Қанча тупроқ еса... (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

23:00 08.06.2019 732

Тупроқ ейишга одатланган бир одам шакар олиш учун дўконга кирди. Дўкончи бироз ҳийлакор эди. Тарозининг ўлчов тошлари темирдан эмас, тупроқдан эди.

Харидор: “Шакар олмоқчи эдим”, деди.

Дўкончи: “Яхши, лекин билиб қўй, тарозимнинг ўлчови тупроқдан ясалган”, деди.

Харидор: “Шошиб турибман, шакар олишим керак. Тарозингнинг тоши тупроқданми, бошқаданми менга нима? Ўзим ҳам тупроқ ейишни жуда яхши кўраман?!”, деди.

Дўкончи тарозининг бир палласига тупроқ қўйиб, ўзи шакар олгани кетди. Тупроқ ейдиган харидор чидолмай, тупроқдан оз-оздан ейишни бошлади. Дўкончи унинг бу ишини кўриб, ич-ичидан: “Е, кўпроқ егин! Қанча тупроқ есанг, оладиган шакаринг шунча камаяди. Сен ҳозир қанча шакар олганингни кўрганда, кимни алдаганингни биласан”, дерди. 

Дунё – заиф, иродасиз кимсалар учун тузоқ. Охират мулки эса – буюк инсонларнинг насибасидир. Охирида оладиган шакарингни кўрганда, ким жоҳил, ким оқил эканини биласан. Дунё молига алданганлар, шакар ўрнига тупроқ еганлардир. 

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!