14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омбори ўпирилгани тўғрисида тарқалган миш-мишлар туфайли аҳоли орасида ваҳима кўтарилиб, жуда кўпчилик яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққан эди.
Сирдарё вилоят телеканали янгиликлар дастурининг ички ишлар бошқармасига таяниб хабар беришича, Қайроққум сув омбори ўпирилгани тўғрисида нотўғри маълумот тарқатганлар қўлга олинган.
Улардан бири шу хабарни эшитиши билан аёлига зудлик билан акасиникига бориб туришни, ўзи ҳам тез орада етиб боришини тайинлайди. Кейинчалик Тожикистонда яшовчи тоғасидан бу хабар нотўғрилигини эшитади, аммо бунга қадар ҳамма жойда ваҳима тарқалишга улгургани, қилган ишидан афсусдалигини билдиради.
Оқолтинлик блогер эса “Ютуб” ва “Телеграм” тармоқларидаги ўз саҳифаларида “Қайроққум сув омбори уриб [ўпирилиб] кетди, тезкор тарқатинг” сарлавҳали маълумот жойлаган. “Кўпроқ одамларга хабар бериш мақсадида ўзим тасвирга олган видеони “Ютуб”га жойладим. Кейин қарасам, ички ишлар ходимлари овоз кучайтиргичлар орқали аҳолини тинчлантириб юрган экан. Дарҳол кирсам, жойлаган лавҳам “просмотр” йиғишга улгурган экан. Яъни бу лавҳам одамлар кўнглига ғулғула солиши мумкин. Блогерларга маслаҳатим, бирор хабарни тарқатишдан олдин яхшилаб текширинг”, – дейди у.
Яна бир эркак эса ўзи яшовчи подъезддаги қўшнилари эшикларини тақиллатиб чиққани, бу орқали уларга тезроқ хабар беришни истаганини, қилган ишидан афсусдалигини билдиради.