Қамоқхона ҳавас қиладиган жой эмас 

11:00 14.02.2019 881

Озодликнинг қадри ҳеч нима билан тенглаштирилмайди. Дунё яралибдики инсоният эрк учун курашади. Аммо бу улуғ неъматдан айрилишга инсоннинг ўзи айбдор бўлиб, жамиятга қарши қилмишлари учун зиндону, қамоқларда тутқун бўлса-чи? Айни ҳолатда озодликка чиқиш учун курашнинг ягона йўли, чин дилдан тазарру, тузалиш йўлига кириш ҳисобланади. Зеро, ўғрию қотил, Ватан хоинларини ҳеч қандай жамият кечирмайди. 

Қайта тарбиялаш жараёни 

Жиноятчини қайта тарбиялаш осон иш эмас. Бунинг учун унга аввало жамиятга зарар келтирмай, меҳнат қилиб, самарасидан завқланиб ҳам яхши яшаш мумкинлигини тушунтириш лозим. Бугун мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида айни йўналишда иш олиб борилмоқда. 

Муассасаларда маҳбуслар қайта тарбияланади. Улар учун касбга ўргатадиган махсус ўқув курслари, мактаблар, коллежлар фаолият юритмоқда. Бошқармамиз таркибида қатор ишлаб чиқариш корхоналари, дехқончилик, чорвачилик, балиқчиликка ихтисослашган хўжаликлар мавжуд. Бу масканларда маҳбуслар учун иш ўринлари яратилган. Муносиб маош белгиланган. Жумладан, мебель ишлаб чиқариш, замонавий ёғоч кесиш ва унга ишлов бериш, тикув, пайпоқ тўқиш ва нақш босиш цехлари фаолият юритяпти. Маҳкум жазони ижро этиш жараёнида ҳам ишлаб, оиласига кўмаклашиши, жамиятга фойда келтириши мумкин. Шу йўл билан жазо муддатини ўтаётган 22 397 нафар маҳкум хақ тўланадиган ижтимоий фойдали меҳнат билан таъминланган. Бу жараён қатий назорат остида жаҳон стандартлари даражасида олиб борилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, барча турдаги маҳсулотлар, айниқса қурилиш маҳсулотлари ва мебель жиҳозлари юқори сифати ва нархининг арзонлиги билан харидорларга манзур бўлиб, нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ҳаридоргир. Мисол учун, 2018 йилнинг 6 ойи давомида маҳбуслар томонидан ишлаб чиқарилган 81 млрд 489,7 млн сўмлик маҳсулот истеъмолчиларга етказиб берилган. 270 минг АҚШ долларилик маҳсулот чет мамлакатларга экспорт қилинган. 

Аксарият ривожланган давлатларда маҳкумларни сақлаш, озиқ-овқат таъминоти масаласи жазо муддатини ўтаётган шахснинг ўзига юкланади. Ўзбекистонда эса бу харажатлар республика бюджетидан қопланади. Улар ишлаб топган маблағлар эса махсус ҳисоб рақамларига ёки оилаларига юборилиши мумкин. Шунингдек, муассасалар ҳудудида дўконлар ташкил қилинган бўлиб, маҳбус хоҳлаган озиқ-овқат маҳсулотини ҳарид қилиши мумкин. 

Соғлиқни сақлаш 

Шунингдек, маҳбусларнинг соғлигини сақлаш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 2017 йилда муассасалардаги тиббиёт йўналишига 8 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилиб, даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимлари модернизация қилинди. Энг илғор лаборатория ва ташхис даволаш ускуналари ўрнатилди. Натижада маҳкумларнинг турли юқумли ва бошқа касалликларга чалинишининг олдини олиш, улар саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш борасида. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи ўринга чиқиб олди. 


Манба «Маҳалла» газетаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!