Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Қимматбаҳо тошлари бўлган тақинчоқларнинг ҳукми

1112

Аёлларнинг  тақинчоқларида дур, маржон, ақиқ, ёқут, олмос ва шу каби қимматбаҳо тошлар бўлиши уламолар иттифоқига кўра, мубоҳ ҳисобланади.[1]

Аллоҳ таоло дейди:

“Икки денгиз тенг бўлмас - буниси ширин-тотли ва ютумли, униси эса шўр-нордондир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридан янги гўшт (балиқ) ейсизлар ва тақадиган зеб-зийнат чиқариб олурсизлар. (Аллоҳнинг) фазлидан (ризқидан) исташларингиз учун (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасизлар. Шояд шукр қилсангизлар” (Фотир, 12).

“Айтинг: «Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» Айтинг: «У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)». Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз” (Аъроф, 32).

Бу оятларда Аллоҳ таоло қуруқлик ва сувдан чиқарган ҳар қандай жавоҳирлардан тақинчоқ қилиб олишнинг мубоҳ эканлиги маълум бўлади. Бу ҳар қандай зийнатни ифода этади.[2]

Темир, мис ва қўрғошиндан ясалган тақинчоқлар тақишнинг ҳукми

Жумҳур уламолари темир, мис ва қўрғошин каби нарсалардан узук ясаб тақишни макруҳ санаганлар.[3] Чунки, мазкур маъданларнинг ёқимсиз ҳиди ва терига зарарлари бўлиб, дўзах аҳлининг тақинчоғи ҳисобланади. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу нарсалар турли аллергик касалликларни ҳам келтириб чиқаради.[4]

Оятлар зарб қилинган тилла ва кумуш кулонлар тақиш ҳукми

Аёлларнинг одатларидан бири – бу оятул Курсий, Муаввазатайн ёки шу каби суралар ёзилган олтин-кумуш кулонлар тақиб олишдир.

Барчамиз биламизки, шубҳасиз, Қуръони карим  ва ундаги оятлар шариат ҳукмлари ва одобини ўз ичига қамраб олади. Ушбу  оятларда мусулмон киши ҳаёти, дунё ва охират саодати белгилаб қўйилган. У Аллоҳнинг каломи, оятларнинг шаъни улуғдир.  Шундай экан, мусулмон киши учун бундай нарсаларни тақиш ёки тақишга рухсат этиш мутлақо лойиқ иш эмас.  Чунки, бу ишда Аллоҳ таолонинг каломини  ерга уриш бор. Саудия Арабистони савдо вазирлиги Аллоҳнинг каломини оёқости бўлишига йўл қўймаслик мақсадида бу каби тақинчоқлар сотиш таъқиқлаган.

Бундан ташқари, бу каби зикрлар ёзилган кулонлар билан ҳаммом ва бошқа жойларга кириб кетиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Бу эса яна ҳам ёмонроқ хорлаш ҳисобланади.

 

Зебуннисо Қутбиддин қизи


[1]  Ibn Obidin “Hosshiya” 6/422.  Ibn Qudoma “Al-mug’niy” 3/15

[2] Sobuniy “Sofvatut-tafosir” 2/568, Roziy “Tafsirul kabir” 10/26

[3] Kosoniy “Badoeus-sanoi’” 5/132. Dirdir “Sharhus sag’ir” 1/25. Navaviy  “Majmu’” 4/465

[4] Hijoziy “Mavsuatil utur” 229 bet

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистон поездларида энди аёллар учун алоҳида вагонлар бўлади

423 13:07 13.10.2021

Кувайт: аёлларга армияда хизмат қилишга рухсат берилди

265 08:30 13.10.2021

Немис мусулмон аёллари иш жойида ҳижоб кийиш ҳуқуқи учун курашади

712 09:29 26.09.2021

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Қизларни албатта ўқитиш шарт, улар ҳам Аллоҳнинг бандаси!»

1232 12:55 25.09.2021

“Толибон” Хотин-қизлар ишлари бўйича вазирлик тугатилганини изоҳлади

1741 08:25 20.09.2021

Раҳбар аёллар иштирокидаги халқаро саммит Ўзбекистонда ўтказилади

718 22:35 07.09.2021
« Орқага