хоҳлади. Дугонаси гўшакни кўтаргач, чуқур-чуқур нафас олганча гап бошлади:
– Эшит, сенга бир мақоланинг охирини ўқиб бераман. “Ҳамма нарсани четга сурдим, дўстлар. Мол-мулк, бойлик, гўзаллик ва ҳоказо ҳаммасини киши вақти келиб топиши мумкин. Лекин вақти келиб топиш у ёқда турсин, дўстликлар йўқ бўлади.
Айтайлик, ярим тунда зерикдик, бир муаммомиз бор. Эшигини тақиллатиб: “Кел, дардлашайлик”, дея оладиган кимсамиз йўқ. Қўни-қўшни у ёқда турсин, баъзида бир уйда яшаётган умр йўлдошимиздан ҳам илтимос қиламиз: “Уйқум қочди, тур, гаплашиб ўтирайлик”. Лекин ҳеч ким биз учун уйқусидан кечмайди. Ёки ноҳақманми? Сизнинг ярим тунда қўнғироқ қилиб, “Юрагим тўлиб кетди, мени озгина эшит”, дея оладиган дўстингиз борми?”
Мақолада шундай дейилган, Ҳабиба. Мен ўша ёзувчига: “Ҳа, бор!” дедим. Кейин сенга қўнғироқ қилдим. Яна телбалигим кучайиб кетди. Илтимос, келиб, мени чалғит. Бемаҳалда кўчага чиқиб кетмай. Биров кўриб қолса, фақат мени эмас, бутун муслималарни айблайди. Зотан, баъзилар биз кабилардан хато излашни яхши кўришади. Бундан ташқари, ўзим ҳам ўзимни кўп айблайман. Бошқаларники майли, ўзимнинг айблашим ҳам уялишим учун етади.
– Телефон қилганинг яхши бўлди. Мен сен учун оятлардан чора излаётгандим. Тўғри, имонли аёлсан. Лекин қалбда Аллоҳ таолога оид жой бўлганидек, бандага оид жой ҳам бор. Сен ҳаммасини – бутун қалб маконингни ўша одам учун ажратдинг. Балки, ўзинг айтганингдек, тамомила Аллоҳга қайтсанг, нажот топарсан?
– Бундан бошқа танловим борми? Мен бунга аллақачон иқрор бўлганман. Тўғри айтдинг, Ҳабиба, Аллоҳга оид ерни ҳам бир бандага бердим. Камига бир банданинг сояси бўлган бандага.
Ҳабиба хоним тушунолмади:
– Нима дединг?
– Қўявер, ҳамма нарсани ҳам билаверма. Келмоқчи бўлсанг, кел.
Ҳабиба тезда етиб келди. Фазилат эшикни очибоқ сўради:
– Хўжайинингдан рухсат олдингми?
– Шу маҳалда уйидан эрининг рухсатисиз чиқиб кетадиган аёл бўлмаса керак. Хўжайиним ўзи ташлаб кетди.
– Рухсатсиз чиқадиганлар ҳам бор. Масалан, феминистлар.
– Улар билан ўртамизда ўхшашлик борми?
Фазилат кулди:
– Баъзилар сени феминист деб билишади.
– Бу ҳам феминистларнинг тегирмонига сув қуяди. Демак, мавжудликларини билдира олишган, овозларини эшиттира олишган. Динимизга мос бирор иш қилсак, дарров бизни феминистга чиқаришади. Феминистларнинг дарди Исломми? Исломий чегарами? Уларнинг нуқтаи назари бизники билан бир хилми? Биринчидан, феминизмнинг илдизи ташқарида. Унинг мамлакатимизга нима мақсадда киргани аниқ эмас.
– Улар ҳам Исломнинг илдизи ташқаридан, яъни, араблардан келганини иддао қилишади.
– Бундай деганлар ақлдан озган бўлса керак. Исломни юборган арабларми? Уларнинг ўзи ҳаддан ташқари динсизлиги учун шундай дейишади. Исломни юборган Аллоҳ, бутун борлиқ У Зотники. Шунда Аллоҳ ҳам ташқи манбага оид ҳисобланадими? Астағфируллоҳ! Ўзидан ташқарида бирор жой бормики, Аллоҳ у ердан келиб чиққан бўлса? Ҳиссизларнинг гапи фақат алжирашдан иборат. Гўё нимадек борга ўхшайди, лекин ичи бўм-бўш.
– Гапинг тўғри. Сенинг фикрлаш тарзингни яхши кўраман. Ҳамма нарсага чора топдинг, фақат меники қолди.
– Худо ҳоҳласа, унга ҳам топаман. Бу сафар Аллоҳнинг тавсиясидан фойдаланасан. Шифокорнинг айтганлари ҳам бажарилиши шарт бўлган муолажалар. Чунки дориларни Аллоҳ берган ақл ва илҳом билан кашф этишади.
Кел, ўтир. Мен қаҳва тайёрлайман.
Ошхонага кетаётган Фазилатнинг яна саккизинчи қаватга қараб қолгани Ҳабибанинг жаҳлини чиқарди:
– Ҳаддингдан ошяпсан! Сенга баъзи ҳаракатларни таъқиқлайман. Буни ҳозирдан бошлаймиз. Бундан буён деразадан ташқарига қарамайсан, кўзларинг уни қидирмайди. Самимийлигимизга таяниб, сенга босим ўтказаман.
Фазилат ғалати кулиб:
– Бошқа телбаликларимнинг олдини қандай оласан? – деди.
– Яна ниманг бор?
– Энди телефон жинниси бўлдим. Телефонни ёқиб-ўчиряпман. Унинг овозини эшитиш учун...
– Майли, ундан ҳам воз кечасан. Бошқа чора йўқ. Бу одамга турмушга чиқмайман, дейсан-у, унга интилаверасан. Модомики, етишиш имконинг йўқ, ундан узоқлашиш имкониятидан фойдалан.
Фазилат ошхонадан жавоб берарди:
– Мени бошқа иш қиляпти, деб ўйлаяпсанми? Кеча-кундуз Аллоҳга ёлворяпман. Ярим тунда мен учун оят излашинг Аллоҳнинг лутфидир. Қаҳванг қандай бўлсин?
– Ҳар галгидек. Илтимос, энди қандай қаҳва ичишимни ўрганиб ол.
– Сен ҳақсан.
– Албатта, ҳақман.
– Бўлди-бўлди, таслиммиз дедим-ку, нимага чўзяпсан?
– Чўзаётганим йўқ, ҳақлигимни исботлаяпман.
Икковлари ҳам кулишни соғинишганди. Биргаликда қаҳва ичишаркан, суҳбат давом этарди.
– Дарҳақиқат, Ислом бизга жуда яқин, лекин биз ундан жуда узоқмиз, – деди Ҳабиба хоним.
– Айниқса, Аллоҳдан узоқмиз. Аллоҳга қайтишга мажбурмиз, Фазилат. Раббига юзланмаган қалб ҳар томонга бурилади. Юзланган қалб эса бошқа томонга бурилмайди. Бурилса ҳам, тезда ўзига қайтади.
– Муҳаққақ. Оят нақадар гўзал. Имонли бандаларини Аллоҳ таоло такрор имонга чорлайди. Мен яна имон келтиришим керак, бошқа йўл билан иззатимни қутқаролмайман. Охиратимни бошқачасига қозонолмайман. Ўзимни бошқа йўлдан тополмайман. Ўзим билан бошқачасига келишолмайман.
– Унда бу кеча илк қадамни қўй. Ҳеч қачон деразадан саккизинчи қаватга қарама. Хоҳлаган тақдирингда бошқа томонга ол нигоҳларингни.
– Битта дераза билан масала ҳал бўладими?
– Секин-секин бошланганидек, аста-аста тугайди.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)