Қимор аҳкомлари

14:00 14.05.2019 708

Қимор - ютиш ва ютқазиш ўртасида қоладиган ўйиндир. Унинг ёмонлиги бировларнинг ҳаққи норози бўлган ҳолда бошқаларга ўтиб кетишида. 

Уламолар қиморнинг ҳамма тури ҳаром эканига иттифоқ қилишган. Аллоҳ таоло айтади:
"Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз" ("Моида" сураси, 90-оят).

Қиморнинг ҳаром бўлиши ҳикматини Аллоҳ қуйидагича баён қилади: 
"Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!" (Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади).

Қиморбоз топган маблағ ҳаром ва ифлос киримдир. Ҳаромдан мол топган киши тезроқ уни зиммасидан соқит қилиши керак. Бу ё молни эгасига қайтариш билан ёки у топилмаса, камбағалга бериш билан бўлади. 

Жумҳур фуқаҳо ҳукмига кўра қиморбоз-яширмай гуноҳ қилувчи фосиқларга салом бериш макруҳдир. 

Қимор ўйнаш гуноҳи кабира бўлгани учун қиморбознинг шаҳодати қабул қилинмайди. Гарчи бир марта ўйнаган бўлса ҳам. 

Раҳбарлар гуноҳ ишларни ман этиши лозим, жумладан қиморни ҳам. Қиморбоз экани исботланганларни албатта жазолаши керак. 

Нашрга тайёрланаётган "Катта фиқҳ энциклопедияси"дан қисқартириб олинди.

 

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!