Қатар футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритгач, мазкур мамлакатда стадионлар, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилишида ишлаган 6750 нафар меҳнат муҳожири вафот этган.
Бу охирги ўн йил ичида ҳафтасига ўртача 12 нафар муҳожир вафот этганини билдиради. Ўлимлар бўйича келтирилган рақам фақатгина Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бангладеш ва Шри-Ланка фуқароларини қамраб олган. Fair/Square инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Ник Макгихан “Евроньюс”га берган интервьюсида вафот этган муҳожирлар сони аслида кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтди.
“Бу ўлимларнинг 69 фоизининг сабаби номаълум. Ўн йил ичда 5 мингдан зиёд ишчи мавҳум ҳолатларда вафот этган”, – дейди у.
Макгиханнинг сўзларига кўра, Қатардаги меҳнат муҳожирларининг аҳволи яхши эмас: улар ҳаддан ташқари кўп ишлатилади, маошлар тўлиқ берилмайди ёки умуман берилмайди. “Биз уларнинг тиқинличда, санитарияга зид шароитларда яшашини биламиз. Буларнинг бари ҳужжатлаштирилган”, – дея таъкидлайди Fair/Square раҳбари.
Қатардаги меҳнат муҳожирлари орасидаги ўлим ҳолатлари ҳақидаги хабарлар 2019 йилда тарқалган эди. Ўшанда ишчилар ўлимининг асосий сабаби сифатида офтоб уриши келтирилган.
Қатар ҳукуматнинг билдиришича, хорижлик ишчилар орасида ўлимлар ҳолатлари сони уларнинг умумий сонига мутаносибдир.