Қариндошларни ишга олиш: иллатми ё афзалликми?

23:00 11.07.2018 658

Профессионал сифатлари ва эгалламоқчи бўлган мансабига мос ёки мос эмаслигидан қатъий назар қариндош бўлгани учунгина ишга қабул қилиниши “непотизм” деган ном олган. Бу лотинча “nepot” (жиян) сўзидан олинган бўлиб, унинг тарихи ўрта асрлардаги рим папаларининг ёғли мансабларни ўз қариндошларига тақсимлаб берган даврлардан бошланган. Бугунги кунда йирик тижорат амалиётида бу нарса иллат бўлиб ҳисобланади: кенг тарқалгани қариндошларни компанияга ишга олишга қўйилган тақиқдир. Жуда кўп мамлакатларнинг йирик бизнес бўлинмаларида қариндошларнинг бир жойда ишлаши ман қилинади. Оилавий компания бўлса қариндошларни иш билан таъминлаш оддий ҳолдир.

Непотизм компания фаолиятига салбий таъсир қиладими?

Замонавий тадқиқотларга кўра, непотизмнинг бир нечта жиҳатга салбий таъсир қилиши аниқланган:

Иш жойида зўриқиш

2008 йили Social Behavior and Personality журналида Шимолий Кипрдаги тижорат банки ходимлари ўртасида ўтказилган бир тадқиқот натижалари эълон қилинди. Тадқиқотга кўра, банк соҳасидаги ходимларнинг ишчи стресс ҳолатининг кўтарлиши ва ишдан қониқиш даражасининг пасайиши ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлаш бўлган. Сўров 576 нафар банк ходимлари ўртасида ўтказилди ва тадқиқотчилар қайси ташкилотларда непотизм бўлса, ўша ерда ишчи стресс ҳолати юқори бўлишини аниқладилар. Худди шу каби тадқиқот Литвадаги хусусий ва давлат ташкилотлари ходимлари ўртасида ҳам ўтказилди. Унинг натижалари ҳам непотизмнинг эҳтиёткорлик, қўрқув даражасининг юқорилигини ва иш жойидаги жанжаллар билан боғлиқ эканини кўрсатиб қўйди. Буларнинг ҳаммаси ходимларнинг стресс даражасининг кўтарилиши ва қилинган меҳнатдан қониқмасликка олиб келар экан.

Ходимларнинг иш берувчига содиқлиги

Қариндошлар, дўстларнинг профессионал билими, тажриба, кўникмалари ва иш сифати етарли даражада бўлмаган ҳолда уларга имтиёз ва преференцияларнинг тақдим этилишини коллектив кўриб туради. Муваффақият қозониш учун шахсий самарадорлик ва қўйилган мақсадга эришиш эмас, балки қариндошлик ришталари эканлигини кўрган компания ходимлари ўз келажакларини бу компания билан боғлашни истамайдилар ва кўп ҳолларда бошқа ишга ўтиш истагини билдирадилар.

Ходимлар мотивациясининг пасайиши

Икки омилли Герцберг мотивацияси назариясига мувофиқ икки турдаги омиллар: одамни иш жойида ушлаб турувчи омиллар (гигиеник факторлар) ва инсонни ишга рағбатлантирувчи факторлар (мотиваторлар) кўрсатиб ўтилган. Гигиеник факторларга иш шароитлари, иш ҳақи даражаси, иш жойидаги жанжаллар, яъни ушбу омиллар ходим ишлайдиган муҳитни эътироф этади.  Герцберг назариясига кўра, ёмон иш шароитлари, қўрқув ва барқарорликнинг издан чиқиб кетишидан қўрқув ҳисси, ходимларнинг ўз ишидан қониқмаслигига олиб келади ва ишлаш рағбатининг пасайишига олиб келади. Қайд этиш жоиз, олимлар ўтказган тадқиқот натижаларига мувофиқ, иш жойида салбий муҳит бўлмаса, шунинг ўзи ходим томонидан меҳнатга рағбат сифатида қабул қилинмайди, бу ҳолат ўз-ўзидан бўлиши шарт (must have) дея қабул қилинади. Непотизм амалиёти стресс, қўрқув ва жанжалларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади ва ишчининг ишга бўлган муносабатига салбий таъсир кўрсатади.

Маҳсулдорликнинг пасайиши ва кўрсаткичларнинг ёмонлашуви

Италиялик тадқиқотчилар фирмани оила аъзоларига мерос сифатида ўтказилганда самарадорлик ва бошқа кўрсаткичларнинг ёмонлашиш билан боғлиқлигини аниқлашни ўз олдиларига мақсад қилиб олдилар. Улар Италиядаги 229 та ишлаб чиқариш компанияларининг 1996 йилдан 2000 йилгача бўлган кўрсаткичларини таҳлил қилдилар. Тадқиқот натижалари кўрсатишича, компания бошқарувини “мерос” сифатида оила аъзосига, қариндошга ўтказилганида, ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг сезиларли равишда ёмонлашган. Шундай қилиб, непотизм амалиёти шу жумладан, оилавий бизнесга ҳам салбий таъсир кўрсатар экан.

Непотизмнинг ташкилотларга салбий таъсирини йўқ қилишнинг иложи борми?

АҚШдаги Claremont McKenna College коллежжи тадқиқотчиларининг таъкидлашларича, муайян қоидаларга риоя қилинса, непотизм амалиёти ҳеч кимга зарар қилмайди. Уларга кўра, кадрлар танлашда, персоналга баҳо беришга ва амал поғоналаридан кўтарилишида қариндошлик ёки дўстона алоқаларга эътибор қилмай объектив, ҳалол ва шаффоф стандартларнинг қўлланиши муаммони ҳал этиши мумкин. Бироқ улар бу каби ёндашув нуфузли қариндошлари бор номзодлар, ходимларга нисбатан позитив менежерлик қарорларнинг коллектив томонидан негатив тарзда қабул қилиниши муаммосини ҳал эта олмаслигини тан олмоқдалар.

Непотизмнинг рақобат афзаллиги қачон намоён бўлиши мумкин?

АҚШ ва Канада университетларининг қатор тадқиқотчилари непотизмни ижтимоий алмашув нуқтаи назаридан ҳамда нодир, яширин билимларни (tacit knowledge) бериш муносабатида кўриб чиқмоқдалар. Назариянинг моҳияти шундаки, одамлар фойда берадиган муносабатларни шакллантиришга ва қўллашга ҳаракат қиладилар ва бундай муносабатлардан оладиган фойдани харажатлардан ортиқ деб ҳисоблашлари керак. Ишга жойлаштириш жараёни ва бошқа турдаги кадрларга оид қарорларда қариндошларга афзаллик бера туриб компания оила аъзолари ва қариндошлар ўртасидаги нодир ва яширин билимларнинг (tacit knowledge) ўргатилиши амалга ошириладиган ижтимоий алмашув кўринишидаги мукофотга эга бўлади. Бу каби билимлар (ҳунар сирлари) қариндошлар ва оила аъзоларига доим чин кўнгилдан ва беғараз ўргатилади. Айнан шунақа билимлар компаниянинг рақобат устунлигини шакллантиради, рақобатчи компаниялар бу билимлардан нусха ололмайдилар. Бундай билимга эга бўлиш учун ушбу билим эгаси бўлмиш ходимни ўз томонига оғдириш зарур. Шундай қилиб, замонавий тадқиқотчилар непотизм ходимларга, уларнинг кайфиятига, садоқатига ва рағбатига салбий таъсир қилади деган хулосага келмоқдалар. Шунингдек, непотизм ҳатто оилавий бизнесда ҳам компаниянинг маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ агар объектив, ҳалол ва шаффоф қоидалар барча ходимларга, уларнинг нуфузли қариндошлари борми-йўқми демай бирдек қўлланадиган бўлса, унда непотизмнинг салбий таъсирини йўққа чиқариш мумкин бўлади. Агар компаниянинг асосий қадрияти нусха олиниши осон бўлган технология, материаллар ва процесслар эмас, балки нодир ва яширин билимлардан (ҳунар сирлари) иборат бўлса, кадрларга оид қарорларнинг бошқа номзод, ходимлардан кўра қариндошлар фойдасига қабул қилингани афзал бўлади.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!