“Қани Парвардигоринг бўлса, сени бир сақлаб олсин-чи!”

00:00 16.01.2019 3755

Тақдирнинг тақозоси ила мусулмон бир йигит, Узоқ Шарқнинг Сахалин ўлкаларида қамоқ жазосини ўтарди…

Шароит оғир, совуқ, унинг устига санаторий эмас бу ер… Лекин йигит тақводор, Яратгандан қўрққан инсон эди ва намоз банда зиммасида то ўлимгача эканини яхши биларди. Шунинг учун қийин шароитга қарамасдан, намозни ўз вақтида адо этишга тиришарди. Уни тоат-ибодатда собитлигини кўрган атрофидаги кўринишлари инсон, қалблари эса ҳайвон сифат бўлганлар унинг бу ибодатини хуш кўришмасди. Унга ибодат қилдирмасликка ҳаракат қилишарди. Ибодат қилаётган пайтида келиб қолишса, устидан мазах қилиб кулишар, турткилаб ўтишарди. Бўлаётган қаршиликларга қарамай, йигит ибодатни тарк этмас, Парвардигорга итоатни қийин кўрмасди. Лекин бу худосизларнинг баттар жазавалари қўзир, душманликлари янада ортарди. Кундан-кунга уни хўрлашлар, қийнашлар ортиб борарди.

Иш шу даражага бориб етдики, кунлардан бирида, бир нечта нокаслар уни биргина ички кийимда ташқарида, Сибирнинг аёзли аччиқ совуғи билан юзма-юз қолдиришди. “Қани Парвардигоринг бўлса, сени бир сақлаб олсин-чи!!!”

Изғирин совуқ, деярли кийимсиз, очиқ ҳавода...Олдинда ҳали янада совуғи кучаядиган қаро тун... Ўлим билан яккама-якка... Тонг отди...

Эрталаб қамоқхона бўйлаб бир хабар яшин тезлигида тарқалди... Нима эмиш, “Кечаси, қўриқчиликда турган икки аскар, совуқдан қотиб ўлиб қолибди...” Унинг кетидан сал ўтиб, яна бир хабар аввалгисидан тезроқ тарқалди. “Тонгда бир маҳбус биттагина ички кийимда қамоқхона маъмуриятига кириб келибди...”

Энди келинглар, тунда нима воқеа бўлганини йигитнинг ўзи ҳикоя қилиб берсин:
“... Шу алфозда, биргина кийимда ҳайдаб чиқаришди. Ҳар қандай қалин кийимда ҳам дош бериш маҳол бўлган совуқ. У ёққа юрдим, бу ёққа юрдим, ҳеч қандай паноҳ топгулик ўрин йўқ… Нажотдан умидим узилиб, охири тақдирга тан бердим. Сўнгги имконим, Роббимга дуо қила бошладим...

“Эй Роббим! Берган умрингга розиман. Мендан рози бўлгин... Мендан ўтган камчиликларимни, гуноҳу-хатоларимни мағфират этгин. Жонимни мусулмон ҳолимда, иймон калимаси ила олгин, Ўзингни раҳматинг ила буркагин...”

Совуқ борган сари танимни чулғай бошлади. Титрай бошладим. Аъзои-баданим қақшарди. Тилим дуо қилишга ҳам айланмай қолди. Ўлимимни кута бошладим. Кўзларим аста-секин юмила бошлади.

Бир вақт танимга бир нарса текканини ҳис қилдим. Нима экан?! Жунли бир нарса. Кўзимни минг уриниб, аранг очиб қарадим.

Каттакон қутб айиғи. Улкан, баҳайбат, важоҳатли. Энди менга ташланади, танамни бурдалай бошлайди дея, қимирлашдан ҳам ожиз ҳолимда ётибман. Лекин, негадир айиқ шошилмасди. Бир вақт махлуқ аста-секин мени ўз қучоғига олди. Танамни айиқнинг иссиқ танаси кўрпа мисол ёпиб олди. Баданимда иссиқ ҳароратни ҳис қила бошладим. Бир неча соатдан бери давом этиб келаётган совуқнинг аламидан сўнг, озгина ҳаловатни ҳис қилиб, кўзим секин уйқуга кетди.

Кўзимни очсам, ҳамма ёқ ёп-ёруғ, тонг отган, ёлғиз ўзим ялангликда ётибман. Оқ айиқ эса ғойиб бўлганди...”

Интернет сарҳадларидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!