Қаноат

12:00 05.03.2018 714

Ишларимни битириб, уйга пиёда қайтаётган эдим. Одамлар гавжум йўлакнинг бир четида олма сотиб ўтирган онахонга кўзим тушди. Бир донагина тиши қолган онахон нархини пасайтиришни сўраётган харидорга самимий оҳангда ростини айтаётган эди: "Болам, менга тирикчилик учун фақат минг сўм пулингиз қолади. Беш панжани оғизга тиқиш шарт эмас. Бир куним ўтса бўлди".

Харидор икки килограмм олма сўраганди, онахон кучсизгина, қалтираётган қўлларида олмани тарозида қайта-қайта тортди. Харидор: "Тўғри келмаяптими хола?", деган эди. Онахон: "Тарозининг иши қийинда, болам. Бировнинг ҳаққи…", деди.

Ана шу ерда бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, қаноатда эканини чуқур ҳис этдим. "Тарозининг иши" ва бировнинг ҳаққи борасида ҳам унутилмас сабоқ олдим. Тўғриси, онахонни қучоқлаб, йиғлагим келди…

Нуриддин МУҲАММАДЖОН

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!