Қайғурманг! Аллоҳ сиз учун ихтиёр қилган нарсани сиз ҳам ихтиёр қилинг!

21:05 12.07.2019 436

Аллоҳ таоло сизни тик туришга қодир қилган экан, туринг. Ўтиришга қодир қилдими, бас, ўтиринг. Муҳтожлигингизда сабр қилинг. Фаровонлигингизда шукр қилинг. Бу амаллар Аллоҳни Раббим, Исломни диним, Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) расулим деб эътиқод қилган кишилар учун лозимдир.

 Шеър:

Ҳадеб қилаверма ҳар турли тадбир,
Қанча тадбиркорлар ўтди бирма-бир.
Аллоҳнинг ҳукмига рози бўл мудом,
У Зот ўзингдан ҳам яқинроқ ахир.

Қайғурманг! Одамларнинг ишларини тафтиш қилманг!

Одамлар сизга зарар ҳам, фойда ҳам, ҳаёт ҳам, ўлим ҳам, қайта тирилиш ҳам, савоб ва жазо ҳам беришга қодир эмаслар.

Шеър:

Доим бошқаларни пойлаб яшаган
Бир умр ғам чекиб ўтиб кетади.
Мард эрур ҳамиша хотиржам бўлган,
Мақсадига тезу осон етади.

Шеър:

Ўзгаларни тафтиш қилмоқ не ҳожат?
Қатъият етказар ютуққа албат.

Шеър:

Ниҳоят, қанчалар бўлса-да узун,
Бизни нурли тонгга элтар қаро тун.
 Инсон чиқар бир кун ёруғликлара,
Мусибатга бардош қилгани учун.

Иброҳим ибн Адҳам айтади: “Биз жуда тўкин-сочин ҳаётда яшаяпмиз, агар биздаги бу шароитларни ўтган подшоҳлар кўрсалар эди, албатта, биз билан талашган бўлар эдилар”.

Ҳакимлар айтадилар: “Гоҳида инсон қалбида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони зикр қилиш, У Зот билан ҳамроҳ бўлишдан суюнган ҳолда куйлаб-рақс тушиш ҳолатлари содир бўлади”.

…Сўнгра улар (билан мўминлар) ўртасида дарвозали бир девор урилади, унинг ичида раҳмат (жаннат), ташқарисида эса азоб (дўзах) бўлур” (Ҳадид сураси, 13-оят).

Донишмандлар дерлар: “Аллоҳ таолони йўқотган кимса яна нимани ҳам топиши мумкин?! У Зотни топган кимса эса яна нимани йўқотиши мумкин?! Бу икки иш ҳеч қачон баробар бўлмас! Ким Аллоҳни топса, барча нарсани топибди. Ким Аллоҳ азза ва жаллани йўқотса, барча нарсани йўқотибди”.

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!