Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Қайнонамга инсоф берсин...»

1009

Маълумки, жума намозига йиғилган жамоатнинг дуосини олиш илинжида айрим намозхонлар ўз ўтинчларини бир парча қоғозда баён этиб, имомга узатишади. Бунда кимдир масжид қавмидан яқин кишисининг дардига шифо сўраб Аллоҳга илтижо қилишни, бошқа биров янги бошлаган ишига ривож ёки ўқишга кираётган фарзандига омад тилаб беришини илтимос қилади ва ҳоказо. Вақт бўлса, имом бундай илтимосларни бирма-бир ўқиб, Аллоҳдан ушбу бандаларига нажот сўраб, дуога қўл очади.

Жума намозларидан бирида узатилган бундай илтимослардан бирини жамоатга ўқиб эшиттираётган имомнинг ўзи ҳам кўпчиликка жўр бўлиб, бехос: «Астағфируллоҳ» - деб юборди. 
«Хотинимни севаман, у билан бир умр яшашни, оилавий ҳаётимиз бахтли кечишини истайман. Бироқ қайнонам бизга кун бермаяпти. Илтимос домла, жамоатнинг дуосини сўраб беринг – Аллоҳ қайнонамга инсоф берсин».

Ёш оиланинг мустаҳкамлиги ҳақида гап кетганда, унинг ҳаёт йўлига тўғаноқ бўлган, ниҳоятда жиддий, «қайнона» дея ном олган муаммо, кузатишимча, жума намозларида тез-тез тилга олиб борилади ва намозхонларнинг кўз ўнгида қайноналик мавқеига эришган айрим аёллар ҳар хил, баъзан ниҳоятда хунук қиёфаларда гавдаланади.

Қуйида жума намозларидан бирида жамоатга сўзлаб берилган ўша мисоллардан бирини келтириб ўтмоқчиман.

Маҳалла қўмитасининг яраштириш комиссияси фаолиятида бевосита иштирок этаётган имом кунлардан бир кун ёш келинчакдан нима учун эри билан ажрашишга қарор қилганининг сабабини сўрабди. Ёш қиз ҳўнграб йиғлаганча, эрини жуда яхши кўришини, лекин уни ҳар қадамда камситиб, хизматкор чўридай кўрадиган қайнонасининг зулмидан ниҳоятда чарчагани, пичоқ суякка тақалиб, охири кўчини кўтарганча уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтибди.

Аниқланишича, бир умр ўз эри ва ўғилларига ҳукмини ўтказиб яшашга одатланган, ҳар қадамда қаҳр-заҳрини сочиб юрадиган, афтидан, келинли эмас, том маънода чўрили бўлишни орзу қилган, ҳали анча ёш, тўрт мучаси бутун қайнонанинг соғлом ақлга сиғмайдиган ғайриоддий талаб-истаклари ҳаддан ортиқ кўп экан.

Шундай одамлар бўладики, улар ўлгандан сўнгина, бошқа одамларнинг елкасига офтоб тегиб, ҳаёти бахтли тус олади. Ҳеч шубҳа йўқки, ундай одамлар жумласига қайноналарнинг юқорида тилга олинган тоифаси ҳам киради. Мен таниган қайноналардан бири ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Ер бориб етказмасин-у, ўша аёл на эрига, на ўғил-қизларига, на келин ва на куёвига кун берар эди. Ўз онасининг зулмига дош бермаган ўғил хотини-ю қизчаларини ташлаб, Россияга йўл олганча, дом-дараксиз кетди. Камбағал оиладан тушган келин эса кўп қийналди, бошига не-не маломат тошлари ёғилмади, кўп оғир кунларни бошдан кечирди, болаларининг еган нони кўп миннатли бўлди.

Иш нима билан якун топишини фаҳмлаган куёви эса қайнонадан дастлаб оилавий ҳаётига аралашавермай, тинч қўйишини ўтиниб сўради. Бундай илтимослар кор бермагач, қайнотасидан заҳар тилли хотинини йиғиштириб олишини кескин оҳангда талаб қилди. Иккаласини кўп огоҳлантирди-ю, ҳеч бўлмади. Бефаросат аёлнинг қизи ота-онанинг раъйига қарши бора олмади. Охири куёв «қайнона» деб номланадиган бундай балои-азимдан қутилиш мақсадида ажратиб юборишини сўраб, судга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Суд томонидан белгиланган муддат ўтгач, обдон ўйлаб кўриб, фарзандлари тирик етим ўсишини истамаган куёв бошқача йўл тутди. Халқимизда қабул қилинган азалий усулни қўллади: аёлни аёл билан жазолаб, қизини кундошли қилганча, қайнонадан анча узоқлашди... 

Шу тариқа, табиати бадҳазм, тилидан заҳар томадиган, фарзандлари, келини-ю, куёвига кун бермаган, набираларининг нонини яримта қилган қайнонанинг уйидан бахт-саодат, қувонч, файз-барака ариди. Хотинига сўзини ўтказа билмаган жонивор қайнота эса хасталик ва диққатпазликдан озиб-тўзиб кетди.

Орадан кўп йиллар ўтиб, ризқи битган аёл ниҳоят ўлди. Ҳеч қанча вақт ўтмай Россиядан топилиб келган ўғли ўз хотини-ю, фарзандларини йиғиб олганча, тинч-тотув ҳаёт кечира бошлади.

Заҳар тилли аёли ўлган эркакнинг эса этига-эт қўшилиб, юзига табассум югурди, ниҳоят кекса дўстлари даврасига қўшиладиган, кўчада бош кўтариб, сал бемалолроқ юрадиган бўлиб қолди, келини ва куёви билан самимий муносабат ўрнатди. Шайтон унинг хонадонни тарк этиб, ризқ-барака кириб келди.

Қадрли қайноналар, имкон қадар қисқа баён этилган бўлишига қарамай, ушбу ҳикоя қалбингизга оғир ботишини биламан. Лекин тўғри тушунинг, бундай аччиқ сатрларни ёзиш ҳам осон кечмайди. Эркакка итоат қилмаган аёл шайтонга шерик бўлиб, кўриб турганингиздай, қилмишлари раҳмоний кечмайди. Шундай экан, ўзингизни эҳтиёт қилиб, феъл-атворингизни идора этиб, охиратингизни обод қилишга, хунукдан хунук қилиқлардан йироқ бўлишга, жума намозларида, маҳалла қўмитасининг йиғилишларида хунук қилиқларингиз муҳокама қилиниб, эл олдида шармандали ҳолатга тушмасликка урининг.

Келин, куёвли эркаклар эса «қайнона» дея ном олган муаммо ечимига, бошқача қилиб айтганда, ўз хотинининг хатти-ҳаракатларига доир хулосани ўзлари чиқариб олишар, деган умиддаман...

 

Шокир Долимов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Солиҳа келиннинг қайнонага муомаласи шундай бўлади

1911 21:00 09.02.2021

Қайнона "иккинчи эр"ми?..

1852 16:09 03.02.2021

Касал келинини кўчага ҳайдаган қайнона...

1412 11:10 03.11.2020

Кабоб егиси келган келин ва жаҳлдор қайнота...

10968 16:00 12.02.2020

Келиннинг ётоғида...

3353 18:00 07.02.2020
« Орқага