Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қирғин, қочқинлар, саросима: Ҳабашистонда нималар бўляпти?

1180

Ҳабашистон, яъни Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али ҳукумат кучлари Тиграй вилоятида ҳарбий операцияни ниҳоясига етказганини ва вилоят маркази Мэкэле шаҳрини тўлиқ назоратга олганини маълум қилди. Ҳарбий ҳаракатлар ноябрнинг бошидан бери давом этиб келаётган эди. 

“Федерал полиция Тиграй озодлик халқ фронти аъзоларини ушлаш билан банд бўлаётган бир пайтда биз эътиборимизни минтақани қайта тиклашга ва гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратамиз”, – дея ёзди бош вазир Твиттердаги саҳифасида. 

Ҳукумат кучлари ва Тиграй озодлик халқ фронти ўртасида келиб чиққан тўқнашувлар оқибатида минглаб одам ҳалок бўлди ёки қочқинга айланди. БМТ кенг кўламни гуманитар инқироздан огоҳлантирди. 

Эритрея билан кўп йиллик низога барҳам бера олгани учун 2019 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотини олган Абий Аҳмад Али халқаро ҳамжамиятнинг айирмачилар билан музокара ўтказиш ҳақидаги чақириқларига қулоқ солмади. Тиграй озодлик халқ фронти эса ғалабага эришмагунча кураш олиб боришини айтмоқда. Исёнчилар етакчиси Дебрецион Геберемайкл “Рейтер” агентлигига йўллаган номасида “тиграйликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи” ҳимоя қилинишини ва “босқинчиларга қарши кураш” давом этишини таъкидлади. 

Ҳукумат кучлари ҳудудга кириб борар экан, юзлаб одам ҳалок бўлган ва ўн минглаб аҳоли қочқинга айланган. Аниқ рақамларни келтириш мушкул, чунки ҳудудда телефон алоқаси ва интернет узиб қўйилган. 

Жума куни Африка Иттифоқи элчиларини қабул қилган Абий Аҳмад Али Тиграйда тинч фуқаролар ҳимоя қилинишини айтди. Бироқ учрашувда ҳарбий ҳаракатларга якун ясаш учун музокаралар ўтказиш масаласи кўтарилмади, элчиларга эса Тиграйга боришга рухсат берилмади. 

Тиграй озодлик халқ фронти бу маҳаллий исёнчилардан иборат қуролли гуруҳ бўлиб, сафида тахминан 250 минг киши борлиги айтилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, энди гуруҳ партизан урушига ўтади ва ҳукумат кучлари ҳужумларни давом эттиради. Яъни ҳукумат ҳудудда назорат ўрнатганини айтаётган бўлса-да, ҳали-бери тинчлик бўлмайди.  

Эфиопия ҳукумати тайинлаган Инсон ҳуқуқлари комиссияси Тиграйдаги жангариларни 9 ноябрь куни Май-Кадер шаҳрида 600 дан зиёд одамни қиришда айблади. Қурбонларнинг аксари совуқ қурол билан ўлдирилган, айримлари тириклайин ёқиб юборилган. Тиграй озодлик халқ фронти эса қотилликларга алоқаси йўқлигини айтяпти ва мустақил халқаро текширув ўтказилишини талаб қиляпти. 

Эфиопиянинг шимолида жойлашган Тиграй Эритрея ва Судан билан қўшни бўлиб, олти миллионлик аҳолисининг 95 фоизини тиграй элатига мансублар ташкил этади. Тиграйлар узоқ вақт Эфиопия армиясидаги муҳим лавозимларни эгаллаб келган. 

Жорий йилнинг 9 сентябрида Эфиопияда парламент сайлови ва маҳаллий бошқарув органларига сайлов бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ ҳукумат коронавирус пандемияси туфайли сайловларни 2021 йилга қолдирди. 

Тиграй раҳбарияти эса барибир сайловни ўтказди ва маҳаллий парламентдаги ўринларнинг аксарини Тиграй озодлик халқ фронти вакиллари эгаллагани эълон қилинди. Марказий ҳукумат бу сайловни тан олмади, Тиграй раҳбарияти эса марказга бўйсунишни истамади. 

Ноябрнинг бошида Абий Аҳмад Али айирмачиларни қурол-яроғни қўлга киритиш мақсадида федерал армия базасига ҳужум қилишда айблаб, қуролли кучларга Тиграйга ҳужум бошлашга кўрсатма берди. 4 ноябрь куни Тиграй озодлик халқ фронти террорчи ташкилот деб эълон қилинди ва прокуратура унинг етакчиларини қамоққа олишга ордер берди. 

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шошилинг, янги ҳафта мусобақалари бошланди!

41 08:35 25.01.2021

Франция: мусулмонларга қарши қаратилган қонун маъқулланди

282 08:27 25.01.2021

Ҳадис илми: Ровий ўз ривоятига хилоф амал қилганда амали олиниши

147 22:00 24.01.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (4-қисм)

309 21:30 24.01.2021

Етимнинг шафоати

735 21:00 24.01.2021

Муовия ибн Аби Суфён билан

465 20:35 24.01.2021
« Орқага