Қалбларни забт қилишнинг 11 воситаси

11:00 08.08.2018 1360

Инсон бошқаларга яхши кўринишга, қалбларнинг маҳбуби бўлишга, ҳамма томонидан бирдек мақбул шахс сифатида фаолият олиб боришга интилиб яшайди. Айрим авлиёларни "Қалблар султони" дейилади. Яъни, қалбларни забт қилиб, эгаллаб, одамларнинг юрагига яқин, қалбларининг тўридан жой олган инсон сифатида қадрланиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун Аллоҳдан ёрдам сўранг ва қуйидаги ўн битта ҳислат соҳибига айланинг:

1) Очиқ юзли бўлиш керак. Бу нарса таомдаги туз каби бўлиб, муомала маданиятининг энг зарур хислатларидан биридир. Очиқ юзлилик қалбга тезда таъсир қиладиган энг фойдали ўқлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга бу ибодат ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сенинг биродарингга қараб қилган табассуминг ҳам садақадир!" деб марҳамат қилганлар. Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу бундай деганлар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассумлироқ кимсани кўрган эмасман".

2) Саломни канда қилмаслик керак. Салом қалбнинг сувайдосига бориб тегадиган найзадир. Қучоқ очиб кутиб ол, кулиб, очиқ юз билан саломлаш ва қўлини меҳр билан қисиб қўй. Бу савоб ва ажр бўлиб, бу ажрдан биринчи сен фойдалан. Саҳоба Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳақида айтадилар: "Бир куни Ибн Умар розияллоҳу анҳу билан кўчага чиққан эдим, каттаю кичикдан саломларини асло канда қилмадилар. Ҳамма билан саломлашиб, бир оз гаплашиб ўтар эдилар". Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Қўл бериб кўришиш севгини зиёда қилади", деганлар. "Тунд юз билан борсанг ҳам ёмон сўз айта кўрма!", "Қўл бериб кўришинглар, бу ғиллу-ғашни кетказади. Бир-бирингизга ҳадиялар бериб туринг, муҳаббатни орттиради", дейилган.

3) Ҳадиялашиб турмоқ керак. Бу нарса кўз, қулоқ ва қалб билан таъсир қилувчи ажойиб нарсадир. Одамлар бир-бирлари билан муомала қилишда ҳадиялашиб туришлари мақбул ишлардандир. Фақат ҳадия қўлдан келганича қилинади, ўзини қийнаб қўядиган бўлмаслиги керак. Иброҳим аз-Зуҳрий айтадилар: "Отамнинг олдиларига кирдим. У киши топган даромадларини сарфлаш режасини тузаётган эканлар. Ўзларига, оиласига ва бир қанча одамларга сарфлашларини айтдилар ва "Эслаб кўр, бирорта кимса эсдан чиқмадимикан?" дедилар. Мен: "Фалончи сизга салом айтиб юборган эди", дедим. Шунда отам унга ўн динор юборишимни айтдилар. Қаранг, бировга айтиб юборган саломнинг мукофоти қандай экан!

4) Жим ўтириш ва кам сўзлаш керак. Фақат манфаатли, фойдали вақтда сўзлашга ҳаракат қилиш лозим. Ўтиришларда баланд овозда сўзлаш, кўп гапиришдан сақланинг. Гўзал иборалар билан мулойим гапиришга одатланинг. "Чиройли гап садақадир!" деганлар. Қалбларни эгаллашда, ҳатто душманлар қалбини ҳам забт этишда чиройли ва мулойим сўзлашнинг жуда катта таъсири бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо яҳудийларнинг мусулмонларга "Сизга ўлим бўлсин!" деб салом берганларига "Ва алайкум ас-сом ва-л-лаъна!" деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй Оиша, шошма, Аллоҳ таоло ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради" деганлар. Буни Имом Бухорий билан Имом Муслим ривоят қилган. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: "Ҳусни хулқни ва камгапликни ўзингга лозим тут! Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, бу иккисидан гўзалроқ нарса халойиққа берилган эмас!". Уни Абу Яъло ва Баззор ўз муснад ҳадис тўпламларида ривоят қилганлар.

5) Чиройли тинглаш ва суҳбатдошига қулоқ тутишни билмоқ керак. Гапирувчининг гапини асло бўлмаслик лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимнинг гапларини бўлмас эдилар. Одамларнинг гапини бўлаверадиган, гап орасига гап қўшаверадиган кимсалар одамлар қалбидан узоқ бўладилар. Тобеъинларнинг улуғларидан Ато ибн Абу Рабоҳ роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Агар биров менга гапирса, худди унинг гапини туғилганимдан буён ҳеч қачон эшитмагандек эшитиб, қулоқ солиб тураман".

6) Зоҳирий кўринишни гўзал қилмоқ керак, кийимлар тоза-озода, хушбўйликлар сепилган бўлмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни севади" деганлар. Инсоннинг шаклу-шамоили ҳам гўзал бўлиши керак, тирноқлар олинган, сочлар таралган, юзлар тоза бўлиши лозим. Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу: "Мени кийимлари тоза, хушбўй ҳид анқиб турган камсуқум йигитлар жуда қизиқтиради", деганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ҳақларида айтилган: "Мен Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам кўра кийимлари тоза ва оппоқроқ, мўйлов ва сочлари, баданидаги туклари олинган, ўзига жуда қараб юрадиган кимсани учратмаганман!".

7) Яхшилик қилиш, ҳожатбарор бўлмоқ керак. Одамларнинг қалбини забт қилишнинг энг қулай ва осон усулларидан бири одамлардан ёрдамини аямаслик, уларнинг ҳожатларини чиқариш, қийин аҳволда қолганларга ёрдам бериш, ўзининг меҳнатини доим таклиф қилиб туриш ҳисобланади. "Одамларга яхшилик қил, шунда уларнинг қалбларини ўзингга қул қилиб оласан! Кўпчилик инсонларни яхшилик қул қилиб қўяди" дейилган. "Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуброғи, одамларга яхшилиги кўпроғидир!" дейилган Ҳадиси шарифларнинг бирида. Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам Қуръони Каримда: "Яхшилик қилинглар, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади" деган. Қул ва хизматкорларни қанча-қанча пулларга сотиб олишади, одамларга яхшилик қилинса, уларнинг ўзлари қул ва хизматкор бўлиб келишади-ку!

8) Мол-мулкидан сарф қилиб туриш керак. Ҳар бир насанинг калити бор бўлганидек, бугунги кундаги қалбларнинг аксариятининг калити мол-мулкдир. Уларга пуллардан эҳсон қилиб, сарф қилиб туриш керак бўлади. Макка фатҳи кунида кофирларнинг улуғларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ашаддий душман бўлганлардан бири Сафвон ибн Умаййа мол-мулкидан керагини олиб қочиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳолисига умумий афв-омонлик берганларидан сўнг қайтиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у исломга кириши учун икки ой муҳлат сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тўрт ой муҳлат берадилар. У Ҳунайн ва Тоифдаги жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларида туриб кофир ҳолида қатнашади. Тоиф қамалидан сўнг кўпгина ўлжалар қўлга киритилади. Сафвоннинг бир дарага қўйилган ўлжаларга ҳирс билан тикилиб турганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Булар сенга керакми, керак бўлса олақол, буларнинг ҳаммаси сеники" дейдилар. Шунда Сафвон: "Бундай покиза қалб фақат ҳақиқий пайғамбарларда бўлиши мумкин", дея калима келтириб, мусулмон бўлади.

9) Бошқаларга нисбатан яхши гумонда бўлиш ва уларнинг узрларини доимо қабул қилиш керак. Қалбларни забт қилишнинг энг осон услубларидан бири ҳамиша яхши гумон қилишдир. Ҳаммани ўзинга ўхшатгин, барчага нисбатан яхши гумон қилгин. Ёмон гумондан доимо узоқ бўлгин. Кўзинг кўрган нарсага ишонаверма, кўрганингни ақлинг тарозисида тортиб кўр. Шоир ал-Мутанаббий: "Инсоннинг феъли бузилса, гумони ҳам бузилади" деган эди. Кечиримли бўл, одамларнинг узрини қабул қилишни ўрган. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак роҳимаҳуллоҳ: "Ҳақиқий мўъмин одамларнинг узрларини қабул қилади. Мунофиқ эса уларни узр айтишга ҳам қўймайди", деганлар.

10) Бошқаларга нисбатан бўлган севги ва меҳрни билдириб турмоқ керак. Бировни яхши кўриб қолсанг, унинг қадр-мартабаси сенинг олдингда кўтарилган бўлса, уни ўзига билдириб қўй. Чунки, бу нарса унинг қалбини забт этишингга кўмакчи бўлади. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ: "Сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига келсин ва яхши кўрганини унга билдириб қўйсин!" деган ҳадисни ривоят қилганлар. Унинг "Мана шу нарса дўстликни боқий, севгини мустаҳкам қилади" деган қўшимчаси ҳам бор. Лекин бу нарса Аллоҳ учун бўлиши керак, мол-дунё орттириш, мансабларга кўтарилиш, бойларни бойлиги учун севиш, шуҳрат орттириш мақсадида бўлмаслиги лозим. Аллоҳга душман бўлганлар билан дўстлашиш дунёда ҳасрат, қиёматда эса надоматдир. Зотан, инсон қиёмат куни ўз севганлари ва ёқтирганлари билан бирга бўлади! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлар билан муҳожирларни бир-бирларига дўстлаштирган эдилар. Бир ғазотда қабр ковлаш оғир бўлганидан икки одамни бир қабрга қўйилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстни дўст билан бирга қўйган эдилар.

11) Мадоро ва муроса билан яшамоқ керак. Ҳамма билан муросада бўлиш лозим. Аччиқланиш, гина-кудурат сақлаш ҳеч кимга наф келтирган эмас. Имом Бухорийнинг бир ҳадиси бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилинган ривоят бу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бир кимса киришга изн сўрабди. Унинг кириб келаётганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Жудаям ёмон қариндош бу!" дедилар. У келиб ўтирганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан очиқ юз ва табассум билан яхши муомалада суҳбатлашдилар. Ўша кимса қайтиб кетганидан сўнг Оиша розияллоҳу анҳу: "Уни кўрганингиз заҳотиёқ ундай-бундай деб гапираётган эдингиз, келганида эса очиқ юз ва табассум билан муомала қилдингиз", дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мени қачон ёмон ҳолатда кўргансан, қиёмат кунида Аллоҳ олдида одамларнинг энг ёмони одамларни ёмонлик ила кутиб оладиган кимсадир", дедилар. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ "Фатҳ ал-Борий"да мана шу ҳадис мадоро ва муроса билан яшаш кераклигига асосий далилдир, деганлар. Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ мадоро билан мадоро (мудоҳана)нинг фарқи бор. Дунё ва диннинг салоҳияти учун дунёни сарфлаш яхши ва мақбул муросадир. Дунёнинг ислоҳи учун динни сарфлаш, тарк қилиш ёмон муросадир, деган эканлар. Юмшоқ сўзли бўлиш, очиқ юзлилик ёмон ва ифлос кимсаларнинг шарридан сақланиш воситаси, шу сабабли у диний эҳтиёжларни қондириш василаси бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Имом Табароний роҳимаҳуллоҳ ва Ибн ас-Сунний роҳимаҳуллоҳ ривоятларида: "Мадорат ун-носс садақатун!" ("Одамларга мадора-муроса қилиш садақадир!") дейилган. Ибн ал-Баттол роҳимаҳуллоҳ айтади: "Мадоро ва муроса билан яшаш мўъмин-мусулмонларнинг ахлоқларидандир. У одамларга доим яхшилик қилиш, яхши муомалада бўлиш, асло ёмон гапирмасликдир".

Юқоридагиларга амал қилиш инсониятни барчанинг кўзи ва қалбига яхши кўрсатиб қўяди. Қалбларни забт этишнинг имкониятлари мана шу ўн битта нарсада жам бўлган бўлса ажаб эмас. Сиз ҳам амал қилиб кўринг!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!