Қанчалар оз шукр қиласизлар-а!

19:00 03.01.2019 735

Аллоҳ таоло "Сажда" сурасида шундай марҳамат қилади:

«Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади, сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. Қанчалар оз шукр қиласизлар-а!» (9-оят).

Аллоҳ таоло инсонни ҳақир сувдан пайдо қилиб,

«Сўнгра уни ростлади...»

Онасининг қорнидаёқ ҳамма керакли аъзоларни бериб, мукаммал инсон ҳолига келтириб, ростлади.

«...ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади».

Яъни жон киритди. Инсон учун бундан улуғ шараф бўлиши мумкин эмас. Яъни Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан жон пуфлади. Шунга қарамай, Аллоҳга куфр, ширк келтириб, осий бўлиб, гуноҳлар қилиб юрган инсонлар бор-а?!

«...сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди».

Бу нарсаларни инсонларга Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бера билмайди. Дунёнинг ҳаммаси тўпланиб,  қиёматгача уринса ҳам, бир одамга қулоғининг бир тарафини ясаб бера олмайди. Дунёнинг ҳаммаси тўпланиб, қиёматгача ҳаракат қилса ҳам, бир одамнинг кўзи ёки бир дона кипригини ярата олмайди.

«Қанчалар оз шукр қиласизлар-а!»

Аллоҳнинг неъматларига жуда оз шукр қиласизлар. Кўпроқ ношукр бўласизлар.

Ҳа, инсон ана шундай, ўта ношукр  махлуқдир. Агар бирор табиб хоҳлаганича пул олиб, бир кишининг қулоғи ёки кўзидаги хасталикни даволашга сабабчи бўлса, у киши табибдан умрбод рози бўлиб ўтади. Аммо ўзини ҳам, ўша табибни ҳам яратган, унга кўз-қулоқ ва давони ҳам берган Аллоҳ таолога ношукрлик қилади. Ҳар бир инсон аввало, ўзига боқса, ўзидаги аъзоларини ўйласа, Аллоҳга  иймони ва ихлоси ортади.

Тафсири ҳилолдан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!