Қарзини узмай вафот этган одам

14:00 28.10.2018 1674

Ҳар бир қарздор тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзни узмай туриб вафот этиб қолиш жуда ҳам оғир вазиятни юзага келтиради. Ўлган бандадан Аллоҳ таоло Ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин, аммо қарз банданинг ҳақидир. Бу ҳақни қарз эгасининг ўзи кечмагунча, Аллоҳ таоло кечмайди.

Шунинг учун ҳам қай бир мусулмон вафот этса, аввало унинг қарзи суриштирилади ва ўша қарзни узиш чоралари кўрилади.

Вафот этган кишидан қолган тарикага, яъни «тарк қилинган нарса»га  бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартиб ила адо этилади:

1. Бир мусулмон одам вафот этганидан сўнг унинг тарикаси ҳисоб қилиниб, биринчи галда уни кафанлаб, кўмиш учун кетадиган харажатлар ажратилади.

Бунда уни кафанлашга, ювишга, гўрини қазишга, олиб бориб, кўмишга кетадиган харажатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу харажатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳаққи бўлмайди.

2. Ундан кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади.

Бу ҳақ ҳам меросхўрларнинг ҳаққидан устун ҳақ ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: «Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча, қарзига боғлиқ бўлиб туради», деганлар.

Бошқа ҳадисларда айтилишича, маййит ҳатто шаҳид бўлса ҳам, қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат яқинлари унинг қарзини адо этганларидан кейингина шаҳидларга ваъда қилинган мартабаларга эришади. Шунинг учун ҳам қарз меросхўрлар ҳаққидан устун қўйилади.

Фараз қилайлик, қарзи бор, аммо уни узишга ортида бирор нарсаси йўқ одамнинг ҳоли нима бўлади? Бундай ҳолда вафот этган одам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг катта гуноҳ бўлмиш ширкдан кейинги ўринда турадиган гуноҳни қилиб ўлган бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳйи қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир», дедилар». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Бас, у зот: «Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа, икки динор», дейишди.«Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар. «Ўша икки динор менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар.

Аллоҳ Ўз Расулига фатҳ ато қилганидан кейин: «Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шариф зиммасида қарзи бўла туриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади. Хазина бўлмаган жойларда мазкур қарз шу ерлик мусулмонларнинг закотидан адо этилиши мумкин.

Аммо бугунги кунимизда бу шаръий ҳукмни ҳам ўз фойдасига ўзича талқин қиладиганлар топилди. Баъзи одамлар оқибатини ўйламай, катта миқдорда қарз олишни ўзларига эп кўрмоқдалар. Биладиган кишилар уларга қарзни узишни ҳам ўйлаш кераклигини эслатсалар, «Жанозамизда қарзимизни бирорта одам ўз зиммасига олса, қутилиб кетамиз», деган гапни айтмоқдалар. Лекин асл ҳақиқат уларнинг хомхаёлларидаги каби эмас. Маййитнинг қарзини биров зиммасига олса, жаноза ўқилади. Аммо бу ўша маййит қарздан тамоман қутулди, дегани эмас. Келинг, ушбу маънони ҳадиси шарифлар орқали ўрганайлик.

Насоий қилган ривоятда: «Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу ишнинг қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатади.

Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом! Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши ниҳоятда оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.

Саъд ибн Атвалдан ривоят қилинади: «Акам ўлиб, ортидан уч юз дирҳам пул ва аҳли аёли қолди. Мен пулларни аҳли аёлига сарфламоқчи бўлдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аканг қарзи туфайли тўсилиб турибди. Унинг қарзини уз», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг қарзларини адо қилдим. Фақатгина бир аёл ҳужжатсиз даъво қилган икки динор қолди», дедим. «Ўшанга бер, у ҳақлидир», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Вафот этган одамнинг укаси акасининг қолдирган пулидан қарзларини узиб бўлиб, қолганини унинг аҳли аёлига сарфламоқчи бўлиб турганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳали ўлгандан қолган маблағни унинг аҳли аёлига сарфлаш вақти келмагани, ўлган шахс қарзи туфайли жаннатдан тўсилиб тургани ҳақида хабар бермоқдалар.

Ука акасининг қарзларини узиб бўлган экан. Фақтгина ҳужжат ва далили, гувоҳи йўқ бир аёл даъво қилган икки диноргина қолган экан. Ана ўша икки динор сабабидан унинг акаси жаннатга киролмай турган экан. Қаранг-а, банданинг ҳақи қандай ҳам нозик ва аҳамиятли! Бир банда ўзидаги Аллоҳ таолонинг ҳақини ва бандаларнинг ҳақини тўлалигича адо этибди. Фақатгина бир аёлнинг икки динор ҳақи қолибди. Шунинг учун у одам охиратда жаннатга киролмай турибди.

Бас, шундай экан, у ҳолда «Ўлсам, жанозамда биров «Қарзини мен тўлайман», деса, қутилиб кетаман», дея бўлган-бўлмаганга одамлардан қарз олиб юрганларнинг ҳоли нима кечади? Албатта, уларнинг ҳоли ўта аянчли бўлади. Шунинг учун билиб-билмай, шариат кўрсатмалари бўйича ўзича қарор чиқариш ўта даҳшатли ишдир. Бу борада тўлиқ ва тўғри маълумотга эга бўлмай туриб маҳмадоналик қилмаслик керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ
“Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китобидан 

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!