Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ўтказилган назорат тадбирларида 129 миллиард сўм атрофида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатлар аниқлагани танқид қилинди.
Бу борада энг катта кўрсаткич Халқ таълими вазирлиги (389 та ҳолатда 40,7 миллиард сўм), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (345 тада 22 миллиард сўм) ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги (159 тада 10,7 миллиард сўм) тизимида қайд этилган.
“Камчиликларни таҳлил қилиш асносида мутасадди вазирлик ва идораларнинг эътибори уларни бартараф этишга қаратилди. Масаланинг ечимига оид бир қатор таклифлар ўртага ташланди”, – дея маълум қилди Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Спикерининг ўринбосари Актам Ҳаитов. Унинг таъкидлашича, бюджетдан ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиш ва унинг натижадорлигини таъминлаш борасидаги маълумотларни халққа очиқ-ошкора, шаффоф етказиш давлат идоралари олдидаги асосий вазифалардан бирига айланиши керак.