Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Масжидлар

«Қатортол»: маҳаллага жоме масжиди керак

572

Биз масжидларимиз лойиҳасини бошлаган вақтимизда илк эълон қилган «Икки йўл орасидаги қабристон» номли мақоламизда узоқ тарихга эга бўлган, лекин 1962 йилда бузиб ташланган эски «Қатортол» жоме масжиди ҳақида маълумот берган эдик. Бу масжид Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Қатортол кўчаси, ҳозирги “Қатортол” савдо маркази яқинида жойлашган кичик қабристон ёнида бўлган. Ушбу масжид билан бирга масжид атрофидаги ҳовлилар ҳам бузилган. ХХ асрнинг иккинчи ярмида шаҳарсозлик режаси бўйича бу ерларда Давлат қўмиталари идоралари ва бошқа ташкилотлар қурилиши сабаб 1962-1963 йилларда маҳалла аҳли дастлаб боғ ерлар бўлган ҳозирги Машраб, Иқтисод, Ҳосилот кўчаларига кўчирилган. 1962 йилда мавзе бузилаётган даврда маҳалла аҳли масжид ғиштлари ва бошқа қурилиш молларини олиб келиб, янги “2-Қатортол” маҳалласида ҳашар йўли билан кичик бир маҳаллий масжид барпо этган.

Бу масжид мустақиллик давригача ишлаб турган. Юртимиз мустақиллигини қўлга киритиб, диний-маърифий соҳада эътиқод эркинлиги таъминлангач, эски масжид ўрнини кенгайтириш ва қайта қурилиш ишлари ҳам бошлаб юборилади. 1993 йилда аввалги масжидга ёндош ерда маҳалла аҳли томонидан ҳашар йўли билан янги масжид биноси қуриб битказилган. Мазкур бинода катта хонақо, имом ва қоровул хонаси, таҳоратхона ва маҳалла тобут анжомлари сақланадиган хоналар қурилган. 2011 йилда масжид қайта таъмирланган. Масжиднинг “Қатортол” деб номланиши юқорида таъкидланганидек, Қатортол маҳалласи ҳудудида бўлганлиги сабабли мазкур маҳалла номи билан юритилишидир. Масжид ҳозирги кунгача маҳаллий масжид мақомида фаолият юритиб келади. 2015-2016 йилларда масжид хонақоси ва ҳовлиси таъмирланган. Ҳозирда ҳам масжид таъмири давом этмоқда. Бу борада масжид ходими Зоиржон ота Ҳакимов ўз фикрларини билдирди.

“Мана бу йилдан масжидимизда жамоат кўпайиб одамлар сиғмай қолгандан кейин маҳалла билан бирлашиб масжид хонақосини кенгайтирдик. Эндиги ниятимиз масжидимизни жоме масжидга айлантириб, бу ерда жума намозларини ўқишдир. Масжидимиз номи «2-Қатортол маҳалласи масжиди» номини улуғ саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг номлари билан аташ таклифини тегишли ташкилотга бердик, тез кунларда бунинг жавоби чиқиши кутилмоқда. Масжидимиз ҳозирда ҳовли билан ҳисоблаганда 700-800 кишини ўз ичига олади. Таҳоратхонамиз 15-20 киши учун мўлжалланган. Тегишли ташкилотлардан комиссиялар келиб шароитларини ўрганиб жоме масжиди бўлиши учун рухсат беришса, кўпчилик хурсанд бўлар эди. Бомдод намозларида 80-100 нафар маҳалладошларимиз билан ибодатларимизни адо этамиз, пешин намозларида 150-200 нафар маҳалла аҳли масжидга йиғилади. Маҳалладошларимиз жума намозларини ўқиш учун “Мевазор” маҳалласига чиқишади, одам кўплигидан кўпчилик ташқарида совуқда қолиб, ноқулайликларга дуч келишмоқда. Шу эҳтиёждан келиб чиқиб ҳам масжидимиз шароитларини яхшилаб, жоме масжид қилиш ҳаракатидамиз. Бир ҳафталар ичида таъмирлаш ишларини ниҳоясига етказиб очилиш маросимини ҳам устозлар ва халқ иштирокида ташкил қилиш ниятимиз бор”, дейди Зоиржон ота Ҳакимов.

Нурбек Ғофуров,

Azon.uz мухбири.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул сафари таассуротлари: “Супемаркет устидаги масжид...”

2284 17:59 20.11.2021

«Усмон ибн Мазъун» жоме масжиди

1243 21:35 28.09.2021

Вилоятдаги энг катта масжид қурилмоқда

2413 11:15 29.11.2020
« Орқага