Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қатарда шов-шув бўлган суҳбат

4668

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Футбол бўйича Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати муносабати билан бир қатор дунёнинг машҳур уламолари ушбу давлатга ташриф буюрдилар. Ана шундай уламолардан таниқли даъватчи, доктор Закир Найк ва шайх Умар Абдулкофий ҳазратлари ушбу юртда меҳмон бўлиб турибдилар. Фурсатдан фойдаланиб, икки уламо ўзаро дўстона учрашдилар ҳамда журналистлар иштирокида улар билан маърифий-маданий суҳбат ташкил этилди. Қуйида ана шу суҳбатнинг таржимасини эътиборингизга тақдим этамиз.

Журналист: «Минглаб одамлар сизнинг суҳбатингизни тинглаганларидан сўнг исломни қабул қилдилар, Алҳамдулиллаҳ. Ана шундай ҳодисалар ичида сизга энг таъсир қилгани қайси? Яъни, шахсан сизга кучли таъсир қилган бирор воқеа ёки қиссани айтиб бера оласизми?»

Закир Найк: «Мусулмон бўлмаган кишилар Ислом динини қабул қилганларида бу ҳол менинг ҳаётимда ижобий таъсир кўрсатади. Бундай вазиятлар ҳаётим давомида кўплаб бўлган. Ёдда қолган воқеалардан бири Дубайга маъруза қилиш учун борганимда юз берган. У ерда ҳинд миллатига мансуб Раҳул исмли киши савол бериб қолди. Мен маърузамни давом эттирар эканман, Раҳул турли саволлар бериб турар эди. У менга қийин саволлар берар, гап орасида: «Мен Ислом дини ҳақида ўзим бошқарадиган идорамдаги маълумотлардан ёки муҳандисликдан кўра кўпроқ нарса биламан», деб баён қилди. Унинг берадиган саволи аввалгиларидан бошқачароқ бўларди. Шундай саволлардан бирини эслаб ўтсам: «Қуръоннинг Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келган илк ваҳийси «Ўқи» деган буйруқ эди». Кейин Раҳул ваҳийга алоқадор ҳадисни зикр қилди: «Жаброил алайҳиссалом «Ўқи» деди. Бироз вақт ўтиб яна «Ўқи» деди».

«Жаброил Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ўқи» деб хитоб қилганда нимани кўрсатган. Яъни, «Ўқи» деб хитоб қилганда бирор матнни кўрсатиб ўшани ўқи деганми? Шу кўрсатган нарсаси бугунги кунда бирор-бир музейда сақланадими? Пайғамбарга кўрсатган нарсаси ёзув шаклида мавжуд эмаску. Ўшанда Пайғамбар «Мен ўқувчи эмасман» деб жавоб берганларку» деган саволни берди.

«Мен унга сиз жуда ўринли савол бердингиз дедим-да, ундан япон тилини биласизми, деб сўрадим. У йўқ, деб жавоб берди. Мен унга айтдим: «Сен йўқ дейишинг учун мен япон тилида ёзилган бирор нарса кўрсатдимми?! Ана, кўрдингми «билмайман» дейишинг учун мен ҳам сенга нимадир кўрсатишим шарт эмас. Саййидимиз Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўқишни талаб қилганларида худди мана шундай услуб билан талаб қилганлар. Бу талабга жавобан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ўқувчи эмасман», деганлар. У зот «Мен ўқувчи эмасман», дейишлари учун Жаброил алайҳиссалом бирор нарса кўрсатишлари шарт бўлмаган. Ундан кейин Раҳул жуда кўп ададда саволлар берди. Ва Машааллоҳ, охирида Исломни қабул қилди. Аллоҳ унга ҳидоятни ато этди».

Журналист: «Сизнинг суҳбатингизни тинглаб Исломни қабул қилганларнинг ададини ҳисоблаб борасизми ёки билмайсизми?»

Закир Найк: «Буни Аллоҳ таоло ҳисоблаб турибди».

Журналистнинг доктор Закир Найкка: «Маъруза пайтида савол берувчи шахслардан қайси бири сизни кўпроқ таъсирлантирган?», деб берган саволига учрашувда иштирок этаётган устоз Умар Абдулкофий қуйидагича жавоб бердилар:

«Биринчидан, даъват ишида ажойиботлар кўп бўлади. Лекин инсон даъват қилаётган пайтда бу ишнинг оғирлигига бардош бериш билан бир қаторда, аввало, Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади. Ҳар хил вазиятлар бўлади. Масалан, бир инсон савол билан юзланмоқда, у барча динларни инкор қиладиган, ҳатто Исломни ҳам рад этадиган кимса бўлади. Ана шу пайтда даъватчи Аллоҳ таолодан ёрдам, динини ҳимоя қила оладиган мақомни беришини, бошқаларнинг қалбини қабул этувчи қалбга айлантириб қўйишини сўрайди. Албатта, даъватчи ўша инсонларга Аллоҳнинг динини гўзал суратда кўрсата билиши керак. Динимиз ҳеч нарсага муҳтож эмас, фақат уни гўзал суратда намоён қила олсак кифоя. Агар биз динимизни чиройли суратда одамларга етказиб бера олсак, Аллоҳнинг фазли билан ўша инсонлар ҳидоят топадилар».Журналист: «Шахсий савол берсам майлими?»

Закир Найк: «Марҳамат».

Журналист: «Кунингизни қандай ўтказасиз? Сиз кўплаб мусулмонлар учун ибрат ва намуна сифатида гавдаланасиз. Шу боисдан ҳар бир вақтингизни қандай ўтказишингизни билгимиз келади. Уйқудан турганингиздан бошлаб, то уйқуга кетиш вақтигача нималар билан банд бўласиз?»

Закир Найк: «Ҳиндистонда бўлган вақтимда, яъни дунёдаги энг катта хусусий исломий муаассасалардан бири фаолият юритган пайтда одатий куним шу муассасага боришдан бошланар эди. Бу жойда битта бўлимнинг ўзида беш юздан ортиқ ходим, шу жумладан, ўн мингдан ортиқ кўнгиллилар хизмат қилар эди. Ўртача 15-16 соат вақтим ўша ерда ўтарди. Бомдод намозини ўқигандан сўнг 3 соат ухлар эдим. Кейин уйғониб, нонушта қилиб, сўнгра кексайиб қолган ота-онамнинг ёнларида вақтимни ўтказар эдим. Ана шундан кейин ташкилотимизга қайтар эдим. Ҳиндистондан Малайзияга кўчиб ўтганимизда ҳаётимиз тубдан ўзгариб кетди. Иймоним нури зиёда бўлди. Ҳозирги кунда уйим офисимга айланган. Агар Аллоҳ таоло сизга барака ато қилса, кунингизнинг кўп қисми намозда ўтадиган бўлиб қолар экан. Бу азизларимизга фарз даражасидаги маслаҳат эмас, балки шахсий тавсиямдир. Мусулмон киши учун хоссатан, даъватчи учун таҳажжуд намози жуда зарур. Бу борада насиҳатим шуки, бошланишига ярим соат таҳажжудда вақт ўтказинг. Кейин бир соатга, ундан сўнг икки соатга етказинг. Таҳажжуд муддати узайган сари ҳолат яхшиланиб бораверади. Кейинги насиҳатим барча намозларингизни масжидда жамоат билан адо этишга эътибор беринг». 

Журналист: «Агар бир кунда 16 соат ишласангиз, фарзандларингизни қандай танийсиз?»

Закир Найк: «Оҳ, бу ўринли савол. Мен уйланишдан аввал 10 соатимни даъват ишига сарф этардим. Одамлар менга: «Агар оила қурсангиз даъват учун 10 соат сарф эта олмай қоласиз», дейишди. Шунинг учун даъватчи аёлга уйландим. Ана шундан бери даъват ишига 12 соат сарфлайдиган бўлдим. Лекин шу 12 соатнинг 4-5 соатини аёлим билан ўтказар эдим. Фарзандли бўлганимизда одамлар менга: «Энди даъват қила олмайсиз», дейишди. Шу боис мен исломий мадраса очдим. Ҳозир ўша мадрасада фарзандларим билан бирга даъват ишини юритяпмиз. Маъруза қилиш учун дунё бўйлаб сафарга чиққанимизда бешовимиз, яъни мен, ўғлим, аёлим ва қизларим маъруза ўқиймиз. Мен билан ўғлим жуда кўп сонли эркаклар орасида маъруза қилсак, аёлим ва қизларим эса аёллар олдида маъруза қилишади. Биз бирор мамлакатга маъруза қилиш учун 7-8 кунга ташриф буюрсак, шу кунлар мобайнида маърузамизни тамомлаб, яна қўшимча икки кун давомида ўша ҳудуднинг тарихий обидаларини томоша қилиб, ҳордиқ чиқарамиз».

Ушбу суҳбатни тинглаб ўтирган шайх Умар Абдулкофий ҳазратлари қуйидаги мулоҳазаларни билдириб ўтдилар:

«Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Уйларингизни қибла қилинглар», деб марҳамат қилган. Қаранг, бир хонадон аъзоларининг ҳаммалари даъватчилар. Улар вақтларини Аллоҳнинг динига даъват қилиб ўтказадилар. Доктор Закир Найк юқоридаги оятга амал қилиб, оила аъзоларининг барчасини даъватчи этиб тарбия қилдилар. Биз доим бу кишининг ҳақларига Аллоҳдан тавфиқ сўраб, ғойибона дуо қиламиз. Айтганимдек, мен у кишини ҳар намозимда дуо қиламан. Ўзларини, фарзандларини, оиласини Аллоҳ паноҳида асрашини сўрайман. Булар Аллоҳнинг динига басийрат ва очиқ-ойдинлик билан, изоҳлаб, шарҳлаб Исломга даъват қиладилар. Даъват асносида қаттиққўллик, қўполлик билан эмас, аксинча, ҳалимлик билан иш юритадилар. Роббимиз бу кишини барча ёмонликдан асрасин! Сизга ва сиз орқали олийжаноб оила аъзоларингизга ташаккур изҳор қиламиз. Аллоҳ таоло қилаётган хизматларингизга барака берсин. Унутмангки, бу дунёда сизнинг дўстларингиз кўп. Уларнинг энг биринчиси менман. Сизнинг хизматларингизга кўп таҳсинлар айтаман ва сиздан кўп нарса ўрганаман, ҳаққингизга яхшилик сўраб доим дуо қиламан. Роббимиз сизни доим паноҳида асрасин!»

Сўнгра журналист шайх Умар Абдулкофийдан: «Закир Найк ҳазратларига бир сўз билан таъриф беринг», деб илтимос қилди.

Умар Абдулкофий: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини кўрганларида аниқ хурсанд бўлар эдилар. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини кўрганларида яна ҳам қувонар эдилар. Чунки бу киши ихлос деб аталган йўл узра юрадилар. Ҳеч кимни Аллоҳга покламайман (Одатда бировни мақтаётганда шу гап айтилади)», дея таъриф бердилар.

Журналист: «Закир Найк ҳазратлари, доктор Умар Абдулкофийни бир сўз билан қандай васф қила оласиз?», деб савол берди. 

Закир Найк: «Бир сўз билан таъриф бериш қийин, лекин Аллоҳга ҳамд бўлсинки: «Албатта, Аллоҳ таоло бу кишини диннинг ёйилиши учун сабабчи инсонлардан қилиб қўйди. Шунинг учун бу инсон ҳақларида «Динни ёйиш учун Аллоҳ таоло томонидан танланган бандалардан бири» деб айта оламан».

Журналист: «Доктор Умар Абдулкофий сиз ҳақингизда «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини кўрганларида аниқ хурсанд бўлар эдилар», дея таъриф бердилар. Доктор Закир Найк, бу гапга сиз нима дейсиз?

Закир Найк: «Алҳамдулиллаҳ».

Журналист: «Аллоҳ таоло сизларни яхшилик билан мукофотласин». Омин!

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

429 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1058 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1643 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1302 19:36 06.02.2023

Россия ва Эрон Татаристонда дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

486 18:10 06.02.2023

Муфтий ҳазратлари Туркия халқига ҳамдардлик билдирди

582 17:41 06.02.2023
« Орқага