Қандай ҳадя келтирдинг? (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

11:30 15.07.2019 521

Ҳазрати Юсуф алайҳисаломнинг эшигини бир дўсти тақиллатди. Уни ичкарига таклиф қилдилар, узун суҳбат қуришди. Дўсти Юсуф алайҳиссаломдан қудуққа ташланган вақтларида нималар содир бўлганини сўради. Ҳазрати Юсуф алайҳиссалом бошдан ўтказган ҳодисаларни айтиб бердилар. Сўнг: “Эй мусофир дўстим, менга нима ҳадя олиб келдинг?!”, дедилар. 

Дўсти: “Сизга совға қидирдим. Лекин бирор нарсани сизга муносиб деб билмадим. Бир бир томчи сувни улкан уммонга ҳадя қилиб олиб бориш мумкинми? Ўйлай-ўйлай, мана бу кўзгуни келтиришни маъқул кўрдим. Эй кўзимнинг нури! Зора, кўзгуга қараб гўзал юзингизни кўрганингизда, мени бир бора эслаб қўярсиз?!”, деди. 

Дўстлар зиёратига қўли бўш ҳолда бориш тегирмонга буғдойсиз боришга ўхшайди. Маҳшарда Жаноби Ҳақ: “Қиёмат куни учун қандай армуғон олиб келдингиз?”, деб сўрайди. 

Яратганнинг ҳузурига қўли бўш ҳолда қандай бормоқчисиз? Ҳаёт неъмати вужудимиз ойнасини омонат сақлаб, чанг-ғуборлардан тозалаб, Соҳибига покиза қайтариш учун берилмаганми?!

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!