Ислом

Қандай яшасангиз, шундай ўласиз

4433

Мен аслида қайси динда яшаяпман? Биродарлар, биз ўз-ўзимизга мана шу саволни бериб туришимиз керак. Менга ишонаверинг, чунки сиз эртага айнан мана шу яшаётган динингизда вафот топасиз.  Ва яна сизни ишонтириб айтаманки, Аллоҳ таоло жонингизни қабз қилиб, руҳингизни чиқариб олганида, ўша пайтда динингизнинг аҳволи қандай бўлса орадан миллионлаб йил ўтса ҳам мана шу ҳолатни ҳеч қачон ўзгартира олмайсиз!

Баъзан қулоғимизга чалиниб қолади-а, фалон биродар вафот этибди дейишса, бошқа бирилари, Аллоҳга қасамки, у намоз ўқимоқчи эди-я, у уни қилмоқчи эди, буни қилмоқчи эди, дея орқасидан эслаб қоламиз. Биродар, унутманг, Аллоҳ таоло унинг жонини ҳали намоз ўқимасидан олдин олдими, демак, у ҳеч қачон намоз ўқимас эди ҳам. Таъкидлаб айтаман, у барибир ҳеч қачон намоз ўқимас эди. У қандай ҳаёт яшаб бу дунёдан қандай ўтган бўлса, эртага Аллоҳ таоло қаршисида ҳам худди шундай туради.

Олимлардан бири бир воқеани шундай ҳикоя қилади. Уни бир оила ўлим тўшагида ётган қариндошлари ҳузурига чақириб келишади. Бу олим уларнинг уйига келади ва машинасини чеккароқ бир жойда қолдириб, ҳалиги ўлим тўшагида ётган кишининг уйига яқинлашса, бутун уй мисрлик бир қўшиқчининг қўшиғи садоси остида экан. Ҳалиги олим қулоқларига ишонолмайди ва ичкарига кириб уй соҳибларига Қуръон қўйишни айтади. Чунки оила боши, уларнинг отаси жон таслим қилаётган чоғда бу қадар баланд овозда мусиқа тинглашни қабул қилиб бўлмайди, ахир. Шунда ҳалиги олим киши мусиқа овозини ўзи ўчириб, унинг ўрнига Қуръондан суралар қўя бошлайди. Биласизларми, шунда нима содир бўлади? Ўзи ўлим тўшагида жон олишиб қўшни хонада ётган ота: “Ўчиринглар бунинг овозини, мусиқани қайтариб қўйинглар, қалбимни ўша мусиқа жуда ҳам эритиб юборяпти”, – дермиш.

Қандай ҳаёт кечираётган бўлсангиз, ўлим билан худди ўша ҳолатингизда учрашасиз.

Қўйинг бошқаларни, уларнинг нима билан шуғулланаётгани билан ишингиз бўлмасин. Ўзингизни назорат қилинг. Ўзингизни билинг! Ҳисоблаб кўринг-чи, нечта сура ёдлабсиз? Яна қанча намозларни адо этишингиз керак? Мен сизнинг мусулмон эканлигингизга шубҳа қилаётганим йўқ, азиз биродарлар. Асло бундай эмас. Аммо сифат-чи? Ҳаётимиздаги қилиб юрган амалларимиз сифати-чи?..

Муҳаммад Ҳоблос маърузаларидан

Таржимон: Умму Муҳаммадийн

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Онамга сўнгги сўзим

1890 19:00 26.10.2019
« Орқага