Форс кўрфази давлатлари келишмовчиликларни бартараф этиш борасида асосий тамойиллар бўйича келишиб олди, бироқ муаммоларни ҳал қилиш учун вақт керак бўлади.
Қатар Ташқи ишлар вазири Муҳаммад ибн Абдураҳмон ал-Тани “Ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида ана шундай деди. Унинг айтишича, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг сўнгги саммити минтақадаги инқирозни баратарф этишга ёрдам беради. “Саммитда мамлакатлар манфаатларига зарар етказмаслик, ички ишларга арашмаслик, минтақа хавфсизлиги учун туғиладиган таҳдидларни йўқ қилиш сингари масалаларда келишиб олинди”, – деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, кенгаш аъзоларининг масалаларга ёндашуви бир-биридан фарқ қилади, бу фарқни ошиб ўтиш учун эса вақт керак. Масалан, кенгаш аъзоларининг ҳаммаси ҳам Эрон ҳақида бир хил фикрда эмас.
“Форс кўрфазидаги инқирознинг ҳал қилиниши Қатарнинг ёки Саудия Арабистонининг эмас, ҳамманинг муваффақияти”, – дея таъкидлади Муҳаммад ибн Абдураҳмон ал-Тани.
Эслатиб ўтамиз, Форс кўрфази араб давлатлари кенгашига Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн, Кувайт ва Ўмон аъзо. Кенгашнинг 5 январь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган навбатдаги саммитида Қатар билан боғлиқ 2017 йилдан бери давом этаётган инқироз ҳал этилди.