Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қаззофийдан кейин: Ливияда бугун нималар бўляпти?

2408

“Биз бутун дунёга Қаззофий инқилоб қўли билан ағдарилганини эълон қиляпмиз. Ливиядаги зулм ва диктатурага барҳам берилди”

Ўтиш даври миллий кенгашининг юқори мартабали вакили Абдулҳофиз Гога 2011 йил 20 октябрда ана шу сўзлар билан Ливияда Муаммар Қаззофий ҳукмронлиги якунига етганини эълон қилган эди.

Аввалроқ, февраль ойида қўшни Тунисдаги воқеалардан илҳомланган ливияликлар 1969 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Қаззофийга қарши исён кўтарди. 2011 йил март ойида БМТ Ливиядаги халқаро кучларнинг ҳарбий операциясини маъқуллади, унинг мақсади биринчи навбатда тинч аҳолини ҳимоя қилиш эканлиги айтилди. НАТО қўшинларининг Қаззофийга содиқ кучлар билан кураши кейинчалик Қаззофий позициясини анча заифлаштирди.

Президент қочиб кетди ва Ливия шимолида, пойтахт Триполидан 450 километр узоқликдаги Сирт шаҳрида яширинди. Қўзғолончилар қуршовида бўлган давлат раҳбари канализация қувури орқали қочишга ҳаракат қилди, лекин қўлга олинди ҳамда дарҳол ва шафқатсизларча қатл қилинди.

Қаззофийни ағдариш сабаблари

Германиянинг Гамбург шаҳрида жойлашган Яқин Шарқ тадқиқотлари институтининг Ливия бўйича мутахассиси Хагер Алининг айтишича, Ливия аҳолисининг Қаззофий сиёсатидан норозилигининг асосий сабаблари биринчи навбатда ижтимоий ва иқтисодий вазият билан боғлиқ эди. Биринчидан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи баланд ва ёшлар орасида ишсизлик даражаси ҳаддан ташқари юқори бўлган.

Шунингдек, ливияликлар инсон ҳуқуқлари бузилишлари, жумладан, Триполида жойлашган Абу Салим қамоқхонасидаги қирғин текширилишини истаган. Бу қамоқхонада 1996 йилда юз берган қирғинда 1200 дан 1700 гача киши ўлгани айтилади.

Қаззофий ағдарилганидан кейин умидлар катта эди. Бироқ ўша пайтда БМТ Бош котиби бўлган Пан Ги Мун ҳам “Ливия ва унинг аҳолиси учун очилган йўл тиканли ва қийинчиликларга тўла бўлади”, дея огоҳлантирган. У ливияликлар бирдам бўлиши ва ўзаро муроса қилиши кераклигини уқтирган эди. 

Ливиядаги фуқаролар уруши

Бироқ муроса ҳақидаги умидлар пучга чиқди: 2014 йилда мамлакатда фуқаролар уруши бошланди. Хагер Алига кўра, унинг сабаблари асосан Қаззофий яратган ҳокимият аппарати билан боғлиқ эди. 

“Ливия диктатори исёндан қўрқарди, шунинг учун юқори мартабали ҳарбий хизматчиларни ўзига боғлашга ҳаракат қилди, уларнинг оила аъзоларини катта лавозимларга тайинлади, – дейди Али. – У ўз ҳимояси учун чет эллик ёлланма аскарлардан фойдаланди, пастроқ мартабали ҳарбийларни ҳокимиятдан узоқроқ тутишга уринди. Бундай шароитда алоҳида гуруҳлар ўртасида рақобат бошланди ва бу ҳолат Қаззофий вафотидан кейин ҳам давом этди”.

Қаззофийни ағдариш учун – муштарак истак атрофида тузилган иттифоқлар кейинчалик парчаланиб кетди. Ҳатто бир нечта сайловнинг ўтказилиши ҳам Ливиядаги турли гуруҳлар ўртасидаги зиддиятларни ҳал қилишга ёрдам бермади. “Бунинг сабаби шундаки, мамлакатда сиёсий мулоқотни ташкил эта оладиган фуқаролик жамияти йўқ эди”, – дейди Хагер Али.

Парокандалик

Натижада Ливия парокандаликка учради: давлат парчаланиб кетди. Тез орада мамлакатда иккита ҳукумат пайдо бўлди – бири Триполида, иккинчиси шарқдаги Тобрук шаҳрида.

Бу орада ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ёки илгари суришга уринган ҳолда Ливиядаги фуқаролар урушига хорижий давлатлар, жумладан, Россия, Туркия, Миср ва Бирлашган Араб Амирликлари аралашди.

Туркия Триполидаги ҳукумат билан музокаралар олиб борган ва келишувлар тузган бўлса, ўз навбатида Россия, Миср ва БАА Ливия миллий армияси бош қўмондони, фельдмаршал Халифа Хафтар билан боғлиқ Тобрукдаги муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлади. Россия Хафтарнинг тимсолида минтақадаги манфаатларини ҳимоя қилиш учун потенциал иттифоқдошини кўрди. Дарҳақиқат, қўмондон ҳарбий ёрдам эвазига Москвага Ливиянинг энергия бозорига, Тобрук ва Дерна нефт портларига киришни ваъда қилди.

Ўтган вақт мобайнида Ливия можаросини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича кўплаб ташаббуслар кўтарилди. Бир неча БМТ махсус вакиллари урушаётган томонларни музокара столи атрофида йиғишга ҳаракат қилди. Ниҳоят бу 2020 ва 2021 йилларда Берлинда ўтказилган Ливия бўйича иккита конференция туфайли амалга ошди.

2021 йил февраль ойида томонлар Абдул Ҳамид Дбайбани вақтинчалик бош вазир сифатида тан олишга келишиб олди. Унинг бошчилигида 2021 йил декабрда Ливияда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилиши керак эди, лекин овоз бериш бир ойга кечиктирилди.

Ливиянинг ҳал қилинмаган муаммолари

Ливия бўйича эксперт Хагер Али таъкидлаганидек, бугунги кунда мамлакатда ҳал қилинмаган муаммолар кўп. Энг муҳимларидан бири – армияни ким бошқараётгани ҳақида аниқ маълумотнинг йўқлиги. “Бошқа томондан, Ливияда сайлов натижаларини тан олишдан бош тортиши мумкин бўлган бир нечта қуролли гуруҳлар бор, – дейди Али. – Бундай шароитда ҳокимият алмашиши жуда хавфли жараён”.

Сиёсий барқарорлик ва ташқи кучлардан мустақиллик ҳатто Муаммар Қаззофий вафотидан ўн йил ўтиб ҳам Ливия учун орзу бўлиб қолмоқда...

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади. 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Дунёда эҳтиёжмандлар сони ортяпти – БМТ

225 11:05 03.12.2021

“Афғонистон иқтисодиёти ташқи ёрдамсиз шокка тушиб қолади”

362 11:15 02.12.2021

Эрон АҚШнинг Исроил ядровий дастурини қўллаб-қувватлаётганини танқид қилди

468 19:00 01.12.2021

Тарихда бугун: Фаластиннинг бўлинишига сабаб бўлган резолюция қабул қилинган

1022 21:05 29.11.2021

Абдулазиз Комилов БМТ махсус маърузачиси билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

330 19:05 29.11.2021

Гутерриш: “Фаластин ҳудудларининг босиб олингани халқаро хавфсизликка таҳдиддир”

375 10:14 29.11.2021
« Орқага