Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Қирғиз демократиясининг отаси» нега ватанига қайтди?

1694

Собиқ президентлари ё қамаладиган, ё қочиб кетадиган Қирғизистонда кутилмаган воқеа рўй берди: 2 август куни республиканинг собиқ раҳбари, 2005 йилги инқилобдан кейин Россияга кетиб қолган Асқар Акаев тўсатдан ватанига қайтиб келди.

Бишкекда у аввал махфий хизмат вакиллари томонидан сўроққа тутилган, сўнг президент Садир Жапаров томонидан шахсан қабул қилинган. Расмийлар жаноб Акаев уларга Канаданинг Centerra Gold Inc. компанияси билан Қумтор олтин кони мождароларида ёрдам беришига умид қилмоқда. Шу билан бирга, Акаевнинг келиши собиқ раҳбарларни таъқиб қилиш йўлга қўйилган мамлакат имиджини яхшилаши мумкин.

Қирғизистонда бу янгилик сенсацияга айланди. Бу республикадан ташқарида ҳам муҳокама қилинди: постсовет ҳудудида ҳеч бир собиқ президент ўз мамлакатига ихтиёрий ёки мажбуран қайтмаган.

1990 йилдан бери Қирғизистонни бошқарган Асқар Акаев 16 йил олдин “лолалар инқилоби” пайтида уни тарк этган эди. Кейин унинг ўрнига Қурманбек Бакиев келди, у ҳам ағдарилди ва қочиб кетди, лекин Россияда эмас, балки Белоруссияга жойлашиб олди.

Асқар Акаев юртидан кетган вақтдан бошлаб Москвада яшаган ва ҳеч қачон ўз ватанига келмаган. Қирғизистон расмийларининг уни Россиядан экстрадиция қилишга бўлган барча уринишлари муваффақиятсиз тугаган эди. Аммо ҳозир, жаноб Акаев келганидан сўнг, Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасида “Акаевни жиноий жавобгарликка тортиш ва тарихий адолатни тиклаш бўйича фаол иш олиб борилаётгани тўғрисида” хабар берилган. Бироқ президент Садир Жапапров томонидан Акаевнинг шахсан қабул қилиниши бунинг аксини кўрсатади.

Олтин васвасаси

Асқар Акаев ҳақиқатан ҳам аэропортдан тўғридан-тўғри Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси биносига олиб кетилган ва кечгача ўша ерда бўлган. Бироқ, бу мажбуран олиб боришга ҳам, экстрадицияга ўхшамайди. Ҳеч ким собиқ президентга соқчилик қилмаган, унинг ўзи кейинроқ журналистлар билан гаплашганида тергов билан келишув бўлгани учун мамлакатга келганини айтган.

Асқар Акаев келишув ҳақида айтмаган бўлса-да, гап 1992 йилда Қумтор олтин конини қазиш ҳуқуқи канадаликларга берилиши борасида бўлгани аниқ.

«Мен уйга келиш имконияти учун республика раҳбарияти Садир Жапаровдан миннатдорман. Мен ҳамкорлик қилиш ва ёрдам бериш учун келдим. Биласизми, менда Қумтор бўйича шикоятларим бор. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида мени самимий қабул қилишди... Бугун биринчи сўроқ бўлди. Тергов давом этади. Бошқа нарса айтолмайман”, деб Акаев ўз ташрифини изоҳлаган.

Жорий йилнинг баҳорда Қирғизистон ҳукумати Қумторни миллийлаштириш жараёнини бошлади. Кон Centerra Gold Inc. компанияси томонидан қазилаётган эди. Май ойида Кумтор Голд компаниясига ташқи менежер – президент Жапаровнинг маслаҳатчиси Тенгиз Болтурук тайинланди. Бу ҳаракатлар Қирғизистон ҳукумати ўртасида нафақат Centerra Gold Inc. билан, балки Канада давлати билан ҳам кескин зиддиятга олиб келди. Компания қирғиз расмийларини конни тортиб олишда айблаган. 

Можарога параллел равишда, Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари "Қумтор" лойиҳасини амалга ошириш жараёнида коррупция бўйича жиноят ишларини очган. Уларнинг айбланувчилари бир вақтнинг ўзида уч собиқ президент - Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаевлар бўлди.

Канаданинг Cameco компанияси 1992 йилда Асқар Акаев президентлик пайтида Қумторга кирган эди. Кейинчалик, унинг даврида шартнома бир неча бор ўзгартирилган. Ҳукуматнинг лойиҳадаги улуши камая бошлаган. Centerra Gold Inc. халқаро судларда ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун Қирғизистон раҳбарияти ва мамлакатнинг биринчи президентини судга олиб келишга қарор қилгани ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

Қирғизистон собиқ бош вазири, жаноб Акаев президентлиги даврида юқори лавозимларда ишлаган, кейинчалик унинг ҳукмига биноан қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 2005 йилда “Лолалар инқилоби”да фаол қатнашган Феликс Кулов, собиқ президент, жиноий жавобгарликка тортилмайди, деб ҳисоблайди. «Уни айблаш мумкин эмас: эски қонунга кўра, коррупция ишларининг даъво муддати 15 йил. Янги қонун бўйича даъво муддати йўқ, лекин қонун орқага қайтиш кучига эга эмас ва уни судга тортишнинг иложи йўқ. Тергов бўлиши мумкин, лекин қамоқ жазоси бўлмайди”, деган жаноб Кулов.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев "Портрет учун чизгилар" ҳужжатли филми учун берган интервюсида иккала президентга ҳам қочишга қандай ёрдам берганини эслаган. "Мен уни (Асқар Акаев) Бишкекдан Тарозга вертолётда олиб кетишим керак эди. Вазият қийин эди, у ерда улар (Акаевнинг рақиблари) ўққа тутишлари мумкин эди, лекин ҳеч қандай қарама-қаршилик бўлмаслиги учун мен уни олиб чиқиб кетдим ”, деган жаноб Назарбоев 2005 йил воқеалари ҳақида.

Қурманбек Бакиевни эса Нурсултон Назарбоевнинг сўзларига кўра, аввалига уни қурол кучи билан ҳокимиятни қайтариб олмасликка кўндирган, кейин эса 2010 йилги тўполонлар пайтида Бакиев қочиб кетган Ўш шаҳрига самолёт юборган.
Қирғиз матбуоти ўғли Илим билан Бишкекка учиб келган Асқар Акаев ўз ватанида тўрт-беш кун қолади, кейин Россияга қайтади, деб хабар тарқатган. Бироқ собиқ президентнинг келиши ҳақидаги музокаралар бир ойдан кўпроқ вақт олдин бошланган.

Жаноб Кулов "Коммерсант" нашрига берган интервюсида, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинганидан сўнг, Асқар Акаевни президент Садир Жапаров шахсан қабул қилганини айтди.

Бироқ сиёсатшунос ва Марказий Осиё бўйича мутахассис Аркадий Дубновнинг фикрича, Асқар Акаев Бишкекка ўз фикри билан эмас, балки Жапаровнинг таклифини қабул қилиб, унга берилган хавфсизлик кафолатларига таянган. Унинг фикрича, қочқин президентнинг келиши нафақат Қумтор билан бўлган воқеалар контекстида, балки Қирғизистонда анъанавий равишда рақобатда бўлган шимолий ва жанубий элита мувозанати муҳим аҳамиятга эга.

«Шимолий элиталарнинг норозилиги туфайли мамлакатда кескинлик кучаймоқда. Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси бошлиғи Қамчибек Ташиев – жанублик, президент Жапаров ҳам шимолий деб ҳисобланмайдиган Иссиқкўл вилоятидан. Бу Қирғизистон учун анъанага айланган ўйин – жанубликлар ҳокимиятга келганда шимолликлар ўз ҳақларини талаб қилишни бошлашади. Тангликни юмшатиш учун Жапаровга шимолий элитанинг таниқли вакили сифатида Акаев керак эди”, - дейди Аркадий Дубнов.

Унинг сўзларига кўра, Асқар Акаевнинг келиши "шимолликлар" беҳуда ташвишланаётгани ва "жанубийлар" томонидан ҳокимият монополлаштирилмаганлиги ҳақида сигнал бўлади. Шуниси диққатга сазоворки, икки кун олдин Садир Жапаров тўсатдан фейсбукдаги саҳифасида: "Мен ўз вақтимни таъқибларга эмас, балки бутун қирғиз халқининг ривожланиши ва бирлашишига сарфлашим керак!" – деб ёзган эди.

Асқар Акаевнинг келиши бу ярашув тушунчасига жуда мос келади. Бишкекда яна бир қочқин - Қурманбек Бакиевнинг мамлакатга қайтишини кутиш керакми, деган савол фаол муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан Феликс Кулов 2010 йилда намойишчиларга қарата ўт очилганини эслаган: "Ўшанда 87 киши ҳалок бўлган. Ва бу ҳолатда даъво муддати тугамагани аниқ”.

Шу билан бирга, Акаевнинг қайтиши анчадан бери кутилганига амин. "Укаси ва ўғли вафот этган... Қайтиш тақиқланиши эса асоссиз, ўч олиш мақсади билан тўйинган. Акаевни ватанга қайтишга рухсат бермаслик учун жиддий сабаб йўқ эди. Охир -оқибат, Бакиевдан фарқли ўлароқ, у инқилоб пайтида қонли қирғинга йўл қўймаган эди», - дея хулоса қилади Дубнов.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бишкек афғонистонлик қирғизларнинг хавфсизлиги бўйича “Толибон” билан келишиб олди

317 09:42 15.10.2021

Қирғизистон: президент ҳукуматни истеъфога чиқарди

625 16:53 12.10.2021

Хитой Қирғизистонга қарзларини тўлаши учун муҳлат берди

4724 07:30 06.10.2021

Қирғизистон: “Ислом — тинчлик таянчи” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди

545 18:10 04.10.2021

Қирғизистон кўча чироқларини ўчиришни талаб қиляпти

827 09:13 02.10.2021

Қирғизистон: президент ўз уйини муҳтожларга бериб юборди

1319 20:20 01.10.2021
« Орқага